Куйдирги ўткир юқумли касаллик бўлиб, организмнинг оғир заҳарланиши, иситма, септицемия, карбункулалар пайдо бўлиши ва ичак, кўпроқ ўпканинг зарарланиши билан ажралиб туради.
Куйдирги билан барча турдаги қишлоқ хўжалик ҳамда кўпгина ёввойи ҳайвонлар, шунингдек, одам ҳам касалланади. Куйдирги қўзғатувчиси касал ҳайвон организмида капсула ҳосил қилади, ташқи муҳитда эса спорага ўралиб олади. Спора бу микроб турини сақлаш учун хизмат қилади. Уларга кислород эркин кирганида 15-42 ҳароратда спора ҳосил бўлади.
Куйдирги касали билан кўпроқ қорамол, қўй – эчки, от ва туялар касалланади. Инфекция манбаи касал ҳайвонлар бўлиб, организмдан қўзғатувчилар тезак, сийлик, сўлак ва бошқа ажратмалар билан чиқади. Бу касалдан ўлган ҳайвонларни ёриш ман этилади. Ёрилмаган жасадларда куйдирги таёқчаси уч сутка давомида ўлади. Агар ўлик ёрилса куйдирги микроблари кислород ва иссиқлик таъсирида спора ҳосил қилади. Тупроқ ҳамда теварак-атрофдаги нарсаларда узоқ йиллар (30 йилгача) давомида сақланади. Шунингдек, ҳайвонларни агонал (ўлаётган) ҳолатда мажбурий сўйиш ҳам хавфлидир.
Куйдиргидан ўлган ҳайвон жасадини йиртқич ҳайвонлар билан паррандалар олиб кетиши ва турли жойларга тарқатиши мумкин. Куйдиргининг инкубацион (яширин) даври 1-3 кун, касалликнинг иккита шакли септицемия(қон тизими бўйича) ва карбункулёз(шишлар) шакллари фарқ қилади. Кечиши бўйича яшин тезлигида, ўткир ҳамда ярим ўткир шакллари фарқ қилинади.
Ўткир шакли учраганда касалланган ҳайвонда ҳароратнинг 42*C га кўтарилиши, ҳолсизланиш, иштаҳанинг йўқолиши, сигирлар сутининг йўқолиши ёки бирдан камайиши, титроқ, юрак фаолиятининг бузилиши, кўринарли шилимшиқ қаватларнинг кўкариши билан намоён бўлади.
Куйдиргига шубҳа қилинган ҳамда ундан ўлган ҳайвонларни ёриш қатъиян ман этилади. Жасад кўздан кечирилганда қуйидаги белгиларга аҳамият берилади: жасад шишиб кетиши, қотмайди, табиий тешиклардан қонли ажралма чиқиб туради, терида хамирсимон шишлар бўлади. Қон қорамтир бўлиб ивимайди. Олдини олишга куйдиргидан ўлган ҳайвонлар кўмилган жойни топиш, уни ҳисобга олиш ва зарарсизлантириш, илгаридан куйдирги учраб турадиган қишлоқлардаги ҳайвонларни ҳар йили ваксинация қилиш(эмлаш) киради.
шаҳар Ветеринария бўлими.