Image default
Саломатлик

ЎТКИР ДИАРЕЯ КАСАЛЛИГИДАН САҚЛАНИНГ

Маълумки, ёз ойларида ўткир диарея хасталиги кўплаб учрайди. Касаллик чақирувчи микроблар асосан соғлом киши организмига оғиз орқали ифлосланган сув, озиқ-овқат маҳсулотлари ва ёш болаларга ювилмаган қўллар орқали ўтади.

Баҳор, ёз ойларида, кўпинча, ёш болаларда кўнгил айнаши, қусиш ва ич кетиш каби ҳоллар кўп учрайди. Бундай беморларга керакли ёрдамни кўрсатиш мақсадида барча тиббиёт муассасаларида махсус «Орал регидратация пунктлари(ОРП)»лари ташкил этилган. У ерда бемор болангизни «Глюкосалан», «Регидрон» каби махсус эритмалар ёрдамида 4-8 соат давомида даволаш билан бир қаторда, сизга шу эритмалардан қандай фойдаланиш ҳам ўргатилади, касаллик қўзғатувчисини аниқлаш учун керакли таҳлиллар ташкил этилади.
Беморни уй шароитида «ўз билганича» даволаш, тартибсиз антибиотиклар ва турли хил дориларни ичириш касалликнинг ҳақиқий сабабини аниқлашга имкон бермайди ва бемор аҳволи оғирлашишига олиб келади.

Ўткир диарея касалликлари киши организми ҳолати ва унга тушган микробнинг хусусиятига қараб енгил, ўртача ёки оғир, баъзан типик бўлмаган шаклда ўтиши мумкин. Хасталикнинг енгил ёки белгисиз кўриниши билан оғриган беморлар кўпинча тиббий ёрдамга мурожаат қилмайдилар ва ташқи муҳитга микроб чиқарувчи манбага айланиб қоладилар. Бу тоифа кишиларнинг савдо, озиқ-овқат маҳсулотлари билан боғлиқ бўлган корхона, болалар муассасалари, сув таъминоти ишларида, айниқса уларнинг тўй ва маъракаларда таом тайёрлаш жараёнида иштирок этишлари атрофдаги соғлом кишилар учун катта хавф туғдиради.
Демак, касалликни йўқотиш ёки сезиларли даражада камайтириш учун ҳамма беморларни бир вақтнинг ўзида бошқалардан ажратиб даволаш мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Бу хасталик йил давомида қайд этилиши мумкин. Лекин баҳор-ёз ойларида унинг юқишини таъминловчи омиллар кўпайиб, кенгроқ тарқалишига сабаб бўлади.
Чунки биринчидан, кунлар исиган пайтда одамлар чанқоқни қондириш мақсадида сув ва турли хил суюқликларни кўпроқ истеъмол қиладилар, дуч келган ва кўпинча, ифлосланган сув ҳавзаларида чўмиладилар. Бу ҳол айниқса, ёш болалар ва ўсмирларда кўпроқ учрайди. Чўмилиш даврида оғиз орқали организмга оз миқдорда бўлсада сув киради.
Иккинчидан, ёз ойларида шаҳримиз аҳолисининг кундалик турмушида турли хил сабзавот-мевалар, ошкўк ва шунга ўхшаш маҳсулотларни истеъмол қилиш кўпайиб, улар касаллик чақирувчи микроблар билан ифлосланган бўлиши мумкин. Бу эса соғлом кишиларда юқумли касалликлар билан касалланиш хавфини кучайтиради.
Бундан ташқари, ҳаво ҳароратининг юқори бўлиши сув, сабзавот, сут ва сут маҳсулотлари, шунингдек, гўшт ва гўшт маҳсулотларида сақланибгина қолмай, балки кўпайишлари учун энг яхши шароит яратади. Бу даврда юқумли касалликларни юқтирувчи омиллардан бири – пашшалар ҳам кўпаяди.
Учинчидан, атроф-муҳит ҳароратининг юқори бўлиши киши организмига салбий таъсир кўрсатади, унинг касаллик чақирувчи микробларга қарши курашиш қобилиятини камайтиради.

Феруза Фозилматова,
шаҳар бош эпидемиологи.

МАВЗУГА ОИД

ҚИЗАМИҚ ҚАНЧАЛИК ХАВФЛИ?

admin

ИТ ВА МУШУГИНГИЗ ЎЗИНИ ЁРУҒЛИК ВА СУВДАН ОЛИБ ҚОЧСА, БИЛИНГКИ…

admin

ЎТРОҚ ҲАЁТ ТАРЗИНИНГ 5ТА АСОСИЙ САЛБИЙ АСОРАТИ

admin

СОҒЛОМ ТУРМУШ ТАРЗИГА АМАЛ ҚИЛИНГ!

admin