2023 йил 15 май куни нафақат Олмалиқ шаҳри аҳолисини балки, юртимиздаги кенг жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлган воқеа барчани ларзага келтирди. Шу куни шаҳримизнинг 21-умумтаълим мактаби олдидаги йўлда мактабга бораётган 7-синф ўқувчилари Маҳлиё ва Сўғдиёна светофорнинг яшил чироғига амал қилиб йўлнинг пиёдалар учун белгиланган қисмидан ўтаётган вақтда 19 ёшли Саиджон бошқарувидаги “Дамас”да тўхташ “қизил” чироғига амал қилмай, ўқувчи қизларни уриб юбориб, йўл транспорт ҳодисаси содир этди. Натижада, пиёдалар Маҳлиё Йўлдошева ва Сўғдиёна Олимжонова олган тан жароҳатлари билан шаҳар марказий шифохонасига ётқизилди.
Судга оид тиббий экспертизасининг маълумотига кўра, Сўғдиёна Олимжоновада бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия 1-2 даражали лат ейиши, бош пешона чакка соҳалари эгилган жароҳати, тери ости гематомаси, ўнг тизза соҳаси шилинган каби тан жароҳатлар олиб, бу ўртача оғир тан жароҳати тоифасига киришлиги кўрсатилган. Аммо минг афсуски, Маҳлиё Йўлдошева ЙТҲ натижасида бош мия очиқ жароҳати, бош мия суяги асос суяги синиши, бош мияга қон қуйилиши, қориннинг ўтмас жароҳати, қораталоқнинг ёрилиши, тос суякнинг ўнг тарафи синиши, бадандаги кўплаб шилинма ва қонталаш жароҳатлари, бош мия шишиб кетиши каби оғир тан жароҳатлари олиб, бу тан жароҳатлари 9 кундан сўнг унинг ҳаётдан кўз юмишига олиб келган.
Не-не орзу-умидлар билан фарзандини вояга етказаётган ота-она дилбанди, бир оила жигарбандидан айрилди, қалбларда бир умрлик армон, оғриқ пайдо бўлди. Ҳаётдаги орзулари бир олам қизалоқ отанинг ўз фарзандига вақтида бермаган тарбиясини деб, бир ёш йигитнинг масъулиятсизлиги, уқувсизлигини деб, йўловчи ташувчи корхоналарга масъул бўлган қайсидир валломатни деб қурбон бўлди…Аслида ҳаётнинг ўзи энг катта муаллим, ота-она бермаган сабоқни ҳаётнинг ўзи бериб қўяди, лекин бу жуда қиммат сабоқ бўлиши ҳам мумкинлигига айни ҳолат – жиноят иши яққол мисол бўла олади.
Мазкур жиноят юзасидан 2 ой давомида олиб борилган тергов ва суриштирув ишларидан сўнг жорий йилнинг 24 июль куни шаҳримизнинг 20-мактаби биносида ОАВлари вакиллари ҳамда кенг жамоатчилик иштирокида Тошкент вилояти жиноят ишлари бўйича Олмалиқ шаҳар суди томонидан очиқ, сайёр суд мажлиси ўтказилди. Судда катта ҳаётга қадам қўйганига ҳали кўп вақт бўлмаган, ота-онасининг ёлғиз ўғли, судланувчи Саиджон Хидировга нисбатан суд ҳукми ўқиб эшиттирилди: “Хидиров Саиджон Илхомжон ўғли Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 266-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилсин ва унга 2 (икки) йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 6 (олти) йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлансин…”.
Умид қиламизки, суд орқали С.Хидиров ўзига тайинланган жазодан тегишли хулоса чиқариб, келгусида бу каби хатоларни такрорламайди.
Маъмуржон Тўйчиев,
Жиноят ишлари бўйича
Олмалиқ шаҳар суди раиси.