— Хўш, нима қилмоқчисан энди? — Нилуфар қаҳвахона хизматчиси келтирган овқатни Солиҳа томонга суриб, иккинчисини ўзига тортди-да, қошиқ-санчқиларни бир-бир қоғоз сочиқча билан артганча, қаршисида овқатга ҳам эътибор бермай мунғайиб ўтирган дугонасига гап қотди.
— Билмайман, — Солиҳа дардчил товушда секин пичирлади. — Бошим қотган. Оиламиз аллақачон парокандаликка юз тутиб бўлди. Аммо эримга бунинг аҳамияти йўқ. Ҳатто менга ҳам. Фақат ўғлимга қийин бўлади-да. Шуни ўйлаб бесаранжомман…
— Қани, овқатга қара. Ҳали замон тушлик вақти ҳам тугайди, кечгача ўтиришинг керак. Оч қорин билан ишлаёлмайсан, — Нилуфар шундай деб Солиҳани овқатга ундади. — Дугонажон, ўтган гапларни кавлаштириб, асабингни бузмоқчи эмасман-у, лекин оиланг шу ҳолга тушишида ўзингнинг ҳам айбинг бор. Эринг авваллари ундай эмасди-ку ахир? Сен турмуш ташвишларини ва рўзғор тебратишни бутунлай бўйнингга олдинг, оқибатда эрингни ўзинг масъулиятсиз, танбал қилиб қўйдинг.
— Ҳа, балки, ҳаммасига мен айбдордирман. Лекин эрим ҳам бутунлай бегуноҳ эмас-ку. Унинг ўзгарганига кўп йиллар бўлди. Мен оиламни асраб қолиш учун, ўғлимни тирик етим қилмаслик учун кучим етганича курашдим. Рўзғор, оила боқиш, майли, булар мен учун оғир юмуш эмас. Худога шукр, касбим бор, пул топяпман, бошимда бошпанам бор, ўғлим улғаяпти, эрта-индин қаватимга киради. Тирикчилик ҳам ўтар, лекин мени мутлақо бошқа нарса қийнайди, Нилуфар! Эрим азалдан аёлларга ўч, севги-муҳаббатга ҳавасманд эркак. Ўзи турмушга чиқаётганимда онам ва опаларим ҳам: «Севдим, деб етимхонада ўсган бир йигитни танладинг. Майли, етимлиги Аллоҳнинг тақдири дейлик, унинг қўлида тайинли касб-кори ҳам йўқ экан. Расм чизиб оила боқиб бўлармиди? Бунинг устига рассомлар оила, рўзғор деган тушунчалардан узоқроқ, савдойи сифат кишилар бўлади, ҳаётингни таваккалга тикмаяпсанми?» дейишганди. Ўша кезларда кўзларим севгидан кўр, қулоқларим кар бўлган экан. Мен эримни севмаганман, Нилуфар. Фақат унинг ширин сўзларига, романтик суратларига шайдо бўлганман, холос. Ҳақиқий муҳаббат ва ҳавас нималигини англаганимда эса жуда кеч бўлганди…

— Солиҳа, юқори эшикдан кириб келаётган анави эркакни кўряпсанми? Қара, анави баланд бўйли, папка қўлтиқлаган эркакни айтяпман.
— Хўш? — Солиҳа ҳайрон бўлиб, бир қаҳвахонага кириб келаётган баланд бўйли, бўйинбоғ тақиб, папка қўлтиқлаб олган эркакка, бир дугонасига қаради. — Кўрсам нима бўлибди?
— Бу одам бизнинг ташкилотда ишлайди. Аёли вафот этган, иккита қизи бор.
— Бунинг менга нима аҳамияти бор? — Солиҳанинг ҳайрати баттарроқ ошди.
Нилуфар эса унинг саволини жавобсиз қолдириб, эркакни столга таклиф қилди:
— Аҳмаджон ака, бу ёққа келинг, мана бу ерда жой бор!
— О, раҳмат, Нилуфархон! Сизларга ҳалал бермайманми? — эркак истиҳола билан бир Нилуфарга, бир Солиҳага қаради.
— Йўқ, Аҳмад ака. Биз овқатланиб бўлдик, бир-икки пиёла чой ичиб, турмоқчи бўлиб тургандик, — деди Нилуфар.
Эркак унинг раъйини қайтармаслик учун қимтиниб стулга чўкди. Нилуфар эса сўзамолликда давом этди:
— Аҳмад ака, танишинглар, дугонам Солиҳа Элмуродова. Журналист. Газетада ишлайди. Бу киши Аҳмад ака Умаров. Ташкилотимизнинг «бой отаси», яъни бош ҳисобчиси!
Эркак Солиҳага зимдан тикилиб, қизариб-қимтиб сўрашди:
— Саломатмисиз, Солиҳахон? Ишларингиз яхшими? Уйдагилар соғ-саломат юришибдими? Мақолаларингизни ўқиб тураман, сизни сиртдан танийман.
— Раҳмат, — деди Солиҳа энсаси қотиб, сўнг Нилуфарга қаради:
— Майли, Нилуфар, менинг тушлик вақтим тугади. Ишларим кўп, тураман.
У юзига фотиҳа тортиб, ўрнидан қўзғалди. Нилуфар ҳам унга эргашди. Қаҳвахона хизматчиси билан ҳисоблашиб, бирин-кетин кўчага чиқишгач, Солиҳанинг фиғони фалак бўлди:
— Аҳмад аканг билан ўтиравермадинг-да! Бало бормиди уни столимизга таклиф қилиб?!
— Тентак бўлма, Солиҳа, уни сени деб чақирганимни сезиб турибсан. Эринг сени, ўғлинг ва оилангнинг андишасини қилмай, ҳали никоҳларинг бекор бўлмай туриб, бошқа аёл билан топишиб олган бўлса, сен нимани кутяпсан?! Дарҳол, судга ариза бериб ажрашгин-да, Аҳмад акага турмушга чиқ. Билсанг, бундай эркаклар жуда кам. Оиласига садоқатли, фарзандларига меҳрибон, бунинг устига жамиятда ҳам ўз ўрни, мавқеи, ҳурмат-эътибори бор. Нима, бир умр ўша ароқхўр рассомингга садоқат билан умрингни хазон қилмоқчимисан?! Нима кўрдинг ўшандан? Ўзингга қара, қандай гўзал, лобар аёлсан? Ўзингни ўн беш йил мобайнида қийнаб, хор қилганинг ҳам етар. Бундан бу ёғига ўзингни ҳам ўйлашинг керак!
Гарчи Солиҳа дугонасининг дабдурустдан бегона эркак билан уни таништиришга чоғланганидан ранжиган бўлса-да, кўнглининг аллақаерида Нилуфарнинг гаплари ҳақлигига ишонч ҳосил қилганди. Энди 35 ёшни қаршилаган жувон бўлса, бир умр ёлғиз ўтиб кетмайди-ку. Бунинг устига, тўрт ойдан бери эри уйга келмайди. Аллақандай актриса аёл билан топишиб олганмиш. Ҳатто қўнғироқ қилиб, қаердалигини ҳам айтмайди. Солиҳа ишда, ўғли ўқишдалигида уйга келиб, кийим-кечакларини олиб кетибди. Шунча пайтдан бери эрининг енгил табиатли аёлларга ўчлиги ҳақида орқаваротдан эшитиб юрган бўлса-да, кутилмаганда буларнинг бари ҳақиқатга айлангани аёлга қаттиқ зарба бўлди. Шунча йил «Эрим ижодкор, бундай кишиларнинг ўз олами, дунёси бўлади. У чинакам истеъдод эгаси, бундайларни ўз эркига қўйиб бериш керак. Эримни қўллаб-қувватлашим, унга маънавий-моддий шароит яратиб беришим керак», деган ўйда эрига пой-патак бўлиб яшади. Эри қўшни хонада ижод қилаётганида оёқ учида юрар, ўғли телевизор кўрмоқчи бўлса, боласининг кўнглини ўкситиб, «Телевизорда яхши кўрсатув бўлмаяпти, ҳозир жимгина китобингни ўқиб тур», дерди. Ҳамма нарсанинг яхшисини эрига илинарди. «Эримни турмушнинг икир-чикирларига ғарқ қилишга ҳақим йўқ», деб ўтгаям, чўққаям ўзини ураверди. Оқибат эса эри хайр-маъзурни ҳам насия қилиб жўнаворди…
Солиҳа ишдан қайтаётиб йўл-йўлакай бозорга кириб, ошга масаллиқ харид қилди. Мева-чева, шарбат сотиб олди. Эри уйдан кетганидан бери ҳаётида ҳаловат йўқ, хотиржамлиги ғойиб бўлгандек эди. Ўзи билан ўзи андармон бўлиб, ўғлига ҳам тузукроқ эътибор бергани йўқ. «Бугун ош дамлаб, она-бола дилдан гаплашиб оламиз. Ўғлимга отаси билан никоҳимизни бекор қилиш учун ариза топширишимни айтаман», деган хаёлда уйига кириб келган Солиҳа кираверишда эрининг ейилиб кетган оёқ кийимини кўриб ҳам ҳайрон бўлди, ҳам жаҳли чиқди.
— Сенга пул олиб келувдим, — деди эри Солиҳага бир даста пул узатиб.
— Нима қиламан бу пулни?
— Шу… ўзингга бирор нарса оларсан… — мастликдан тили айланмай, ғўлдираб гапираётган Ринат Али хотинига музтар термилди.
— Шунча пайт йўқ бўлиб кетиб, бугун бошимга пул кўтариб келдингизми энди?! Шу пайтгача сизнинг пулингизсиз, сизсиз кунимни кўриб келганман, бундан кейин ҳам ўзимни, ўғлимни эплай оламан! Олинг пулингизни, чўнтагингизга солиб қўйинг! Ўша актрисангизга сарфланг, мен пулингизга зор эмасман!
— Қайси актриса?.. Ҳа, уни айтяпсанми? Тушун, у билан орамизда ҳеч гап йўқ. У янги асаримга прототип бўлди. Унинг қиёфасида эри урушда бедарак кетган, узоқ йиллар чимилдиқдан куёв кийимида жангга кетган ёрини кутган аёл тимсолини чиздим. Солиҳа, тасаввур қиляпсанми, мен ўз Жокондамни чиздим. Эртага бўладиган кўргазмамда ўша асарим ҳам қўйилади.
Солиҳа бошини чангаллаган кўйи ўтириб қолди. Авваллари эрининг кўргазмаларига ўзи ташкилотчилик қилар, бошидан охиригача тик оёқда турарди. Бу гал эридан кўргазма ҳақида эшитиб «қилт» этмади. Ичидан қайнаб келаётган ғазабини зўрға ютиб, гап бошлади:
— Биз энг охирги манзилга етиб келдик. Охири шу ер экан. Тинчгина ажрашганимиз маъқул. Яхши-ёмон кунимиздан розиман, сиз ҳам рози бўлинг. Судга ариза берамиз, ажрашамиз. Менинг ортиқ кучим қолмади…
— Наҳотки сен учун ажрашиш энг сўнгги чора бўлса? Балки, бироз муҳлат ўйлаб кўрармиз? — Ринат Али ялинчоқ нигоҳда хотинига термулди.
Солиҳа гапириш учун энди оғиз жуфтлаганди, эшикнинг қаттиқ ёпилганидан чўчиб тушди. Кираверишда гандираклаб девордан тутганча хонасига кириб кетаётган ўғлини кўриб, Солиҳа даҳшатдан чинқириб юборди:
— Навзод?! Навзод деяпман! Нималар қилиб юрибсан?! Бу нима юриш?!
— Ойи… ўртоқларим билан қаҳвахонада бироз ўтирдик. Шунга…
— Ароқ ичдингми?! Сенга ким қўйибди бундай юришни?! Бошимга битган бало бўлдиларинг-ку! Отанг куйдириб, кулимни кўкка совургани етмайдими? Етмаганига сен ҳам куйдирасанми, болам?
Солиҳа гиламга чўккалаб ўтирганча бор овози билан ҳўнграб йиғлар, шу топда ҳаётини барбод қилган эридан ҳам, яқинларининг насиҳатига қулоқ солмаган ўзидан ҳам қаттиқ нафратланиб кетаётганди.
— Йиғлама, Солиҳа. Ҳали бола-да. Бу нарсани ёмон деб ўйламаган.
Ринат Алининг овози қалтираб чиқди. Кутилмаганда Солиҳанинг жазаваси қўзиди:
— Йўқол, йўқол кўзимдан бахт ўғриси! Сендан нафратланаман! Жирканаман, ҳазар қиламан! Сен ўғлимни ҳам йўлдан урдинг. Унинг тарбиясини ҳам расво қилдинг. Ароқ ичишни сендан ўрганди болам. Йўқол, мени тинч қўй! Болам билан мени ўз ҳолимга қўй!
Ўша кундан бери Ринат Али ҳар куни рўзғор халтасини тўлдириб уйга келади. Солиҳага яхши гапиришга, аёлининг кўнглини олишга уринади. Солиҳа эса ажрашиш учун аллақачон судга ариза берган. Ҳатто дугонаси Нилуфарнинг ташаббуси билан у ишлайдиган ташкилот бош ҳисобчиси Аҳмад Умаров билан яқиндан танишиб ҳам олди.
— Эрим билан никоҳимиз расман бекор бўлгач, Навзодга Аҳмад ака ҳақида айтаман, — деди бир куни Солиҳа Нилуфар билан учрашганида. — Ҳозирча ҳеч нарса демаганим маъқул. Уй эримнинг номида, иккига бўлинса керак. Ҳали бу можаролар ҳам бор. Хуллас, ҳозирча Аҳмад ака билан ҳам муносабатларимиз ҳақида ҳам ҳеч нарса деёлмайман. Ҳаммасини вақт ҳал қилади…
Дам олиш куни Солиҳа ўз хонасида мук тушиб янги мақоласи устида ишлар, Ринат Али ҳам устахонасида тимирсикланиб ўтирганди. Тўсатдан эшик қўнғироғи чалинди. Хонасида дарс қилаётган Навзод югуриб бориб эшикни очди. Солиҳанинг самарқандлик дугонаси Шоҳиста эри билан келган экан. Қўлларида совға-салом. Солиҳа шошилганда уй халатида эканини унутиб, меҳмонларга шундоқ ҳолида пешвоз чиқди.
— Бу нима юриш-а, бу нима юриш?! — дугонаси билан қучоқ очиб кўришган Шоҳиста одатича баланд овозда гапира кетди. — Ҳеч бўлмаганда шундай кунда тузукроқ кийиниб, ўзингга қараб юрмайсанми? Ўзи бугун қандай кунлиги эсларингдами?
Солиҳа ҳам, Ринат Али ҳам елка қисишди.
— Оббо, ахир бугун турмуш қурганларингга 16 йил бўлди-ку! Наҳотки шундай кунни унутиш мумкин бўлса?!
Меҳмоннинг бу гапидан Навзод қийқириб ўйинга тушди. Бир зумда бешовлон байрамона дастурхон тузашди. Меҳмонлар эр-хотиннинг шаънига яхши гаплар айтиб, уларни бахтли-саодатли, пиру бадавлат бўлишини тилади. Солиҳа ҳам, Ринат Али ҳам меҳмонларга ҳеч нарсани сездиришмади. Аммо юраклар изтироб ўтида қоврилар, ҳар бир айтилган яхши тилакка жавобан айрилиқ арафасида турган эр-хотин бир-бирига маъноли қараб қўйишарди…
Ажрашганларидан олти ой ўтиб, Солиҳа Сурхондарёга кетаётиб, вокзалда тўсатдан собиқ эри Ринат Алини учратиб қолди. Унинг абгор афт-ангори, заҳил юзига қараб, негадир юраги зирқираб кетди.
— Яхшимисан? — Ринат Али айбдорона алфозда собиқ хотинига термулди. — Навзод яхшими? Қийналмаяпсизларми?
— Шукр… Ўзингиз саломатмисиз?
— Ҳа, бўлади…
— Қаерда яшаяпсиз? — Солиҳа ўзи истамаган ҳолда Ринат Алига шу саволни берди.
Қонуний ажрашишганидан сўнг Ринат Али уй ва турмуш қурганларидан кейин ишлаб топган нарсаларнинг бўлинишини истамай, бир сидра кийим-кечаги билан уйдан чиқиб кетганди. Баъзан у ўғли ўқийдиган коллежга келиб, Навзод билан кўришар, унга оз-моз пул бериб кетарди. Гарчи ўғли отаси билан кўришиб туришини онасидан яширса-да, Солиҳа эри билан ўғлининг муносабатларидан хабардор эди. Тўғрироғи, ўғлининг юриш-туришидан отаси ундан хабар олаётганини сезарди.
— Коллежга қоровул бўлиб ишга жойлашганман, ўша ерда тунайман. Кундузи устахонамда вақтим ўтади. Ишқилиб, яшаяпман. Ўзинг қандайсан? Турмушга чиқаётгандирсан?
Солиҳанинг кўнгли бузилиб, томоғини бўғиб қўйган аччиқ хўрсиниқни аранг ичига ютди-да, паст товушда жавоб берди:
— Турмушга чиқиб нима қиламан? Ўғлим бор, ёлғиз эмасман. Менга ҳеч кимнинг кераги йўқ ундан бошқа…
— Менга эса иккингиздан бошқа ҳеч кимнинг кераги йўқ. Менга ҳеч ким сенчалик ғамхўр бўлолмас экан, ҳатто ўзим ҳам. Ҳеч ким мени ўғлимчалик қувонтиролмас экан, ҳатто севган касбим, ижодим ҳам. Сизлар билан яна бирга яшаш учун, сенинг меҳрингни ҳис қилиш учун ҳамма нарсадан кечишга тайёрман!
Солиҳа қаршисида ерпарчин бўлиб турган Ринат Алининг кўзларида қалққан ёшни кўрмаслик ва йиғлаб юбормаслик учун юзини четга буриб, лабини қаттиқ тишлаб олди.
— Илтимос, қўлларингни бер, маҳкам ушлаб олай, Солиҳам! Қўлларимни қўйиб юборма! — Ринат Али шундай деганча Солиҳанинг қўлларини маҳкам сиқиб олди…