Image default
Жиноят ва жазо

КРЕДИТЛАРНИНГ ЎЗЛАШТИРИЛИШИДА КИМ АЙБДОР? ТАДБИРКОРМИ ЁКИ…

47 ёшли Абдулло Жуманов 2018 йил 2 февралдан “Arkada Commerce” МЧЖ раҳбари лавозимида ишлаб келарди. Нодавлат тижорат ташкилотида мансабдор шахс бўла туриб, Қумри Джўраева, Г.Умирзакова ҳамда турмуш ўртоғи Г.Жуманова билан жиноий тил бириктириб, “Ҳар бир оила — тадбиркор” дастури доирасида кредитлар ажратиш тартиби тўғрисида”ги Низомга асосан “Халқ банки” Олмалиқ филиалидан оилавий тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи фуқароларни ҳар томонлама кўллаб-қувватлаш бўйича мақсадли ва комплекс чора тадбирларни амалга ошириш, шу асосда ёшлар, аёллар ва кам таъминланган оилалар бандлигини таъминлаш мақсадида имтиёзли микрокредитлар бериш белгиланганлигидан фойдаланиб, ўзининг танишларини гўёки тадбиркорлик билан шуғулланувчи сифатида кўрсатиб, ажратилган кредитларни ўзлаштирди.

 Бунинг учун А.Жуманов 2018 йил 2 февралда “Arkada Commerce” МЧЖни Олмалиқ шаҳар давлат хизматлари марказидан рўйхатдан ўтказиб, ўзи ушбу жамиятнинг раҳбари сифатида бошқара бошлади. Шундан сўнг юртбошимиз томонидан аҳолини қўллаб-қувватлашга қаратилган қарорларини асос қилиб, мансаб мавқеини суистеъмол қила бошлади. Яъни, корхонасини таъминотчи қилиб ўтказиб, ажратилган имтиёзли кредит маблағларини ушбу корхонага ўтказиб, сўнг кредит пулларини нақдлаштириш орқали ўзлаштиришни бошлади.

Аввалига А.Жуманов турмуш ўртоғи Г.Жуманова ҳамда фуқаро Г.Умирзакова билан имтиёзли кредитни қўлга киритиш учун уни гўёки тадбиркор сифатида кўрсатиш мақсадида, Г.Умирзакова номига имтиёзли кредитни расмийлаштиришга эришди. Аслида Г.Умирзакова ҳеч қандай тикувчилик фаолияти билан шуғулланмаса-да, уни тикувчилик фаолиятини йўлга қўйиб тадбиркорлик билан шуғулланиб келаётган шахс сифатида кўрсатиб, 2021 йил АТ “Халқ банки” Олмалиқ филиали билан шартнома тузиб, 2021 йил 3 мартда банк томонидан маиший техникалар харид қилиш учун 36 ой муддатга йиллик олти ой имтиёзли давр ва 14 фоиз устама ҳақ тўлаш шарти билан 30 млн. сўм имтиёзли кредит ажратилишига ҳамда кредит маблағини ўзи раҳбарлик қилиб келган “Arkada Commerce” МЧЖнинг ҳисоб рақамига ўтказишга эришган.

Шундан кейин, А.Жуманов ва Г.Жуманова фуқаро Г.Умирзакова билан жиноий режаларининг асосий қисми ҳисобланган уларга ишониб топширилган бюджет маблағларини ўзлаштириш мақсадида, қарор талабларига кўра, имтиёзли кредит фақатгина мақсадли яъни маиший техника харид қилиш учун берилиши кўзда тутилганлигини билсаларда, “Arkada Commerce” МЧЖ билан 2021 йил 24 февралда тузилган шартномада 2 дона тикув машинаси, 2 дона оверлок, 1 дона дазмол, 2 дона дазмол столи ва хонтахтани олди-сотди қилиниши ҳақида кўрсатиб, амалда 10 млн. сўм пул маблағларини нақдлаштириб, ўз эҳтиёжлари йўлида сарфлаб юборган. Жиноятлари фош бўлиб қолмасликлари учун юк хатида юқоридаги маҳсулотларни Г.Умирзаковага топширилган қилиб кўрсатиб, ҳужжатларни сохталаштирган ҳамда ўзганинг уларга ишониб топширилган 10 млн. сўмлик миқдордаги мулкини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилишди.

Шунингдек, эр-хотин Жумановлар жиноий ҳаракатларини давом эттириб, навбатдаги “ўлжа” — Қ.Жўраева билан ўзаро жиноий тил бириктириб, такроран имтиёзли кредитни қўлга киритиш учун 2021 йил 18 мартда Қ.Жўраева номига қандолатчилик фаолиятини йўлга қўйиш учун 25 млн сўмлик имтиёзли кредит расмийлаштиришга эришди. Аслида эса Қ.Жўраева ҳеч қандай қандолатчилик фаолияти билан шуғулланмади. Банк томонидан маиший техникалар харид қилиш учун 36 ой муддатга йиллик олти ой имтиёзли давр ва 14 фоиз устама ҳақ тўлаш шарти билан 25 млн. сўм имтиёзли кредит таъминотчи корхона — “Arkada Commerce” МЧЖнинг ҳисоб рақамига ўтказилди. Шундан кейин, эр-хотин Жумановлар Қ.Жўраева билан жиноий режаларининг асосий қисми ҳисобланган уларга ишониб топширилган бюджет маблағларини ўзлаштириш мақсадида, имтиёзли кредит фақатгина мақсадли, яъни маший техника харид қилиш берилиши кўзда тутилганлигини билсаларда, “Arkada Commerce” МЧЖ билан тузилган шартномада 1 дона газ плита, 1 дона музлатгич, 1 дона духовка, 1 дона миксер, 1 дона блендер ҳамда 1 дона микротўлқинли печни олди-сотди қилиниши ҳақида кўрсатиб, амалда 1.200 АҚШ доллар пул маблағини нақдлаштириб, ўз эҳтиёжлари йўлида сарфлаб юборишган. Ҳужжатларни эс сохталаштириб, ўзларига ишониб топширилган 12 млн. 609 минг сўмлик миқдордаги мулкни ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилишди.

Энди ушбу ҳолатнинг иккинчи томонига тўхталсак. 2021 йил январь-февраль ойларида С.Усмонованинг маҳалласига Олмалиқ филиали АТ “Халқ банки” ходимлари ва МФЙ раислари келиб, ишсиз аҳолига ўзини ўзи банд қилиши учун тадбиркорлик билан шуғулланишни, бунинг учун имтиёзли кредит олиши мумкинлиги ҳақида тавсия берилди. Бундан ташқари масъуллар С.Усмоновага  маҳаллада “Аёллар дафтари” рўйхатида эканлиги сабабли имтиёзли кредит олиши мумкинлигини айтишди. С.Усмонова ишсиз бўлганлиги сабабли уйида қандолатчилик билан шуғулланиш мақсадида маиший техника буюмларини ва фарзанди ногирон бўлганлиги учун кредитнинг 15 млн. Сўмини нақд қилдириб олиш учун кредит олишга қарор қилди. Шундан сўнг, Олмалиқ шаҳар ҳокимлиги маҳалла ва  оилани қўллаб-қувватлаш бўлимига бориб, мутахассис Г.Нишоновага учради. Г.Нишонова С.Усмоновага тавсиянома берганидан сўнг тавсияномани сектор раҳбарига олиб бориб муҳр ва имзо қўйдирди, сўнг Олмалиқ филиали АТ “Халқ банки”га бориб бошқарувчи ўринбосари З.Тошпўлатовага учради. З.Тошпўлатова унга таъминотчи топишини ва ушбу таъминотчи билан шартнома имзолаб келишини айтди. Шундан сўнг “Халқ банки” яқинида жойлашган маиший техника буюмларини сотиш билан шуғулланадиган дўконга бориб, дўконда ишловчи Г.Жуманова билан учрашди. Унга Олмалиқ филиали АТ “Халқ банки”дан имтиёзли кредит олаётгани, кредитнинг бир қисмига товар сотиб олиши, аммо 12 млн. сўмини нақд пул кўринишида олиши кераклиги, ногирон ўғлини даволатиши кераклигини айтиб, ёрдам беришни сўраб илтимос қилди. Дўкон сотувчиси Г.Жуманова ушбу таклифга рози бўлди. Шундан сўнг банкдан кредит расмийлаштирилиб, С.Усмонованинг илтимоси ҳам қаноатлантирилди.

Ташқаридан қараганда ҳар икки томон ҳам рози, ҳаммаси икки томонлама келишилган ҳолда амалга оширилди. Аммо давлат имтиёзли кредитни халқининг бандлигини таъминлашга ва бу орқали фаровон яшашини таъминлашни мақсад қилган эди-ку. Бунинг учун барча имкониятлар яратилмоқда, аммо, минг афсуски, аксарият фуқароларга ҳуқуқий билим, тадбиркорлик кўникмалари — бир сўмни икки сўм қилиш тадбири етишмаётгандек гўё.   

Суд томонларнинг фикрларини тинглаб, судланувчи А.Жумановга жазо тайинлашда, унинг айбига тўлиқ иқрорлик билдиргани, шахсини, оилавий ва моддий шароитини, етказилган моддий зарар тўлиқ қопланганлигини, фуқаровий даъвогарнинг унга нисбатан даъвоси йўқлигини Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 55-моддасига мувофиқ жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар деб, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 56-моддасида кўрсатилган жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар мавжуд эмас деб баҳолади.

А.Жумановга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 167-моддаси 2-қисми “б,в,г” бандлари, 228-моддаси 2-қисми “а,б” бандлари ва 228-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 59-моддасига асосан, тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан жиноятлар мажмуи бўйича узил-кесил ўташлик учун иш ҳақининг 10 (ўн) фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 1 (бир) йил 6 (олти) ой муддатга аҳлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Қ.Жўраева Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 167-моддаси 2-қисми “в” банди, 228-моддаси 2-қисми “б” банди ва 228-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди ҳамда Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 70-моддасига асосан тайинланиши мумкин бўлган жазодан озод қилинди.

Л.Обидов,

жиноят ишлари бўйича шаҳар суди судъяси.

МАВЗУГА ОИД

ГИЁҲФУРУШФОШ ЭТИЛДИ

admin

БЕНЗИН ЎҒРИСИ ФОШ ЭТИЛДИ

admin

НАФСГА ҚУЛЛИК ҲАЛОЛЛИКДАН ЧЕКИНТИРАР

admin

МОЛ ЎҒРИЛАРИ ФОШ ЭТИЛДИ

admin