Image default
Суҳбат

МОҲИР ҚЎЛЛАР ЭГАСИ …

Ҳаётда инсоннинг энг яқин йўлдоши унинг касби ва ҳунаридир. Айтишади-ку, ҳунарли киши хор бўлмайди. Буюк ёзувчилардан бири шундай дейди: «Ҳаётда сиз учун энг севимли бўлган касбни танланг ва сиз бир умр ишга бормайсиз». Агар киши ўзи севган касбда ишлаётган бўлса, ўзини ишга кетяпман, деб ҳисобламайди. «Севган касби билан шуғулланиш кишига завқ, хурсандчилик, шижоат беради’’ — дейди суҳбатдошимиз Умида Усмонова. Қирқ ёшни қаршилаётган моҳир тикувчи Умида опа Усмонова билан суҳбат қурамиз.

– Неча йилдан буён тикувчилик билан шуғулланасиз?
– Йигирма уч йилдан бери тикувчиман. Тўққиз йиллик мактабни битириб, 16 ёшимдан тикиш ишларини бошлаганман ва шу ёшдан бошлаб тикувчилик билан шуғулланиб келаяпман.

– Бу ҳунарни кимдан ўргангансиз?
– Устозим Шаҳидова Муқаддас Миржалиловна. Аввало, устозимга раҳмат айтаман. Муқаддас опадан мингдан минг розиман, улар жудаям меҳнаткаш, самимий аёл. 16 ёшимда уларга шогирдликка тушдим, улар тикувчиликнинг барча сир-саноатини мен билан бўлишдилар. Бир йилдан сўнг ёнларида иш бошладим, уч йил устоз-шогирд ишладик. Касбга меҳрли бўлишни менга улар ўргатди. Кези келганда урушганлар, кези келганда эса, меҳрини ҳам аямаган. Уларнинг шижоатига қойил қоламан, ўқувчиларимга устозимдек меҳр беришга ҳаракат қилиб келяпман.

– Болалигингизда ҳам шу соҳага қизиқиш бўлганми?
– Аниқ эслай олмайман, лекин мактабни битириб, тикувчи бўлишни ният қилган эдим, мана, натижасини ўзингиз кўриб турибсиз. Ҳа, айтиб ўтишим жоиз, бувим чевар бўлганлар, балки бу ҳунарга қизиқиш менга бувимдан ўтгандир.

– Тикувчи бўлмаганда қайси касбни танлаган бўлардингиз?
– Оиламдагиларга юрист, раҳбар бўламан, деб кўп айтардим. Юрист бўлмадим, лекин ҳозир тикувчиликдаги раҳбарлигим ёшлигимдаги орзуимнинг амалга ошганидир. Ўз касбимдан фахрланаман, ҳеч қачон тикувчиман, деб афсусланмаганман, чунки ҳалқимизга керакли инсонлигимни доимо ҳис қиламан.

– Шогирдларингиз борми?
– Юздан ортиқ ўқувчи чиқарганман, ҳозирда саккиз нафар қизни ўқитяпман. Биринчи ишимни кичик бўлса ҳам бир хонали уйда бошлаганман, ҳозирда ательямда ўн беш нафар тикувчим бор.

– Келажакдаги режаларингиз…
– Келгусида моно мактаб очиб, ёш ўқувчи қизларга конструктор-технологиялар бўйича дарс бермоқчиман. Марказда қизлар ўн уч ёшдан бошлаб ўқишлари мумкин. Улар ёзма андоза тайёрлаб бичишни ўрганишади, малакали тикувчи бўлиб чиқишади. Мактабимда олти ойдан бир йилгача таҳсил олишади, битирганларидан сўнг, сертификат ва диплом эгаси бўлишади.

– Сизнингча, яхши тикувчи бўлиш учун неча йил вақт кетади?
– Агар қизнинг ўзида кучли хоҳиш ва қизиқиш бўлса, бир йил кетади, аммо бир умр десам ҳам бўлади, чунки инсон учун билим чексиздир. Қачонки инсон тинмай меҳнат қилсагина унинг роҳатини кўради.
– Мазмунли суҳбат учун раҳмат!

P.S. Cуҳбатдошимиз, моҳир қўллар эгаси Умида Усмонованинг келгуси ишларида зафарлар тилаймиз. Уларга моно мактаблари тезроқ очилишини ва шундай ёшларга ўрнак бўлиш йўлида доимо муваффақият ёр бўлишини тилаб қоламиз.

Суҳбатдош
Хайтгул Намозова,
ЎзДЖТУ 2-босқич талабаси.

МАВЗУГА ОИД

ҲАЁТ ФАЛСАФАСИ ЁҲУД ҚАХРАМОНГА ЧИЗГИЛАР

admin

Ютуқларимга устозим ва ота-онам сабаб

admin

ЁШ АССИСТЕНТНИНГ ИШЛАБ ЧИҚАРАЁТГАН МАҲСУЛОТИ ШАҲРИМИЗ УЧУН ҚАНЧАЛИК ФОЙДАЛИ?

admin

ҲУНАРИДАН УНГАН ЙИГИТ

admin