Шаҳримиздаги ОКМК ишчилари учун хизмат қиладиган Тиббий санитария қисми ўтган йил 1 сентябрда капитал таъмирга топширилган эди. Мутлақ янги кўриниш олган бинода айни кунларда жиҳозлаш ишлари олиб бориляпти. 1983 йил ОКМК ўз ишчи-ходимларига малакали тиббий хизматни амалга ошириш мақсадида тиббий санитария қисмини фойдаланишга топширган эди. Салкам 40 йил меҳнаткашларнинг соғлигини мустаҳкамлаб келаётган мазкур муассаса ишчилар тилида “медсанчаст” дея аталади.
Ўтган вақт оралиғида бино мутлақ янги кўриниш касб этди. Реконструкция ишлари “МГА СТАР ГОЛД” МЧЖ пудратчи ташкилоти томонидан олиб борилди. Замонавий қиёфага келтирилган бино том қисми, фасад қисми, ички бино девори, пол қисми тўлиқ янгиланди. Ҳовлиларга брусчаткалар ётқизилиб, эшик, деразалар алмаштирилди. Бинога 2КТПГ русумли 250кВА трансформатор пункти ўрнатилди. Видеокузатув ва рақамли тизими ўрнатилди. “Олмалиқметаллургқурилиш” трести томонидан 1800м квадрат ҳудудга асфалт қопламаси ётқизилди.
ОКМК Тиббий хизмат бошлиғи
Абдужаббор Тўхтабоевнинг маълум қилишича бир кунда икки сменда ишлайдиган Тиббий санитар қисмда эндиликда 300 кишига тиббий хизмат кўрсатилади. Яна қўшимча ҳолда бинода мажлислар зали ҳамда фитобар ташкил этилди, ишлашга яроқсиз эски лифт ўрнига замонавий лифт ўрнатилди.
Муассаса эндиликда 40 мингдан ошиқ меҳнаткашлар, нафақадаги ходимлар ва фахрийларга беминнат ва турли тушунмовчиликларсиз хизмат кўрсата олади.
Бино нафақат шинам ва ёруғ хоналар балки рақамлашган энг сўнгги услубдаги ускуналар билан ҳам таъминланади. Хусусан, мазкур муассаса замонавий рақамли рентгенология, флюрография, ултратовуш, аниқлиги жуда паст аппаратлар ўрнига кардиология, қон томир, бош миядаги ўзгаришларни юқори даражада аниқловчи ускуналар, комплекс ташхис қўювчи яъни лор комбайни, рақамли эндоскопия каби аппаратлар билан таъминланади.
Аҳамиятлиси, марказлашган ахборот алмашинуви ва назорат базасига эга бино учун электр энергияси тўлиқ қуёш батареялари орқали етказилади. Шунингдек, ишчилар учун хизмат қиладиган 30 ўринли замонавий стационар шифохона ҳам ишга туширилиб, тиббий қисм эндиликда рақамли поликлиникага айлантирилади.
ОКМК Ахборот хизмати.