Жорий йилнинг 29 май кунидан бошлаб, «Ойдин” деҳқон бозори олдида пиёдалар ўтиш ер ости йўлагининг қурилишига старт берилди.
Ер ости тоннели Олмалиқ кон-металлургия комбинати маблағлари эвазига қурилиши белгиланган бўлиб, ушбу қурилиш жараёнига 3,1 млрд сўм маблағ йўналтирилиши режалаштирилган. Йўлак қурилиши «Orion Prom Tex Servis» МЧЖ пудрат ташкилоти томонидан амалга оширилмоқда. Ерости йўлагининг узунлиги 33 метр, эни 4 метр, баландлиги 2,5 метрни ташкил этади. Кириш ва чиқиш қисмига жисмоний имконияти чекланганлар учун пандуслар ўрнатилади. Тоннелнинг лойиҳаси Лойиҳа ишлари бошқармаси томонидан тайёрланган.
МЧЖ пудрат ташкилоти иш юритувчиси Фурқат Норбоевнинг таъкидлашича, объектда биринчи навбатда йўлдаги панжаралар олиниб, қурилиш жараёнига тайёрланади. Ер ости йўлини қуриш учун 4,45 метр чуқурлик қазилиб, ер ишлари бошланди. Ер ости йўлини қуришга 55 кун шартнома қилинган бўлиб, 1 ой давомида эса йўл қатнови тикланади. Ундан кейин ер ости йўлида пардозлаш ишлари давом этади. Ушбу объект муддатидан олдин сифатли қилиб топширилиши режалаштирилган. Қурилиш ишларига 25 нафар қурувчи жалб қилинди. Шунингдек, юк кўтарувчи махсус оғир техникалар, 10 та автосамосвал, экскаватор, юк ортувчи ва бошқа махсус техникалар сафарбар этилган.