Статистик маълумотларга кўра, республикамиз бўйича сувдаги ҳалокатларнинг деярли 95 фоизи белгиланмаган ва чўмилиш рухсат этилмаган жойларда қайд этилган. Фуқароларимизнинг эътиборсизлиги, бепарволиги сабаб вилоятимизда сувда чўкиб вафот этиш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар сони ортиб бормоқда.
Фавқулотда вазиятларда чўкаётган инсонни сув ҳавзасидан қутқариш вақтида шахсий эҳтиёткорлик чораларини кўриш лозим. Вазият имкон берса, чўкаётган инсоннинг сочидан ушлаб қирғоққа тортиш ва сувдан чиқариш керак. Сочи калта бўлган вазиятда, унинг орқа томонига ўтиб бошини сув сатҳидан баландроқда сақлаб бир қўл билан қўлтиқлари орқали кўкрак қафасида қучоқлаб олиш бошқа қўл билан эса қирғоқ томон сузиш лозим. Жабрланган инсонни сувдан чиқариб олгандан сўнг дарҳол унга зарур ёрдам кўрсатиш мақсадга мувофиқдир. Чўмилганда нотаниш жойларда спиртли ичимликларни истеъмол қилиб маст ҳолатда сувга тушиш ёш болаларни қаровсиз қолдириш асло мумкин эмас.
Чўкиш билан боғлиқ фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш борасида нималарга эътибор бериш лозим? Болалар ёки биринчи маротаба сувга тушган катта ёшдагиларни сузишга ўргатиш жойи 60-90 сантиметргача чуқурликда бўлиши керак. Очиқ сув ҳавзаларида сузишга ўрганишда, албатта, сувнинг чуқурлиги билан бирга, оқим тезлигини ҳам эътиборга олиш лозим. Ёз пайтлари катта ёшдаги болалар сув ҳарорати +18 бўлганда, кичик ёшлардагилар +20 +28 дан кам бўлмаганда очиқ сув ҳавзаларида чўмилишлари мумкин. Хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш саломатлигингиз ва ҳаётингиз кафолати эканлигини унутманг.
Нигора Маматқулова,
ОЁХТТЭБ инспектори.