Image default
Суд амалиётидан

Иқтисодий низоларни ҳал қилишнинг муқобил усуллари — келишув битими ва медиатив келишув.

Мамлакатимизда бозор иқтисодиётига асосланган муносабатлар ривожланиб борар экан, бозор муносабатларининг субъектлари ўртасида турли низолар вужудга келиши табиий ҳолат саналади.

Амалиётда ҳам иқтисодий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқаётган низоли ҳолатлар кам эмаслигидан келиб чиқиб, бу каби низолашаётган тарафлар масаланинг ечимини топиш мақсадида анъанавий йўлни танлашга, яъни “Яраштириш тартиб-таомиллари”ни қўллашга тўғри келади.

Айтиб ўтиш лозимки, яраштириш тартиб-таомиллари воситасида ҳал қилинадиган низоларда ҳар иккала тараф учун ҳам мақбул келишувга эришилади.

Яъни, тарафлар ихтиёрий равишда келишув битими ёки медиатив келишув тузиш орқали низони ҳал қилиш йўллари ва усуллари, келишувда белгиланган мажбуриятларни бажариш муддатлари ҳамда ушбу мажбуриятларни бажармаслик оқибатларини белгилаб олишади.

Бироқ, суд тартибида кўриладиган низолар бўйича ҳар икки тарафнинг фойдасига қарор чиқаришнинг имкони мавжуд эмас. Табиийки, суд қароридан норози бўлган тараф аппеляция ва кассация тартибида шикоят келтириш мумкин. Бунинг натижасида тарафлар ортиқча вақт ва маблағ сарфлашларига тўғри келади.

Ушбу ва бошқа ҳолатлар инобатга олиниб, Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексининг 16-боби “Яраштириш тартиб-таомиллари”га бағишланган бўлиб, мазкур кодекснинг 130-моддасига кўра, суд тарафларнинг келишуви учун чоралар кўради, уларга иқтисодий суд ишларини юритишнинг барча босқичларида низони ҳал этишга кўмаклашади.

Бунда, тарафлар низони келишув битимини ёки медиатив келишувни тузиб ҳал этиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг “Иқтисодий судлар томонидан келишув битимини тасдиқлашда процессуал қонун нормаларининг қўлланилишига оид айрим масалалар тўғрисида” 2019 йил 18 декабрдаги 204-сон қарорининг 2-бандида келишув битими деганда, ўзаро келишишга асосланган, даъво талаби (талаблари)га нисбатан аниқликка эришишга қаратилган, низони ҳал қилиш тўғрисидаги тарафларнинг ёзма келишуви тушунилиши белгиланган.

Шунингдек, ИПКнинг 16-бобидаги нормаларининг мазмунига кўра, суд тарафларни муросага келтиришга кўмаклашиши, тарафлар даъво тартибидаги иш бўйича суднинг ҳар қандай босқичида ҳамда суд ҳужжатини ижро этиш жараёнида ҳам ёзма шаклда келишув битимини тузишлари мумкин.

Келишув битимида тарафлар томонидан келишилган мажбуриятларни бажариш шартлари ва муддатлари ҳақидаги қоидалар кўрсатилиши, тарафлар томонидан келишув битими шартлари бўйича қабул қилинган мажбуриятларнинг бажарилиши тарафларни бир-бирига ёки бошқа воқеаларга (ҳаракатларга) боғлиқ қилиб қўйиши мумкин эмас.

Бундан ташқари, келишув битимида жавобгар томонидан мажбуриятларни кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб ижро этиш тўғрисидаги, талаб қилиш ҳуқуқидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш ҳақидаги, қарздан тўлиқ ёки қисман воз кечиш ёхуд қарзни тан олиш тўғрисидаги, суд харажатларини тақсимлаш ҳақидаги шартлар ва қонунга зид бўлмаган бошқа шартлар кўрсатилиши мумкин.

Шу асосда, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг “Иқтисодий судлар томонидан келишув битимини тасдиқлашда процессуал қонун нормаларининг қўлланилишига оид айрим масалалар тўғрисида” 2019 йил 18 декабрдаги 204-сон қарорининг 20-бандига кўра суд томонидан тасдиқланган келишув битими тарафлар томонидан ихтиёрий равишда ижро этилиши лозим.

Бунда, тарафлар томонидан келишув битими ихтиёрий равишда ижро этилмаган тақдирда суд томонидан манфаатдор тарафнинг аризаси бўйича келишув битимини ижро этиш юзасидан ижро варақаси берилади.

Бундан ташқари, яраштириш тартиб-таомилларидан яна бири медиатив келишув бўлиб, медиатив келишув ҳам ИПК нормаларига асосан даъво тартибидаги ҳар қандай иш бўйича тузилиши мумкин.

Шуни алоҳида айтиб ўтиш жоизки, низоларни ҳал қилишда медиацияни қўллашнинг ҳуқуқий асоси 2018 йил 12 июнда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан “Медиация тўғрисида”ги Қонун қабул қилиниши ва Сенат томонидан шу йилнинг 28 июнь куни маъқулланиши билан шакилланди.

Мазкур Қонун 2019 йил 1 январдан кучга кирган. Ўзбекистон Республикасида медиацияни қўллаш доираси “Медиация тўғрисида”ги Қонун билан аниқ белгилаб қўйилган.

Қонуннинг 3-моддасига кўра, қуйидагиларга нисбатан медиация тартиб-таомиллари қўлланилади:

  • фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларга;
  • тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ келиб чиқадиган низоларга;
  • якка меҳнат низоларига;
  • оилавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларга.

Ўзбекистон Республикаси “Медиация тўғрисида”ги Қонуннинг
15-моддасига кўра, медиация тарафларнинг хоҳиш-истаги асосида суддан ташқари тартибда, низони суд тартибида кўриш жараёнида, суд ҳужжатини қабул қилиш учун суд алоҳида хонага (маслаҳатхонага) киргунига қадар қўлланилиши мумкин.

Медиация низоларни ҳал қилишнинг бошқа усуллари, хусусан низоларни суд тартибида ҳал қилишдан ўзининг бир қатор афзалликлари билан ажралиб туради.

Биринчидан, низоларни медиация воситасида ҳал қилиш суд тартибига нисбатан анча қисқа муддатларда амалга оширилади. Низоларни суд тартибида кўриб чиқиш учун кетадиган муддатнинг кўплиги муаммоси фақатгина Ўзбекистон учун тегишли эмас.

Мисол учун, Италияда қуйи турувчи судларда ишни кўриб чиқиш учун ўртача 3 йил керак бўлади. Агар суд қарори устидан шикоят қилинса, бу муддат 10 йилга чўзилади. Буюк Британияда
73% даъвогарлар Англия суд тизимининг урфдан қолганлиги ҳамда самарасизлигидан шикоят қилишади. Лондон шаҳридаги судлар томонидан ишни кўриб чиқиш учун камида 161 ҳафта, шаҳар ташқарисидаги судлар томонидан эса 195 ҳафта талаб этилади.

“Медиация тўғрисида”ги Қонуннинг 23-моддасида медиатор ва тарафлар медиация тартиб-таомили ўттиз кундан ортиқ бўлмаган муддатда тугалланиши учун барча мумкин бўлган чораларни кўриши кераклиги, зарур бўлган тақдирда, медиация тартиб-таомилини амалга ошириш муддати тарафларнинг ўзаро розилиги билан ўттиз кунгача узайтирилиши мумкинлиги белгиланган. Ушбу моддада медиацияни амалга оширишнинг энг узоқ муддатлари белгиланган.

Халқаро тажриба шуни кўрсатадики, аксарият ҳолларда медиацияни амалга ошириш муддати бир иш кунини, баъзан бир неча соатларни ташкил этади.

Хусусан, 2018 йил 30 ноябрда ҳолатига кўра, Сингапур медиация марказида томонлар ўртасида медиатив келишув тузилиши билан якунланган ишларнинг 90%дан ортиғи бир иш кунида ҳал қилинган.

Шунингдек, медиация тартиб-таомиллари қўлланилганда ишга тааллуқли барча маълумотлар мутлақо сир тутилади. Ўртадаги низо ва унга оид фактлардан фақатгина тарафлар ва уларнинг вакиллари ҳамда медиатор хабардор бўлиши мумкин ва уларга қонун билан бу ахборотларни ошкор қилмаслик мажбурияти юклатилади.

ИПК 65-моддасининг учинчи қисмига кўра медиация тартиб-таомилини амалга ошириш чоғида айни шу низо билан боғлиқ ҳолда медиатор сифатида иштирок этган шахслар вакил бўлиши мумкин эмас ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси “Медиация тўғрисида”ги Қонунининг 6-моддасида медиация иштирокчилари медиация жараёнида ўзларига маълум бўлиб қолган маълумотларни уларни тақдим этган медиация тарафининг, унинг ҳуқуқий ворисининг ёки вакилининг ёзма розилигисиз ошкор қилишга ҳақли эмаслиги, медиация иштирокчилари ўзларига медиация жараёнида маълум бўлиб қолган ҳолатлар ҳақида гувоҳ сифатида сўроқ қилиниши мумкин эмаслиги, шунингдек улардан медиацияга тааллуқли ахборотни талаб қилиб олиш мумкин эмаслиги, 25-моддасида медиацияни қўллаш чоғида медиатор тарафларнинг розилигисиз низонинг моҳияти бўйича ошкора баёнотлар беришга ҳақли эмаслиги, 27-моддасида агар медиатор тарафларнинг биридан медиацияга тааллуқли ахборотни олган бўлса, у бу ахборотни фақат уни тақдим этган тарафнинг розилиги билан бошқа тарафга ошкор қилиши мумкинлиги белгиланган.

Хусусан, “Медиация тўғрисида”ги Қонуннинг 29-моддасида медиация тартиб-таомилини амалга ошириш натижалари бўйича тарафлар келиб чиққан низо ёхуд мажбуриятларни бажариш шартлари ва муддатлари хусусида ўзаро мақбул қарорга эришган тақдирда, тарафлар ўртасида ёзма шаклда медиатив келишув тузилиши, медиатив келишув уни тузган тарафлар учун мажбурий кучга эга бўлиб, ушбу келишув унда назарда тутилган тартибда ҳамда муддатларда тарафлар томонидан ихтиёрий равишда бажарилиши, медиатив келишув бажарилмаган тақдирда тарафлар ўз ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини сўраб судга мурожаат этишга ҳақлилиги, медиатив келишув бажарилмаслигининг оқибатлари тарафлар томонидан ушбу келишувнинг ўзида белгилаб қўйилиши мумкинлиги белгиланган.

Шу ўринда такидлаш лозимки, Тошкент вилоят суди иқтисодий ишлари бўйича судлов ҳайъати ва туманлараро судларида тарафлар 2021 йилда 119 та ҳамда 2022 йилда 220 та иқтисодий ишлар юзасидан медиатив келишуви тузишган. Бу эса Тошкент вилоят суди иқтисодий ишлари бўйича судлов ҳайъати ва туманлараро судларида кўрилган ишларга нисбатан кам миқдорни ташкил этади.

Шундан келиб чиқиб, низоларни ҳал қилишнинг муқобил усули сифатида келишув битими ва медиатив келишувининг ўзига хос хусусиятлари ҳамда афзалликлари ҳақида фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида кенг тарғиб қилиниши лозим.

Хулоса қилиб айтганда, низоларни ҳал қилишнинг муқобил усули сифатида келишув битими ва медиатив келишув халқаро тажрибада синовдан ўтиб, ўзининг бир қатор афзалликлари билан дунё мамлакатлари миллий қонунчилигидан муносиб ўрин эгаллаб келмоқда.

А.Икромов,

Тошкент вилоят суди

раисининг ўринбосари,

иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси.

МАВЗУГА ОИД

ЖИСМОНИЙ ШАХСЛАР ҲАМ БАНКРОТ ДЕБ ТОПИЛИШИ МУМКИН

admin

КАФИЛЛИК МАЖБУРИЯТДИР

admin

ҚУТЛУҒ ЁШИНГ МУБОРАК БЎЛСИН!

admin

“ТИЛЛАЧИ”НИТАЛОН-ТАРОЖ ҚИЛГАНУЧОВЛОН ҚАМОҚҚА РАВОНА БЎЛДИ

admin