Рахит — кичик ёшдаги болаларда учрайдиган касаллик бўлиб, организмда кальций ва фосфор алмашинуви бузилиши натижасида келиб чиқади. Суякларнинг тўғри ўсиши учун «Д» витамини организмда кальций ва фосфорнинг ичакдан сўрилиши, суяк ва бошқа тўқималарга етиб боришини бошқаради. «Д» витамини етишмаслиги сабабли рахит касаллиги ривожланади. «Д» витамини оз миқдорда озиқ-овқат билан киради, катта қисми қуёш нурлари таъсирида терида синтезланади.
Рахитнинг аломатлари:
- Бола уйқусининг бузилиши
- Эмаётганда кўп терлаши
- Товуш ва ёруғлик нуридан чўчиши
- Тери тошмалари
- Бошнинг энса қисмида соч тўкилиши
- Инжиқлик, безовталик.
Рахитнинг асоратлари: суяк юмшашига, мушак ва бўғимлар бўшашиши, иммунитет сустлашиши, камқонлик кузатилади. Бола боши ва гавдасини тўғри тутишга қийналади, лиқилдоғи секин битади. Тишлар чиқиши кечикади. Тез-тез шамоллайди. Вақтида даволанмаса, бола катталашган сари суяклари қийшиқ ўсиш эҳтимоли ортади. Умуртқа поғонаси букчайиши, кўкрак қафасининг пастга қараб энкайиб қолиши, оёқнинг «Х» ёки «О» шаклида қийшайиши, ясси оёқлик пайдо бўлади. Ақлий заифлик пайдо бўлиши мумкин.
Профилактикаси: ҳомиладорлик даврида кунига камида 2 соат тоза ҳавода сайр қилиш, шифокор тавсияси билан кальций препаратларини қабул қилиш, витаминларга бой маҳсулотларни тановвул қилиш ва қўшимча «Д» витаминини қабул қилиш лозим.
Туғруқдан кейин бола 6 ойликкача иложи борича она сути билан парвариш қилиниши керак. Эмизиш даврида она витаминли маҳсулотларни истеъмол қилиши лозим. Қўшимча овқатларга ўтилганда бола таомномасида гўшт, тухум, балиқ каби маҳсулотларга аҳамият бериш зарур.
Иложи борича, кундузи очиқ ҳавода сайр қилишни унутмаслик зарур.
Тадқиқотлар хулосасига кўра, «Д» витаминининг етарли дозасини таъминлаш учун кундузи юз, қўл очиқ бўлган ҳолатда ҳар куни ёки камида ҳафтасига уч марта қуёш нурини олиш керак.
Шунингдек, бўғим ва умуртқа поғоналарини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш учун гимнастика ва массаж тавсия қилинади.
Юлдуз Абдуллаева,
шаҳар 2-оилавий поликлиника
умумий амалиёт шифокори.