Қўшнимнинг икки товуғи ҳар куни менинг ҳовлимда бир икки чўқинадида,
«Дон ҳаққи» деб сомонхонамга иккита тухум қўйиб кетишади…
Боласи тушмагурлар пойлаб туришади шу тўлов пайтини…
Қўшнимнинг ўзи бу хақида билмаса керак, бирор марта бу ҳақда сўз очмаган… Хотинимнинг кўп муддатли уринишларидаг сўнг, хеч нима билмагандай, қўшнимга сўз очдим…
— Қўшни, товуқларингиз кўп, шу иккитасини менга сотмайсизми..? Ҳар ҳолда, бола-чақа учун иккита тухум қилса ҳам етадида..
Фақат ўзим танлаб оламан иккитасини..
— Майли, ўзи шундоғам сотиб юбормоқчи эдим,- рози бўлди қўшним..
Товуқхонани бир қур айланиб чиқдимда, аллақачон ўзимизникига айланиб қолган иккита товуқнинг оёғини осмондан қилиб кўтариб чиқдим..
Қўймижоз қўшним иккита товуққа битта товуқни пулини берсам ҳам хурсанд бўлиб қолаверди..
Таажжубки, энди негадир товуқлар тухум қилмай қўйди. Сомонхонани қарайман йўқ.
Хар куни «Қа-ҚаҒҒ»лаб дунёни бузай дейди-ю, тухумлардан дарак йўқ. Катакка қамаб қўйсам ҳам қайсидир бурчакдан чиқиб кетаверишади..
Ахийри жиғибийроним чиқиб, кўчада гул экиб турган қўшнимга илмоқли гап қилдим…
— Товуқниям энг зўрини берган экансизда қўшни. Зўрлигидан олганимга мана бир ҳафта бўлибдики, битта тухумини кўрмадим…
— Ийе шунақа денг. Нима жин урди экан буларни, бинойидай эди, — дўпписини қўлига олди қўшним. — Тухум қиладиганига алиштириб берайми?
— Яна бир-икки кун турсинчи, кейин кўрармиз…
Эртаси кун қўшним кичик саватча тўла тухум билан уйимизга чиқиб қолди…
— Эй, бу эси йўқ товуқларни қаранг, оғилхонадаги хашак орасига тўлдираверишибди-да тухумларни иккови… Қаранг анчагина тўпланиб қолибди. Мана шу тухумлар аниқ шу икковиники, — ҳовли адоғида ер титиб юрган товуқларга имо қилди..
— Энди нима дейсиз буларга.. Туғишаверсин, мен тўплаб сизга олиб чиқавераман…
Шундай қилиб қўшним ҳар икки кунда тўртта тухум олиб чиқадиган бўлди…
Шу тарзда икки ҳафта ўтди…
Кунлардан бир кун хотиним оғзи қулоғида бўлиб уйга кирди…
— Вой дадаси, айтсам ишонмайсиз..!
Томга хашак ташлагани чиққандим.
Бир пайт битта товуқ бурчакдан чиқиб келди.. Кўнглим бир нимани сездида, ҳалиги бурчакни қарасам, войбу ана шунча тухум турибдида. Бу писмиқ товуқлар ўша ерга туғишаётган экан-ку…
Хотиним бир зум ўйланиб қолди:
— Агар бизни товуқлар бу ёққа туғаётган бўлса, қўшнимизнинг хашагини орасига қайси товуқ тухум қўйяпди экан?
Мен ўзим ҳам айни шу саволга жавоб тополмай ҳайрон эдим..
Ўрнимдан турдим-у, қўшнимникига ЙЎЛ ОЛДИМ..
Асли ҳозир чиқиб қолиши керак эди, доим шунақа пайтда олиб чиқарди-да тухумни..
Чиқмасидан олдин кирай деб уйдан чиқдим. Қўшнимнинг ДАРВОЗАСИ катта очиқ, ичкарироқ кириб чақирай деб бир икки қадам босдим ҳам, қўшнимнинг хотинини овози эшитилди…
— Дадаси, қачонгача шунақа қиласиз? Аввалига уйига тухум қўяётганини «БИЛИБ» билмаганликка олдингиз, кейин товуқларни сувтекинга бериб юбордингиз, мана энди уйимиздан болаларингизни ризқини хам ташиб беряпсиз?
— Қўйгин энди хотин. Тўртта тухумсиз оч қолармидик биз… Қўшничилик — минг йилчилик.
Ён қўшни — жон қўшни деган гаплар бор..
Битта қўшни учун тўртта тухумдан кечсак кечибмизда…
Дарвозахонадан кўринмайдиган айвонда ўтирган эр-хотиннинг гапларини ортиқ эшитмадим…
Эшитдим ҳам, лекин англамадим..
Оёқ-қўлим шалвираб уйга қайтиб, ўтирганимга беш дақиқа бўлар-бўлмас кўшнимнинг овози эшитилди.
— Қўшни қаердасиз? ЧИҚИНГ, ОМОНАТИНГИЗНИ олиб чиқдим.
Тамом.