Image default
Адлия саҳифаси

ТАРАФЛАРНИНГ КЕЛИШУВИГА КЎРА МЕҲНАТ ШАРТНОМАСИНИ БЕКОР ҚИЛИШНИНГ ЎЗИГА ХОС ЖИҲАТЛАРИ

Меҳнат кодекси 157-моддаси меҳнат шартномасини тарафларнинг келишувига кўра бекор қилиш тартибини белгилайди.

Номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномаси, шунингдек муддатли меҳнат шартномаси исталган вақтда тарафларнинг келишувига кўра бекор қилиниши мумкин. Меҳнат шартномаси мазкур асос бўйича бекор қилинадиган сана ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан белгиланади.
Меҳнат шартномасини тарафларнинг келишувига кўра бекор қилиш меҳнат шартномасига доир қўшимча келишув билан ёзма шаклда расмийлаштирилади, унда меҳнат шартномаси бекор қилинадиган сана, қўшимча келишув тузилган сана ва тарафларнинг реквизитлари кўрсатилиши шарт.
Тарафларнинг реквизитлари МК 107-моддасида белгилаб ўтилган.
МК 157-моддаси бўйича меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги келишувни бекор қилишга, шу асосга кўра меҳнат муносабатларини тугатиш санасини ўзгартиришга ходим ва иш берувчининг келишуви бўйича йўл қўйилади яъни келишувни бекор қилишга ёки меҳнат муносабатларини тугатиш санасини ўзгартиришга бир томонлама йўл қўйилмайди.

Қўшимча келишув қандай расмийлаштирилади?

Тарафларнинг келишувига кўра меҳнат шартномасини бекор қилиш қандай расмийлаштирилади ва бу ҳолда ходим ариза ёзиши шартми деган саволлар юзага келади. Ушбу ҳолатда ходим ариза ёзиши шарт эмас. Агар ходим ариза ёзган тақдирда ҳам, меҳнат шартномасини тарафлар келишувига кўра бекор қилинишини сўраши мақсадга мувофиқ. Акс ҳолда, бундай ҳаракатлар иш берувчи билан меҳнат муносабатлари ходимнинг ташаббусига кўра, яъни МКнинг 160-моддаси бўйича бекор қилинган деб тан олиниши мумкин.
МК 171-моддасига кўра, иш берувчи меҳнат шартномаси бекор қилинган куни ходимга унинг меҳнат дафтарчасини ёхуд электрон меҳнат дафтарчасидан кўчирмани, шунингдек меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқнинг кўчирма нусхасини бериши шарт. Иш берувчи ходимнинг ёзма аризасига кўра унга иш билан боғлиқ ҳужжатларнинг тегишли равишда тасдиқланган кўчирма нусхаларини ҳам бериши шарт.
Агар ходим меҳнат шартномаси бекор қилинган куни ишламаган бўлса, тегишли суммалар ҳисоб-китоб қилиш тўғрисида ходим томонидан талаб қўйилганидан кейин уч кундан кечиктирмай тўланиши керак.

Акром Аралов,
шаҳар Адлия бўлими
Юридик хизмат кўрсатиш маркази бош юристконсульти.

МАВЗУГА ОИД

ПЕНСИЯ МИҚДОРИ ОШИРИЛДИ

admin

МАҲАЛЛАЛАР УЧУН МУҲИМ ЯНГИЛИК

admin

ЁШЛАРНИНГ ҲУҚУҚИЙ БИЛИМ ОЛИШЛАРИ РАҒБАТЛАНТИРИЛАДИ

admin

Томорқа ер эгаларига кредит ажратилади

admin