Image default
Жамият

ҚУРАМАТОҒ БАҒРИДАГИ “ОЛТИН” ШАҲАР

72 ЁШДА

Жорий йил 10 июль куни шаҳримиз Олмалиқнинг расман ташкил этилганлигига 72 йил тўлди. Ўтган етмиш йилдан ошиқ вақт давомида шаҳримизда катта ўзгаришлар бўлди ва ривожланишда давом этмоқда. Олмалиқнинг қисқача тарихига тўхталадиган бўлсак, манбаларда келтирилишича, шаҳримизнинг асл ўрни қўҳна Имлоқ вилоятининг пойтахти бўлмиш Тункент ва Тўқкент бўлиб, “Қалмоққир” чўққиси ёнидаги “Қорамозор” қишлоғи ўрнида бўлган. Шаҳар майдони 10,767 км.кв.га тенг, дастлабки даврларда аҳолиси 8700 кишини ташкил этган. Маъданлар макони ҳисобланмиш шаҳримиз аҳолиси кун сайин ўсиб, бугунги кунда 140 мингдан ошиқ аҳоли истиқомат қилиб келмоқда.

Турли миллат вакиллари истиқомат қилувчи шаҳримиз нафақат саноати билан, балки тадбиркорлик муҳити ривожланиб бораётгани билан алоҳида эътиборга лойиқ десак муболаға бўлмайди. Буни рақамлар ва фоизларда таҳлил қилсак маълумотлар янада яққол кўзга ташланади. Шу боис, шаҳримизнинг 2022 йил январь-декабрь ойлари бўйича демографик ўсиш ва ишлаб чиқариш кўрсаткичларига тўхталсак.

Демографик кўрсаткичлар

Тошкент вилояти Статистика бошқармасидан олинган расмий маълумотга кўра, 2023 йил 1 январь ҳолатига Олмалиқ шаҳрида 138 минг 443 нафар аҳоли истиқомат қилиб, уларнинг 67 минг 164 нафарини эркаклар (48,5 фоиз), 71 минг 270 нафарини эса аёллар (51,5 фоиз) ташкил этади. Кўзда тутилаётган йил давомида туғилганлар сони 3908 нафар болани ташкил қилиб, ўтган йилнинг шу даврига (3370 бола) нисбатан ушбу кўрсаткич 538 нафарга кўпайган. 2022 йил январ-декабрь ойларида шаҳар ФҲДЁ органида 1361 та никоҳ ва 370 та ажралиш рўйхатга олинди. Шунингдек, ушбу даврда шаҳримизга кўчиб келганлар сони 1470 кишини, шу давр мобайнида кўчиб кетганлар сони эса 1342 кишини ташкил қилди.

Аҳолининг ўртача иш ҳақи

Шаҳар аҳолисининг ўртача иш ҳақига қараб, фаровонлик даражасини англаш қийин эмас, албатта. Олмалиқ шаҳрининг 2022 йил январ-декабрь ойларида ўртача ойлик иш ҳақи 6 млн 343 минг 600 сўмни ташкил этди. Бунда иш ҳақига устама, мукофот, рағбатлантириш хусусиятига эга тўловлар, компенсация ва ишланмаган вақт учун ҳақ каби тўловлар киритилган. Шунингдек, унинг таркибида жисмоний шахслар даромад солиғи, ижтимоий суғурта ва касаба уюшмасига тўловлар ҳам мавжуд.

Ишлаб чиқариш

Ушбу йил давомида 570,1 млрд. сўмлик истеъмол товарлари ишлаб чиқарилиб, 2021 йил январь-декабрга нисбатан 178,6 фоизни ташкил этди. Хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар томонидан 2084,7 млрд. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Саноат ишлаб чиқаришда кичик бизнеснинг ҳиссаси салмоқли ўрин тутаётгани аҳамиятли. Бугунги кунда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик мамлакатимиз ички бозорини товар ва хизматлар билан таъминлашда, аҳоли бандлиги ва реал даромадларини оширишда, ресурсларни оқилона тақсимлаш ва улардан самарали фойдаланишда катта аҳамиятга эга бўлиб, ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг асосий катализатори ҳисобланади.
Хусусан, шаҳримизда 2022 йил давомида 693,2 млрд. сўмлик саноат маҳсулоти ишлаб чиқарилган бўлиб, унинг 2,1 фоизи кичик бизнес субъектлари ҳиссасига тўғри келади. Давлат ва хусусий секторнинг ўзаро муносабати жамиятда ижтимоий-иқтисодий барқарор вазиятни таъминлашда, хусусий бизнеснинг манфаатдорлигини оширишда катта хизмат қилмоқда. Ўз навбатида, мамлакатимизда давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар натижаси ўлароқ саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмида нодавлат секторнинг улуши салмоқли эканлигини кўриш мумкин. Бунга рақамларда қарайдиган бўлсак, тармоқ корхоналари томонидан 2022 йилда шаҳримизда 32654,4 млрд. сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилди. Ўз навбатида 2022 йилнинг январь-декабрь ойларида Олмалиқда саноат маҳсулоти ишлаб чиқарилиши 33136,3 млрд. сўмни ташкил этиб, мазкур кўрсаткич Тошкент вилоятининг жами саноат маҳсулоти ишлаб чиқарилишида 35,6 фоизни ташкил этди.
Ишлаб чиқарилган саноат маҳсулоти ҳажми аҳоли жон бошига 242169,8 минг сўмга етди. Шунингдек, истеъмол товарлари ишлаб чиқарилиши 570,1 млрд. сўм, ишлаб чиқарилган истеъмол товарлари аҳоли жон бошига 4166,4 минг сўмга етказилганини кўриш мумкин.
Хизматлар соҳасини ривожлантириш ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётини шакллантиришнинг энг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. Бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган бозор ислоҳотлари жамиятни ривожлантиришнинг энг муҳим ижтимоий-иқтисодий вазифаларини ҳал қилишда хизмат кўрсатиш соҳасининг ролини оширишга катта таъсир кўрсатади. Хизматларнинг хилма-хиллиги аҳолининг катта қисмини ҳаёт сифати ва фаровонлигини яхшилаш имконини беради. Хусусан, 2022 йил январь-декабрь ойларида шаҳримизда хизматлар ишлаб чиқариш ҳажми 1934,3 млрд. сўм бўлиб, ўсиш суръати ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 119,7, фоизни ташкил этди.

Иқтисодий фаолият турлари

Рақамлар қайд этадики, иқтисодий фаолият турлари бўйича кўрсатилган бозор хизматларининг ҳажми бўйича энг катта хизмат ҳажми савдо хизматлари (613,6 млрд. сўм) ва транспорт хизматлари (412,6 млрд. сўм)га тўғри келган. Шунингдек, молиявий хизматлар ҳажми 344,3 млрд. сўмга ҳамда компьютерлар ва маиший товарларни таъмирлаш бўйича хизматлар 34,2 млрд. сўмга ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги хизматлар 33,5 млрд. сўмга етказилган.
Буни фоизларда кўрадиган бўлсак, юқори улуш савдо хизматлари 31,7 %, транспорт хизматлари 21,3 % ҳамда молиявий хизматлар 17,8 %да эканлигини кўриш мумкин. Энг кичик хизматлар улуши компьютерлар ва маиший товарларни таъмирлаш бўйича хизматлар (1,8 %) ҳамда соғлиқни сақлаш соҳасидаги хизматлар (1,7 %)га тўғри келмоқда.
Иқтисодий фаолият турлари бўйича кўрсатилган бозор хизматлари таркибида юқори ўсиш суръатлари алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари, молиявий хизматларда эканлигини қайд этиш лозим. Шаҳримизда энг паст кўрсаткичлар компьютерлар ва маиший товарларни таъмирлаш бўйича хизматлар, яшаш ва овқатланиш хизматлари ҳамда шахсий хизматларда эканлиги ушбу хизматларни янада ривожлантириш кераклигини кўрсатмоқда.
Корхоналар ва ташкилотлар ягона давлат регистри маълумотларига кўра, 2023 йилнинг 1 январ ҳолатига рўйхатга олинган юридик шахслар сони 2531 тани ташкил қилиб, шундан 2328 таси фаолият кўрсатмоқда. Иқтисодий фаолият турлари бўйича рўйхатга олинган корхона ва ташкилотларнинг асосий қисми савдо — 758 та (29,9 фоизи), саноат — 430 та (17,0 фоизи), яшаш ва овқатланиш бўйича хизматлар — 323 та (12,8 фоизи) ҳамда қурилиш — 230 та (9,1 фоизи), бошқа турдаги хизматлар кўрсатиш – 532 та (21,0 фоизи) соҳаларига тўғри келади. Рўйхатга олинган корхоналар умумий сонининг 89,7 фоизи тижорат шаклидаги корхоналардир. Тижорат корхоналарининг 4,8 фоизи оилавий корхоналар, 17,6 фоизи хусусий корхоналар, 77,0 фоизи масъулияти чекланган жамияти ва 0,6 фоизи бошқа тижорат корхоналар улушига тўғри келди. 2022 йил январ-декабрь ойларида жами 281 та янги корхона ва ташкилотлар рўйхатга олинган (шундан кичик бизнес субъектлари — 270 та). 2023 йил 1 январь ҳолатига рўйхатга олинган кичик бизнес субъектлари сони 2253 тани ташкил этиб, шундан 2057 таси фаолият юритмоқда. Иқтисодий фаолият турлари бўйича рўйхатга олинган кичик тадбиркорлик субъектларининг асосий қисми савдо (33,4 %), саноат (18,8 %), яшаш ва овқатланиш бўйича хизматлар (14,3 %), қурилиш (10,2 %) ҳамда ташиш ва сақлаш (5,2 %) соҳаларига тўғри келади.

Хорижий инвестиция

Шаҳарга хорижий инвестициялар ва сармоя жалб этиб, аҳоли бандлигини таъминлаш долзарб масалалардан биридир. Бу борада шаҳримизда етарли ишлар ташкил этилган. Хусусан, корхоналар ва ташкилотлар ягона давлат регистри маълумотларига кўра, шаҳар бўйича 2023 йилнинг 1 январь ҳолатига рўйхатга олинган чет эл инвестицияси иштирокидаги корхоналар сони 52 тани, шундан фаолият кўрсатаётгани 96,1 фоизни ёки 50 тани, янги ташкил этилгани 8 тани ҳамда тугатилгани 4 тани ташкил қилди. Шунингдек, жами 108 та оилавий корхона рўйхатдан ўтган бўлиб, бу рақам йилдан-йилга ўсиб бормоқда.
Олмалиқ шаҳар корхоналари ташқи савдо айланмаси 2022 йил январь-декабрь ойларида 1562,1 млн. АҚШ долларни, жумладан экспорт 988,5 млн. АҚШ долларни, импорт 573,6 млн. АҚШ долларни, шунингдек, ташқи савдо баланси 414,9 млн. АҚШ доллари миқдоридаги ижобий салдони ташкил этган.

Р/S. Хулоса ўрнида айтиш жоизки, шаҳримиз нафақат вилоятимизда, балки, республикамизда ҳар томонлама пешқадам ҳудудлардан бири ҳисобланади. Яратганнинг назари тушган жаннатмакон шаҳримиз ривожи йўлида унда истиқомат қилиб меҳнат қилаётган ҳар бир инсоннинг салмоқли ҳиссаси бор.

Дилфуза Рўзиева.

МАВЗУГА ОИД

ШАҲРИМИЗДА ИЖТИМОИЙ-МАЪНАВИЙ МУҲИТ ҚАНДАЙ?

admin

“ГУЛЗОР” ОРОМГОҲИДА 1 КУН

admin

КЎКСИМНИ ТЎЛДИРАР ШУ ЮРТ ЗАРРАСИ

admin

«ЧЕТРОҚ ТУРИНГ, РУЛДА АЁЛЛАР!»

admin