Image default
Биласизми?

ҚУРБОНЛИК ФАЗИЛАТИ ВА УНИНГ ҲУКМЛАРИ

Маълумки, Ислом оламида Рамазон ва Қурбон ҳайитлари катта тантана билан байрам қилинади. Айниқса, Қурбон ҳайити кунларида бутун дунё мусулмонлари вакиллари муқаддас Макка шаҳрида ҳаж ибодатини бажараётган бўладилар. Ҳаж ибодатлари ичида қурбонлик қилиш ҳам бор. Бунинг устига ҳаж қилмаётган бўлсада бойлик нисобига эга мусулмонларга ҳам қурбонлик қилиш вожибдир.

Қурбонлик – сўзининг ўзаги “қурбон”, арабчадан таржима қилинганда “яқинлашиш” деган маънони билдиради.
Қурбонлик қилиш– “Аллоҳ таолога яқин бўлиш ниятида махсус вақтда, хос бир ҳайвонни сўйиш”дир.
Қурбонлик қилинадиган “махсус вақт” дегани– Зул-ҳижжа ойининг ўнинчи (яъни, Қурбон ҳайити куни), ўн биринчи ва ўн иккинчи кунларидир. Унинг охирги вақти Зул-ҳижжанинг ўн иккинчи куни қуёш ботиши билан ниҳоясига етади.
“Хос ҳайвон”дан мурод– қурбонлик учун сўйиладиган туя, қорамол, қўй ёки эчкидир.
Қурбонлик қилиш шариатимизда, худди закот каби ҳижратнинг иккинчи йили жорий этилган.
Ҳанафий мазҳабига кўра қурбонлик қилиш– вожибдир. Қурбонлик қилишни вожиб қиладиган бойлик миқдори – кундалик ҳаёт учун зарур нарсаларидан ташқари 85 грамм тилла ёки унинг қийматидаги мол-мулкка эга бўлишдир.
Бу миқдор бойликка бир йил тўлган бўлиши ёки йил давомида ўсувчи бўлиши шарт эмас. Ҳатто қурбон ҳайити куни фақир киши 85 грамм тилла ёки унинг қийматига эга бўлса, унга қурбонлик қилиш вожиб бўлади. Аммо кимда закоти бериладиган мол-мулк, сотиш ниятида олинган ёки кейинчалик сотиш нияти пайдо бўлган нарсалар, айни пайтда яшалмаётган уй-жойлар, ер ва боғлар, ижарага берилган уйлар ва машиналар, минилмаётган уловлар, соғиб ичиладиган ҳайвонлардан бошқа чорва моллари, ўқилмайдиган китоблар, уйда ишлатилмай турган идиш-товоқ, кўрпа-тўшак ва гиламлар, сувенирлардан қайси бири мавжуд бўлиб, унинг қиймати 85 грамм тилланинг қийматига етса, у кишига қурбонлик қилиш вожиб бўлади.
Қурбонлик ҳақида Қуръони каримнинг Ҳаж сурасида шундай дейилади:
“Бас, Раббингиз учун намоз ўқинг ва қурбонлик қилинг!” (Кавсар сураси, 2-оят).
Ушбу ояти каримани уламоларимиз қурбонликнинг вожиб эканига далолат қилади, деб тафсир қилишган.
Қурбонлик – ҳар йили такрорланадиган ибодатдир. Қурбонлик – Аллоҳни улуғлаш учун қулай фурсат ва уни розилигини топишдир.
Демак, қурбонлик фақатгина Аллоҳ таолога яқинлик ҳосил қилиш учун, Унинг розилигини қозониш учун қилинади. Аллоҳ таоло банданинг қурбонлигига муҳтож эмас, балки банданинг ўзи қурбонлик сабабидан бериладиган улкан ажрларга муҳтождир.
Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
“Қурбон ҳайити куни одамзот қон чиқаришдан кўра Аллоҳга маҳбуброқ иш қилолмас. Албатта, у ҳайвонлар Қиёмат куни шохлари, жунлари ва туёқлари билан келурлар. Албатта, қон ерга тушишидан олдин Аллоҳнинг ҳузуридаги маконга етур. Шундай экан уни чин кўнгилдан қилингиз” (Имом Термизий ривоятлари)
Қурбонлик қилиш ва унинг гўштидан яқинларга улашиш одамлар ўртасида меҳр-оқибатни пайдо қилади. Адоватни кетказади. Қурбонлик қилувчининг мартаба ва обрўсини кўтаради. Гуноҳлар тўкилишига сабаб бўлади.
Аллоҳ таолога севимли бўлган бу кунларда эҳсонларни кўпайтириб, уни муҳтож оилаларга йўналтиришимиз айни муддаодир. Чунки байрам кунларида етимлар, бевалар, ногиронлар ва қаровчисини йўқотган кексаларга яхшилик қилиш, моддий ёрдам кўрсатиш катта савобдир. Ҳар соҳада мавсумлар бўлгани каби, шу ўтказаётган кунларимиз ҳам савоб ишлаш учун бир мавсумдир. Бундан унумли фойдаланиб қолишимиз, баданий ва молиявий ибодатларни имкон қадар кўпроқ қилиб қолиш керак. Зеро Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Сахийлик бир дарахтдир, унинг томирлари жаннатда, шохлари эса дунёга тушгандир. Ким унинг бир шохига осилса, уни жаннатга олиб боради…”, – деб марҳамат қилганлар.

Xusniddin Ortiqov,

«Ramazon» masjidi imom noibi.

МАВЗУГА ОИД

15 БАРАВАР МИҚДОРИДАГИ КОМПЕНСАЦИЯ КИМЛАРГА БЕРИЛАДИ?

admin

1 АВГУСТДАН ЎЗБЕКИСТОН ҚОНУНЧИЛИГИДА НИМАЛАР ЎЗГАРАДИ?

admin

РАМАЗОНДА ЭНГ КЎП СЎРАЛАДИГАН САВОЛЛАР ВА УЛАРГА ЖАВОБЛАР:

admin

Савол беринг, жавоб берамиз

admin