Жорий йилнинг 22 август куни Халқ депутатлари Олмалиқ шаҳар Кенгашининг олтинчи чақириқ навбатдаги 77-сессияси бўлиб ўтди.
Сессия аввалида кун тартибидаги биринчи масала — шаҳар Кенгашига сайлов ўтказувчи шаҳар сайлов комиссияси таркибига қўшимча киритиш тўғрисида Кенгаш котибият мудири Эргаш Абдураимовнинг ҳисоботи тингланди. Киритилган қўшимчага кўра, комиссиянинг 2 нафар аъзоси — Обид Алиқулов ва Муҳриддин Мусулмонқулов ўз аризаларига кўра аъзоликдан чиқарилди. Уларнинг ўрнига Нигора Салимбоева ва Даврон Абдуқаҳҳоровнинг номзодлари депутатлар томонидан бир овоздан тасдиқланди.
МИБ шаҳар бўлимининг жорий йил 6 ойлик фаолияти якунлари бўйича тингланган ҳисоботи депутатларнинг танқидига сабаб бўлди. Алимент тўловчи фуқароларнинг бандлиги таъминланмагани юзасидан бандлик масаласи бўйича масъул ташкилотларга Кенгаш сўрови юборилишига қарор қилинди.
Шундан сўнг депутатлар томонидан шаҳар ҳокимининг 2023 йил 7 августдаги 210-10-147-Q/23-сонли «Лавозимга тайинлаш тўғрисида»ги қарори тасдиқланди. 26-округ депутати Козимжон Ибрагимовнинг ҳоким ўринбосари лавозимига тайинлангани муносабати билан депутатлик ваколати муддатидан илгари тугатилди.
Кенгашнинг Одоб-ахлоқ масалалари бўйича доимий комиссияси раиси Озод Хасановнинг 15-округ депутати Шуҳрат Зиёхўжаевнинг иши юзасидан кўп ҳолларда узоқ сафарларда бўлаётгани ва бу депутатлик фаолиятини вақтида олиб боришга тўсқинлик қилаётгани учун ўз депутатлик ваколатини муддатидан олдин тугатиш тўғрисидаги аризаси овозга қўйилди.
2 нафар депутатнинг ваколатлари муддатидан илгари тугатилаётгани сабабли, Кенгашнинг айрим доимий комиссиялари таркибига ўзгартириш киритилди. Депутат Севара Қодирова Бюджет комиссияси раиси, Дониёр Каримов эса Қурилиш бўйича доимий комиссия раиси этиб депутатлар томонидан тасдиқлаб олинди.
«2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-408-сонли қарорининг Олмалиқ шаҳридаги ижроси тўғрисида доимий комиссиянинг қўшма йиғилишидаги муҳокамалар инобатга олиниб, тўғридан-тўғри овозга қўйилиб, тасдиқланди.
«2022-2026 йилларда мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида»ги ПФ-27-сонли Фармоннинг Олмалиқ шаҳридаги ижроси тўғрисида шаҳар ҳокими ўринбосари Соҳиб Ахмедовнинг ҳисоботи ҳам эшитилиб, Кенгаш томонидан муҳокама қилинди. Муҳокама пайтида депутатлар томонидан Таълим Кенгашининг фаолияти сустлиги танқид қилинди. Ноябрь ойида таълим бўйича жамоатчиликнинг ҳисоботини тинглаш талаби қўйилди. Шунингдек, маҳаллаларда қурилган мини стиадионлар ташландиқ аҳволда эканлиги танқид остига олинди. Стадионларни тадбиркорларга бериб, унумли фойдаланиш лозимлиги, депутатларнинг бир неча бор огоҳлантиришига қарамай ушбу стадионлар Ибн Сино МФЙдаги спорт майдончаси мисолида қаровсиз ётганлиги кўрсатиб ўтилди. Депутат Илҳом Эргашев томонидан мазкур стадионларни давлат-шерикчилиги асосида Бошқарув сервис компаниялари тасарруфига ўтказиш таклифи билдирилди. Бу ўринда маҳалладаги ёшларга стадиондан фойдаланиш бепул бўлиш шартлиги таъкидлаб ўтилди.
Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари юзасидан шаҳар Оила ва хотин-қизлар бўлимининг ҳисоботи ҳам эшитилди.
Дилфуза Рўзиева.