Image default
Жамият

«АХБОРОТ ВА ФИКР ЭРКИНЛИГИ БУ –МИЯГА КЕЛГАН НАРСАНИ ЁЗИШ ДЕГАНИ ЭМАС»

Буюк адибимиз Абдулла Қаҳҳор ижодкорга, қалам аҳлига шундай таъриф берганди: “Касб – тирикчилик йўлида ҳар куни такрорланиб турадиган меҳнат. Нонвой ҳар куни нон ёпади. Сувоқчи ҳар куни девор сувайди. Этикдўз ҳар куни этикка наҳал қоқади… Бора-бора ўз касбининг шундай “пири”га айланадики, юмушини кўз юмиб ҳам бажараверади…

Лекин шоир бир достонни, адиб бир романни икки марта ёзмайди. Улар ҳар сафар янги асар яратишга “маҳкум”!”
Дарҳақиқат, ижодкор аҳлининг, қалам эгасининг машаққатли меҳнатини касб деб бўлмайди. Буюк адибимиз Ўткир Ҳошимов таърифлаганларидек, ижод – юз метрли масофани ким ўзарга югуриб ўтиладиган спринтерлик мусобақаси эмас, узоқ ва машаққатли йўлдир. Бу йўлни танлаган инсоннинг юраги, виждони уйғоқ, адолат туйғуси кучли бўлиши лозим.
Биз бежиз ижодкорлар ҳақида тўхталмадик. Бугунги саҳифамиз меҳмони шундай машаққатли йўлни танлаган, ижодкор, журналист, “Даракчи” газетаси бош муҳаррири Манзура опа Бекжонова бўлди.

  • Ассалому алайкум, Манзура опа, аввало, яқинлашиб келаётган касб байрамингиз билан чин дилдан қутлаймиз. Манзура опа, қисқача журналистика соҳасига кириб келишингиз, фаолиятингизга тўхталсангиз…
  • Ваалайкум ассалом. Раҳмат. Барча ҳамкасбларимга, матбуот ва оммавий ахборот воситалари вакилларига касб байрамимиз муборак бўлсин. Аввало ҳурмат ва эътибор кўрсатиб, суҳбатга таклиф қилганингиз учун ташаккур. Шу пайтгача соҳадаги 25 йиллик фаолиятим давомида ўзим ҳаммадан интервью олиб, суҳбатлар ёзиб, қачондир ўзим интервью беришим ҳақида ўйламаган эканман.
    Журналистикага кириб келишим ҳақида сўзлайдиган бўлсам, мактабда ўқиб юрган вақтимда қўлимга “Корреспондент” номли журнал тушиб қолган. Муқовасида фотоаппарат кўтарган журналистнинг сурати бор эди. журналдаги материаллар ва айниқса фото репортажлар мени ўзига ром этган. Ўзим ҳам ўша пайтлар қисқа хабарлар, шеърлар ёзиб туман газетасига қатнаб юрган вақтларим эди. Шу тариқа журналистликка қизиқиб қолганман. Кейин ўқишга кириш учун Тошкент шаҳрига дадам билан борганимизда, журналистика факультетига одам жуда кўп бўлгани учун дадам мени рус филологиясига ҳужжат топширишга кўндирдилар. Танлов жуда катта экан, битта ўринга 10-15 та абитуриент. Киролмасанг хафа бўласан, дедилар ва биз Рус филологияси факультетига ҳужжат топширдик. Шу йўналишга кирдим, аммо мақола ва хабарлар ёзиб энди “Туркистон” (аввал “Ёш ленинчи”) газетасига қатнай бошладим. У ерда устозим Жаббор Раззоқов бош муҳаррир эдилар ва менга кўп йўл-йўриқлар кўрсатдилар. Шу газета қошидаги “Ёш мухбирлар” университетида ўқидим. Меҳнат фаолиятимни мактабда ўқитувчиликдан бошлаганман, у ерда ҳам “Хива тонги” туман газетасига мақолалар ёзиб турдим. Сўнг мени у ерга ишга таклиф қилишди.

–“Журналистни оёғи боқади” деган ибора бугун қанчалик аҳамиятли?

  • Аввал шунақа эди. Ҳозир журналистни мияси ва қўли боқади… Чунки ҳозир ахборот технологиялари ривожланган давр. Узоқ ерларга бориб суҳбат тайёрлаш бунга кўп вақт кетказишнинг ҳожати йўқ. Шошилинчда материал тайёрлашга тўғри келиб қолса, телефон, телеграм, масофадан овоз ёзиш иловалари бор. Аввал 1 ҳафта сарфланадиган материални ҳозир 2-3 соатда тайёрлаш мумкин. Қолаверса, ҳар бир соҳани мақола ёзишдан олдин бемалол интернетдан кўриб ўрганиб, агар ўзбек тилида етарли манба бўлмаса рус ва инглиз тилларидан таржима қилиб, кўп маълумотга эга бўлиш ва материалингизни бойитиш, ўқимишлилигини ошириш мумкин. Албатта, бевосита воқеа жойига бориб, мутахассислар билан юз кўришиш ва суратларни ўзингиз керакли ракурсдан тасвирга олишингизнинг аҳамияти катта. Лекин афсуски, бунда тезлик ва вақтдан ютқазасиз. Ахборот-технологиялари яратган қулайликнинг яна бир салбий томони ҳаракат камлиги натижасида касб касалликларини орттириб олишингиз ҳеч гап эмас.
  • Профессионал журналист бўлишнинг формуласи?
  • Бу борада менимча ҳар кимнинг ўз формуласи бўлса керак. Мен учун аввало фикрлаб ёзиш, доимий изланишда бўлиш, интернетдан фақат маълумот олиш мақсадида фойдаланиш. Копирайтерлик – бу ижодий журналистика эмас. Қолаверса тил билиш. Агар тил билмасангиз икки “қаноти қирқилгандек” бўласиз. Аввало халқимизга фойдаси тегадиган, жамиятдаги муаммолар ечимига ҳисса қўшадиган материал ёзиш.
  • Ҳам ижод, ҳам рўзғор юмушлари, оила – буларнинг барчасига тенг эътибор ажратиш сизда қийинчилик туғдирмайдими? Умуман, жамиятимизда аёлларнинг ўрни ҳақида, ҳаётий тажрибангиздан келиб чиқиб бугунги ёш қизларга нима маслаҳат берган бўлардингиз?
  • Ҳаммада қаршиликлар бўлади. Менда ҳам бўлган. Секин-аста оилангаз бу касбни ҳаммасидан олдин танлаганингизни тушуниб олади. Лекин барибир аёл киши аввало оиласи, турмушини ўйлайди. Баъзан нимадандир кечишга тўғри келади. Аввало болаларни катта қилиб, турмушни ҳам жой-жойига қўйиб олиш керак. Бунинг учун кун тартиби тузиб, ўзингизни тезлаштириш зарур. Шунда ҳаммасига улгуриш мумкин.
  • Бугунги давр журналистга янгидан-янги талаблар қўймоқда. Ҳалқимизнинг севимли газеталаридан бири бўлмиш “Даракчи” газетаси бу борада қандай ишларни амалга оширмоқда?
  • Бу саволларга юқорида қисман жавоб бериб ўтдим. Мен ишлаган ҳар бир таҳририят, ҳар бир жамоа қайсидир маънода мактаб бўлди. Шу жумладан “Даракчи” ҳам, ҳали ҳам ўрганишда давом этяпмиз. Мендан олдин бу жамоага келган барча инсонлар мен учун устоз. Бир вақтлар ёшлигимда “Даракчи” деган газета чиқибди, 200 минг тиражда чиқяпти деган гапларни эшитиб, шу газетада оддий мухбир бўлиб ишлашни орзу қилгандим. Мана, 20 йил ўтиб бу орзуимга эришдим. Лекин ҳали газета учун кўнгилдагидай хизмат қилолдим деб ўйламайман.
  • Журналист ва блогер: буларнинг жамиятимиздаги ўрнига қандай баҳо берасиз?
  • Журналист ва блогерлар бир-бирига рақобатчи эмас. Улар бир-бирини тўлдирувчи бўлиши керак. Жамиятда тартибсизликлар, сиёсий низолар келиб чиқишига туртки берадиган постлар ва материаллардан эҳтиёт бўлишлари лозим деб ҳисоблайман. Ҳозир журналистикада ихтисослашув бор деб айтиш мумкин, аммо айрим ҳолларда сиёсий ва иқтисодий билимлари етишмайдиган блогерларнинг қўйган постларини кўриб ўйланиб қоламан. Ахборот ва фикр эркинлиги дегани бу мияга келган нарсани ёзиш мумкин дегани эмас. Бу ахборотнинг одамларга қандай таъсир қилишини, яхшиликка ёки ёмонликка хизмат қилишини ўйлаш зарур.
    -Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур!

Суҳбатдош
Дилфуза Рўзиева.

МАВЗУГА ОИД

ГАЗЕТАГА ОБУНА БЎЛМАНГ!

admin

ТАШАББУСЛИ БЮДЖЕТ ЖАРАЁНИ 2023 ЙИЛ 2-МАВСУМИ ҒОЛИБЛАРИ АНИҚЛАНДИ

admin

Халқ депутатлари Олмалиқ шаҳар Кенгашининг VI ЧАҚИРИҚ 54-сессияси

admin

МЕҲНАТ КЕЛТИРГАН САОДАТ

admin