Жорий йил 15 май куни Олмалиқ шаҳри 21-умумтаълим мактабининг пиёдалар ўтиш чизиғидан ўтаётган 7-синф 2 нафар ўқувчи қизни 19 ёшли “Дамас” ҳайдовчиси светофорнинг қизил чироғидан ўтиб уриб юборгани нафақат шаҳримиз, балки республика даражасида кенг жамоатчиликнинг муҳокамаларига сабаб бўлди.
Шундан сўнг 18 май куни Республика томонидан тузилган ишчи гуруҳ вакиллари шаҳримизда жамоат транспортини яхшилаш бўйича таклифлар йиғиш билан шуғулланди. Кучайтирилган рейд тадбирлари ташкиллаштирилиб, 10 кун давомида вилоятдаги деярли барча Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари, шаҳар депутатлари, ОАВ ҳамда вилоят Транспорт бошқармаси вакиллари иштирокида оммавий назорат тадбирларини ўтказилди. Назорат тадбирлари давомида асосан жамоат транспорти бўлган қоидабузар, лицензияси мавжуд бўлмаган “Дамас”лар ҳайдовчилари ушланиб, жаримага тортилди. Рейд кунлари ижтимоий тармоқларга Олмалиқдаги айрим линия маршрут йўналишларига автобуслар қатнаётгани ҳамда “Дамас”лар ўрнига пойтахтдан яна 25 та “Исузу” автобуслари келтирилгани ҳақидаги видеохабарлар сиздирилди. “Сиздирилди” дейишимизга сабаб, рейд тадбирлари тугаши билан линия маршрутларидаги юриб турган автобуслар ҳам ҳаракатланмай қўйди, келтирилган 25 та автобус ҳам йўналишли линияларга қўйилмади. Йўловчи ташувчи корхона раҳбарининг айтишича, пойтахтдан олиб келинган 25 та автобус юришга яроқсиз, таъмирлашга эса битта автобусга камида 40 миллион сўм харажат талаб этиларкан. Шунингдек, вилоят Транспорт бошқармаси бошлиғи Садриддин Шоқосимов томонидан жорий йил 6 июнда ўтказилган матбуот анжуманида журналистларнинг ушбу автобуслар ҳақидаги саволига “бир ҳафта, 10 кун ичида линияларга қўйилиши” ҳақидаги гаплар эса қуруқ гаплигича қолди.
Масаланинг долзарблиги нимада?
Хўш, нима учун биз эътиборни шаҳримиздаги жамоат транспортидаги муаммога қаратаяпмиз?! Шаҳар ИИБ ЙҲХБдан олинган таҳлилий маълумотга кўра, 2023 йил ярим йилликда шаҳарда қоидабузар ҳайдовчи ва пиёдаларга нисбатан 3635 дона электрон маъмурий баённома расмийлаштирилган. Жумладан, маст ҳолатда транспорт воситасини бошқариш ҳолати 47 та, ҳужжатсиз транспорт воситасини бошқариш 143 та, қоидабузар пиёдаларга нисбатан аниқланган ҳолат 810 та, қизил чироқда бўйсунмасдан ҳаракатланган хайдовчиларга нисбатан 1058 та ва 1561 та бошқа қўпол қоидабузарликлар хайдовчилар томонидан содир қилинганлиги аниқланган. Шаҳар ИИБ ЙҲХБ ходимларининг йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасида олиб борган саъйи-ҳаракатларига қарамасдан жорий йилнинг 5 ой давомида йўл транспорт ҳодисалари билан боғлиқ жиноятлар 17 тани ташкил этиб, шундан 5 таси ўлим билан боғлиқ бўлган йўл-транспорт ҳодисалари ҳисобланади. Ачинарлиси шуки, транспорт ҳодисалари билан боғлиқ жиноятларнинг 70 фоизини “Дамас” ҳайдовчилари содир этган. Олмалиқ шаҳрида жами рўйхатга олинган, ижара ва ишончнома асосида ҳаракатланаётган транспорт воситалари сони 35 мингдан ортиқни ташкил қилиб, шундан давлат ташкилотларига тегишлиси 6350 тани, 6600 таси эса “Дамас” автоуловларини ташкил қилади.
Жумладан, шаҳар ҳудудида йўловчи ташувчи корхоналар сони ҳозирги кунда 33 тадан ортиқ бўлиб, 5500 дан ортиқ “Дамас” русумли автоуловлар йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланади. Ҳайдовчиларнинг деярли барчаси “кимўзар” ўйнаб кўпроқ пул топаман деб бир-бирини ҳурмат қилмасдан йўл маданиятига риоя қилмай ҳаракат қилмоқда. Шу сабабли йўл транспорт ҳодисасининг асосий қисми “Дамас”лар билан содир бўлаяпти.
Қандай амалий ҳаракатлар олиб борилмоқда?
Назорат тадбирларидан бироз вақт ўтиб, 2023 йил 31 май куни Олмалиқ шаҳар ҳокими Қобил Хамдамовнинг «Олмалиқ шаҳрида жамоат транспорти тизимини ислоҳ қилиш тўғрисида»ги 142-10-147-Q/23-сонли қарори қабул қилинди. Мазкур қарорга кўра, қарор қабул қилинган кундан бошлаб, жамоат транспорти учун алоҳида ажратилган тасмалар ва автобусларга махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий техник воситаларини ўрнатиш таклифлари киритилиши; доимий равишда жамоат транспорти ҳаракатланадиган йўналишларда ҳаракат хавфсизлигини, жамоат транспорти устуворлигини, жамоат транспорти учун ажратилган тасмалар ва бекатларнинг бош- қа транспорт воситаларидан холи бўлиши таъминланиши белгиланди.
Шунингдек, шаҳар ҳудудида йўловчи ташувчи барча жамият, корхона ва ташкилотлар шаҳар марказидаги асосий йўналишларда М-1 тоифали автомобиллар (енгил автомобил, «Дамас») ўрнига М-2 ва М-3 тоифа(автобус ва микроавтобус)ларга 2023 йил 1 сентябргача босқичма-босқич ўтказиш белгиланди.
Қарор билан белгиланган йўл тарифларини асоссиз оширмаслик вазифаси юклатилди. Тошкент вилояти Транспорт бошқармаси(Шоқосимов)га Олмалиқ шаҳридаги йўловчи ташиш йўналиш- ларини хатловдан ўтказиб, барча йўналишларни мувофиқлаштириш;
- хатлов натижалари бўйича бир-бирини 50 фоиздан ошиқ такрорловчи йўналишларни ёпиш;
- тендер шартномасида кўрсатилган автотранспортлардан фойдаланилмаган тадбиркорлар билан тузилган тендер шартномасини иқтисодий суд томонидан бекор қилиш;
- келгусида тендер савдоларига чиқариладиган йўналишларни мазкур қарорнинг 3-бандига мувофиқлаштириш ҳамда ушбу талабларга риоя қилмаган ташувчиларнинг тендер натижалари бекор қилиш чораларини кўриш юклатилди.
Йўловчиларга яратилган яна бир тадбирлардан бири жорий йил 29 май кунидан бошлаб шаҳримизнинг “Ойдин” бозори ҳудудидаги йўлга ер ости йўлаги қурилиши бошланиши бўлди. Ер ости йўлаги лойиҳасига кўра узунлиги 33 метр, эни 4 метр, баландлиги 2.5 метр бўлиши кўзда тутилган. Ер ости йўлагини қуриш тендер ғолиби – «Orion Prom Tex Servis» МЧЖ пудрат ташкилоти томонидан амалга оширилиб, ОКМК маблағи эвазига қурилмоқда. Қурилишга 3,1 млрд сўм маблағ йўналтирилиши режалаштирилган.
«Дамас»дан жабрланган отанинг фикри
Айни масала юзасидан 15 май куни 14 ёшли қизи — “Дамас” билан содир бўлган автоҳалокатга учраб ҳаётдан кўз юмган Маҳлиё Йўлдошеванинг отаси Алиқул Акромовнинг фикрини ҳавола этамиз: “Олмалиқ шаҳрида туғилиб, ўсганман, ҳозир ишлаяпман. Қизим йўл транспорт ҳодисаси туфайли 2023 йил 23 майда вафот этди. Тўғрироғи, қайсидир валломат амалдорларнинг виждонсизлиги қурбони бўлди. Бу ҳолат тақдирнинг ҳукми билан бўлган бўлсада, бошқа сабаблар ҳам жуда кўп. Шаҳримизда жамоат транспорти умуман назоратга олинмаган. Назоратсиз юрган “Дамас”лар бутун Олмалиқ шаҳрини эгаллаб олган. «Дамас»лар билан йўловчи ташиш билан шуғулланаётган корхона раҳбарлари корхонасида кунлик чиқиб ишлаётган транспортларни назорат қилмайди. Масалан, йўналиш талабида 15 та автотранспорт воситаси кўрсатилган бўлишига қарамасдан, линияда кунига камида 30-40 дан кўп автотранспорт воситалари одам ташиб юрибди. 18-мактаб ёнидаги гаражлардан бирига кириб чиқдим. Бир нечта ишсиз турган микроавтобус ва автобусларни ўз кўзим билан кўрдим. Иш йўқ деб турибди. Қизиқиб кўрганимда Олмалиқ шаҳар ичида 26-йўналишда қатнаган автобуслар ҳам шу ерда экан. Нега ишлашга чиқмаётганлигини сўраганимда, Олмалиқ шаҳар ичида назоратсиз юрган «Дамас»ларнинг кўплиги ҳисобига автобуслар зарар билан ишлаяпти экан. Яъни, «Дамас»лар кўплиги автобусларнинг намунали, қониқарли ишлаши учун қаттиқ қаршиликлар кўрсатиб келмоқда. Олмалиқ шаҳрини “Дамас”лардан тозалашимиз шарт, яна нечта бола ёки қиз айтайлик, юртимиз фуқаролари вафот этиши керак? Тошкент вилояти транспорт бош- қармаси раҳбарияти ҳолатни билмайди деб ўйлайсизми? Менга қуруқ қоп ваъдалар керак эмас. Менга ва шу Олмалиқ шаҳрида яшайдиган фуқароларга натижа керак!»
P/S. Шаҳар ҳокимининг қарорига кўра шу йил сентябрь ойигача шаҳримиздаги жамоат транспорти тизимида катта ўзгаришлар бўлиши керак. Куз фасли келишига эса атиги 41 кун вақт қолди. Майли, кутамиз, кузатамиз ва жўжани кузда санаймиз!
Дилфуза Рўзиева.