2023 йил 16 январь куни жиноят ишлари бўйича Олмалиқ шаҳар судида судланувчи Ойзода Йўлдошевага (исм-шарифлар ўзгартирилган) нисбатан суд иши кўриб чиқилди. 1993 йил Пискент туманида туғилган, 3 нафар вояга етмаган фарзанди бор, “Олмалиқ КМК” АЖ Уй-жойларни таъмирлаш ва улардан фойдаланиш бошқармаси абонент хизматида назоратчи вазифасида ишловчи Ойзода 2022 йил 22 сентябрь куни “Олмалиқ КМК” АЖ Уй-жойларни таъмирлаш ва улардан фойдаланиш бошқармаси(кейинги ўринларда — УЖТФБ-2)нинг хизмат хонаси йиғиштирилмаганлиги важи туфайли ҳамкасби Ш.Саидова билан ўзаро жанжаллашиб, унинг бадани ва юз қисмига шикаст етказган.
Суд-тиббий экспертизасининг хулосасига кўра, Ш.Саидовада бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши, юзида тирналган яра, чап қўл елка соҳаси гематомаси каби тан жароҳатлари аниқланган. Ўзи ҳамкасблар ўртасидаги жанжалга нима сабаб бўлди?
О.Йўлдошева 2019 йилдан буён ОКМК АЖ УЖТФБ-2 корхонасида абонент хизмати назоратчиси вазифасида Ш.Саидова билан бирга ишлаб келарди. Корхонада тахминан 15 нафар аёл ходим ҳар куни учта гуруҳга бўлиниб, ўзларига бириктирилган ҳудудларга чиқиб ундирувларни амалга оширар, бир нафар ходим эса хизмат хоналарида навбатчи сифатида ишхонадаги тартиб-қоидага кўра навбатчи бўлиб қоларди. Навбатчи ўша куни хонани тозалаб қўйиши лозим эди. Корхона ходимлари навбатчи бўлиб қолган кунлари хонани тозаларди, бироқ ҳар сафар Ш.Саидова хонани тозалаш ишларидан ўзини олиб қочарди.
2022 йил 22 сентябрь хонада Шоира Саидова навбатчилик қиладиган кун эди. Ойзода иш ҳудудидан хизмат хонасига қайтиб келганда хона тозаланмаганлигини кўриб навбатчиликда қолган Шоирага бу бўйича эътирозини билдирди. Ойзодага бу ҳам кам бўлганидек хонадаги иш столини олдига келиб, столнинг устида бўлган иш ҳужжатларни сочиб юборди, шунингдек терминал ва унга тегишли аёллар сумкасини ҳам олиб отиб юборди. Нима учун бундай қилаётганини сўраган Шоирага қарата Ойзода “Йиғасан энди, йиғмай кўрчи” дея, ўшқирди-да хонадан чиқиб кетди.
Ойзода соат 15:30ларда хонага қайтиб кирганида Шоира сочилган барча нарсаларни йиғиштириб қўйган, аммо ерга тушириб юборилган терминал аппаратининг ичидаги нарсалар ҳалиям ерда сочилиб ётган эди. Жаҳл отига минган икки аёл ҳамкасб бири бирини ҳақоратлаган, бири ўзининг ҳақлигини исботлашга урина бошлади. Турли иддаоларга чидай олмаган Ойзода Шоиранинг қўл телефони диктофонини ёқаётганлигини кўриб, ундан диктофонни ўчиришни талаб қилди. Ана шунда ҳужумга қўллар аралиб, икки аёл ўртасида даҳанаки жанг бошланди. Ойзода Шоирани дўппослаётган вақтда хонага кириб қолган ҳамкасби Гулмира уларни ажратиб қолди. Ўзини жабрланган дея ҳисоблаган Шоира “Мен дўппос- ландим. Қонуний чора кўришингизни сўрайман” дея ИИБга Ойзоданинг устидан арз қилди.
Тергов ва суриштирувлардан сўнг суд, судланувчи О.Йўлдошеванинг “соғлиқни қисқа вақт, яъни олти кундан ортиқ аммо йигирма бир кундан кўп бўлмаган муддатга ёмонлашувига сабаб бўлган қасддан баданга енгил шикаст етказиш”да ифодаланган жиноий қилмишлари Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 109-моддаси 2-қисми билан тўғри квалификация қилинган деб топди.
Судланувчи Ойзодага нисбатан жазо тайинлашда суд, унинг оилавий ва моддий шароитини, муқаддам судланмаганлигини, қарамоғида уч нафар вояга етмаган фарзандлари борлигини, айбига қисман иқрорлигини Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 55-моддасига асосан жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар деб, мазкур жиноятни паст ниятларда содир этганлигини Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 56-моддасига асосан жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар деб топди.
Ойзода Йўлдошева Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 109-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди ва унга шу модда билан ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 (ўн беш) баравари миқдорида, яъни 4.500.000 (тўрт миллион беш юз минг) сўм жарима жазоси тайинланди.
Шунингдек, судланувчи О.Йўлдошевадан жабрланувчи Ш.Саидованинг фойдасига дори-дармон учун сарфланган 1.388.143 сўм ва “Samsung A10” русумли телефон аппаратига етказилган шикаст учун 1.050.000 сўм, жами 2.438.143 (икки миллион тўрт юз ўттиз саккиз минг бир юз қирқ уч) сўм моддий зарар ундирилиши белгиланди.
Ғазабни жиловлай олмаслик ва қўлларга эрк бериш оқибати Ойзодага 7 миллион сўмга яқин моддий зарарга тушди. Юқоридаги ҳолат барчага жамоадаги тартиб билак кучи, яъни, зўравонлик биланмас, ақл кучи билан ўрнатилиши лозимлиги сабоғини беради.
Лазиз Обидов,
жиноят ишлари бўйича шаҳар суди судьяси.