Яқин яқингача қулоғимизга жиноят содир этган, қамалган ёки хулқи ёмон сифатида тилга тушган аёл ҳақида эшитиб қолсак ажабланар эдик. Яқинлари учун бундай ҳолатлар қаттиқ иснод сифатида қабул қилинарди. Лекин сўнгги йилларда аёллар ўртасида содир бўлаётган жиноятлар, ижтимоий тармоқларда бонг ураётган бир-биридан қўрқинчли, жирканч ҳолатлар кун сайин инсонларда бора-бора оддий ҳолдек тасаввур уйғотмоқда. Энг ачинарлиси, бу ёш авлод тарбиясига масъул бўлган шахс – аёлларнинг ҳаётида содир бўлаётгани аввало жамият, сўнгра ўша оилада камол топаётган фарзандлар келажаги учун салбий оқибатдир.
Бироқ шуни инобатга олиш жоизки, хотин-қизларнинг бундай вазиятга тушиб қолишига сабаб бўлган вазиятларни ўрганиш, уларга холисона баҳо бериш ҳамда бу борада изчил ислоҳотлар олиб бориш бугунги куннинг асосий вазифаларидан бири бўлиб турибди.
Биргина Тошкент вилояти миқёсида оладиган бўлсак ишсиз, ёрдамга муҳтож, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган, жиноят содир этишга мойил ва ички ишлар органлари, соғлиқни сақлаш ҳамда бошқа идоралар ҳисобида турган 17 та тоифадаги жами 6898 нафар хотин-қизларнинг манзилли рўйхатлари шакллантирилган.
Хусусан, Олмалиқ шаҳри ҳудудида 2023 йил 5 ой давомида аёллар томонидан 39 та жиноят содир этилган бўлиб, бу ўтган йил (2022 йил 25 та) ҳисобига қараганда ошган. Бунга сабаб эса оилавий ажримларнинг кўплиги, носоғлом оилавий муҳит, аксарият хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқий билимнинг етишмаслиги, ишсизлик, моддий етишмовчилик шунингдек, хотин-қизларнинг қаноатсизлиги десак ҳам бўлади. Муаммоларнинг сабаби билан эмас, илдизи билан курашиш мақсадида хотин-қизлар ўртасида жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш, оилалардаги муаммоларни ўрганиб, шу асосда уларга амалий ёрдам кўрсатиш бўйича ИИБ, Хотин-қизлар қўмитаси, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази, маҳалла ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилган. Ҳамкорлик натижасида жорий йил якунига қадар шаҳарда хотин-қизларнинг ижтимоий муаммоларини ҳал қилиш, уларни иш билан таъминлаш, жиноят содир этмаслиги учун зарур чораларни кўриб, белгиланган вазифалар асосида хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг турли соҳа ва тармоқларда ўз қобилияти ва имкониятларини рўёбга чиқариш, бу борада уларга амалий ёрдам кўрсатиш мақсад қилиб қўйилган.
Шунингдек, ишчи гуруҳлар томонидан тегишли тоифалар асосида рўйхатлари шакллантирилган хотин-қизларнинг қатъий ҳисобини юритиш мақсадида “картотека” жорий қилинган бўлиб, улар билан профилактик тадбирларни олиб боришда иш самарадорлигини ошириш мақсадида 17 та тоифа хотин-қизларга шаҳар ИИБнинг соҳавий хизматлари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳамда жамоатчилик тузилмалари мутасадди ходимлари бириктирилди. Ҳозирда ушбу тадбирга жалб қилинган масъул ходимлар томонидан шакллантирилган рўйхат асосида муаммоли хотин-қизларнинг ҳар бирининг яшаш уйига борилиб, улар билан жонли мулоқот ўтказилиб, муаммоси ўрганилмоқда. Шунингдек, ИИБ ҲПБ профилактика инспекторлари томонидан 5 ой давомида 190 нафар тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга “Ҳимоя ордери” берилган.
Юқорида кўрсатиб ўтилганидек, амалий ёрдамлар кўрсатиш билан бир қаторда, вилоят ИИБнинг 43-сонли фармойишининг 4-банди талабларига мувофиқ профилактик ҳисобда турган, оғир ижтимоий аҳволдаги хотин-қизлар ва кам таъминланган оилалар ҳамда уларнинг фарзандларини турли маданий тадбирларга жалб этиш, бўш вақтларини мазмунли ўтказилишини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мухтасар қилиб айтганда, соғлом оила, соғлом жамият асосига ҳисса қўшувчи аёлларимизнинг тутган ўрнини ҳисобга олган ҳолда мутасадди ташкилотларнинг ўз касбига масъулият билан ёндашиши, зиммасига юклатилган вазифаларни аъло даражада бажариши замирида амалга оширилаётган ислоҳотлар ижобий бўй кўрсатади. Бу эса шубҳасиз, хотин-қизларнинг осуда ва фаровон ҳаёт кечиришларига замин яратади.
Гулноза Сабриева,
шаҳар ИИБ ХҚМБ катта инспектори, подполковник.