Image default
Жамият

МОЛ-МУЛКИНГИЗ ХАВФСИЗЛИГИ ИШОНЧЛИ ҚЎЛЛАРДАМИ?

Хонадонимиз ёхуд тадбиркорлик объектимиздаги мол-мулкимиз хавфсизлигини таъминлаш бўйича давлатимиз томонидан бир қатор чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, бугунги кунда амалга тадбиқ этилмоқда. Бу ҳақда Олмалиқ шаҳар Қўриқлаш бўлими Техник қўриқлаш маркази бошлиғи, капитан Анвар Гапуровга муштарийларимизни қизиқтирган бир неча саволлар билан юзландик.

  • Анвар Акромович, айтингчи, аҳолининг мол-мулки хавфсизлигини таъминлаш чоралари қайси қонуний ҳужжат билан мустаҳкамланган?

—  Президентимизнинг 2018 йил 12 декабрдаги «Жисмоний ва юридик шахслар мулки қўриқланишини таъминлаш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ 4060-сонли қарори аҳолининг мол-мулки хавфсизлигини таъминлаш бўйича муҳим қонуний асос бўлиб хизмат қилмоқда. Ушбу қарорга кўра, давлат ўта муҳим, тоифаланган ва бошқа объектларни, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг мулкини ишончли қўриқлашни таъминловчи, сифат жиҳатидан янги тизимни жорий этиш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

  • Ахборот технологиялари тезкор ривожланаётган бугунги даврда қўриқлаш тизимида хавфсизликни таъминлаш бўйича қандай ишлар олиб борилмоқда?
  • Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Қўриқлаш бош бошқармасининг жисмоний ва юридик шахслар мулкининг қўриқланишини таъминлаш бўйича фаолияти самарадорлигини ошириш, шунингдек, халқ мулкига бўлган тажовузни профилактика қилиш ва олдини олишда аҳолининг замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланиши учун қулай шарт-шароит яратилди. Яъни, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимида «Хавфсиз хонадон» концепцияси жорий этилди. Ҳозирда Олмалиқ шаҳридаги 392 та аҳоли хонадонлари ҳамда 367 та тадбиркорлик объектлари қўриқлаш хизмати томонидан замонавий қўриқлаш сигнализация воситалари орқали, шартнома асосида сифатли қўриқланиб келинмоқда.
  • Ҳаётда ҳар нарса бўлиши мумкин. Дейлик, Қўриқлаш хизмати томонидан қўриқланаётган хонадонга ўғри тушди. Бу вақтда қўриқлаш хизмати ходимлари қанча вақтда қўриқланаётган объектга етиб келиши керак?
  • Бу ҳолатда Қўриқлаш хизмати Техник қўриқлаш марказига сигнализация орқали хабар етиб келиши биланоқ, тезкор ҳаракатланувчи гуруҳ 5 дақиқа ичида объектга етиб бориб, зудлик билан тегишли чораларни кўради. Бўлимимизда ҳозирги вақтда 2 та Техник қўриқлаш маркази, шунингдек 2 та тезкор ҳаракатланувчи гуруҳ(ТҲГ) ташкил этилган. Айни вақтда шаҳар ҳудудидаги турли кўринишдаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида қўшимча яна 2 та шу Тезкор ҳаракатланувчи гуруҳлар фаолияти йўлга қўйилиши режалаштирилмоқда.
  • Мулкни қўриқлаш бўйича хизмат турлари ва нархлари ҳақида тўхталсангиз…

—  Объектлар 3 та тоифа бўйича қўриқланади. Яъни, объектнинг фаолият туридан, бинонинг техник мустаҳкамлик даражасига қўйилган талабларга қараб ва тоифаланган объектлар қаторига киритилганини ҳисобга олган ҳолда шартнома асосида қўриқлаш хизмати кўрсатилади.
Қўриқловга олинаётган объектнинг тоифасига қараб, қўриқлаш соати нархи Ўзбекистон Республкаси Молия Вазирлиги ва Миллий гвардия Қўмондони томонидан тасдиқланган тарифлар асосида 1 соатига:
1-тоифа 7 728 сўм;
2-тоифа 6182,4 сўм;
3-тоифа 4636,8 сўм.
Бундан ташқари «Ташвиш» тугмаси орқали кўрсатиладиган қўриқлаш хизмати йўлга қўйилан бўлиб, 1 соат қўриқлаш вақти нархи 3684 сўмни ташкил қилади.
Кўп қаватли уйларда яшовчи фуқаролар хонадонлари ойига 30830 сўм эвазига замонавий қўриқлаш сигнализация воситалари орқали сифатли қўриқланади.

Р.S. Тинчлик ва хотиржамлик — энг муҳим неъматлардан бири. Ана шундай неъматдан фойдаланиш ўзимизга ҳам боғлиқ. Йиллаб ишлаб, топган мол-мулкингизни ишончли қўлларга топшириб сиз фақат тинчлик ва хотиржамликка эришасиз. Миллий гвардия қошидаги қўриқлаш хизмати эса бизга ана шундай имкониятни тақдим этади.

Суҳбатдош Лобар Абдусатторова.

МАВЗУГА ОИД

ОЛМАЛИҚ «ГАЗ ТАЪМИНОТИ» КОРХОНАСИ НИМА БИЛАН БАНД?

admin

«СУВ ТАЪМИНОТИ» ШАҲАР БЎЛИМИ:14 394 МЕТР ИЧИМЛИК СУВ ҚУВУРИ ЯНГИЛАНАДИ

admin

СИНАЛГАН САБРИМНИНГ ҲИМОЯСИ

admin

Олмалиқ шаҳар фуқаролар ташаббуси жамғармаси бўйича 2022 йил 2 мавсумда ғолиб бўлганлар хамда унга йўналтирилган маблағлар ишлатилиши бўйича
М а ъ л  у м о т

admin