Image default
Жиноят ва жазо

ЖЎРАЛАРНИНГ КАЙФУ-САФОСИ ҚОТИЛЛИК БИЛАН ТУГАДИ

Карим Акбаев ёши 50га қараб кетаётсада, шу ёшгача на тайинли ҳунар, на бирор бир касбнинг бошидан тутмади. Ота-онасининг қарамоғида яшар, тирикчилик учун мавсумий ишга чиқиб турар, орада “чарчоқбосди” дея спиртли ичимликлар истеъмол қилиб кайфу-сафо қилиб туришни канда қилмасди. 2023 йилнинг 10 март куни ҳам Каримнинг ўрганган кўнгли ўртаниб, топган пулига 2 литр ароқ ва бошқа майда-чуйда олиб, танишлари Ихтиёр, Хасан ва Элмурод билан соат 18:30ларда “отамлашиш” учун учрашди. Яримтани “уриб олган жўралар”нинг ширакайфлигидаги гаплари бир-бирига ёқмай, битта гап кам, битта гап кўп бўлиб, ўртада жанжал чиқди. Аввал муштлашув билан бошланган тортишув Карим томонидан Ихтиёрнинг ўнг биқинига ошхона пичоғи билан санчиб олиши билан тугади.

Афсуски, Ихтиёр олган тан-жароҳати билан Олмалиқ шаҳар Марказий шифохонасига тез-тиббий ёрдам ходимлари томонидан олиб кетилаётган вақтда йўлда вафот этди.
Қонни кўриб қўрқиб кетган Карим ошхона пичоғини ўша ерда қолдириб, Элмуроднинг уйидан қочиб чиқиб, отасининг уйига келди. Орадан кўп вақт ўтмасдан Каримнинг уйига шаҳар ИИБ ходимлари келиб, уни қўлга олишди.
Ихтиёр Хайдаров оилада тўнғич фарзанд бўлиб, 1 нафар фарзанди бор, аммо 2 йил аввал турмуш ўртоғи билан ажрашганидан сўнг спиртли ичимлик истеъмолига ружу қўйганди. “Олмалиқ КМК” АЖда ишлаб, 2022 йил сентябрь ойида ишдан бўшаган, Тошкент шаҳрида мавсумий ишда ишлар ва ўзига ўхшаган хамтовоқлар билан дўстлашиб олганди.
Олмалиқ шаҳар суд тиббий экспертизасининг маълумотига кўра, 2023 йил 10 март куни соат 19.45ларда 1993 йилда туғилган И.Хайдаровнинг мурдаси шаҳар Марказий шифохонасининг жонлантириш бўлимида кўздан кечирилганида, унинг ўнг кўкрак қафаси соҳасида 6-7 қовурғалар оралиғида санчма кесма жароҳат ўткир бир томонлама санчувчи– кесувчи хусусиятга эга бўлган пичоқ таъсирида етказилганлиги, бу тан жароҳати оғирлик даражаси бўйича ЎТА ОҒИР ҲАЁТ УЧУН ХАВФЛИ тан жароҳатлари тоифасига кириб, ушбу ҳолатда ўлимга олиб келгани, И.Хайдаровга тан жароҳати етказилганидан кейин унга ярим-бир соатларда тиббий ёрдам кўрсатилгани маълум бўлган.
Шунингдек, ички қон қуйилиши натижасида И.Хайдаровнинг жигари жароҳатланиб, кўкрак қафасида 1.700 грамм қон қуйқаси йиғилиб қолган.
Судга оид психиатрия экспертизасининг хулосасига кўра, Карим Акбаевнинг жиноят содир этиш пайтида бирон-бир сурункали асаб касалликлари билан касалланмаганлиги, содир этаётган ҳаракатларига тўлиқ жавоб бера олиши, ўзини бошқара олганлиги содир этган ўта оғир жиноий ҳаракатларида ақли расо, ўзининг ҳаракатларини тўлиқ бошқара олганлиги ўзининг ҳаракатлари билан жамиятга хавф туғдираётганлигини билганлиги, К.Акбаев руҳий касалликка чалинмаганлиги ва тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилишига муҳтож эмаслиги, тергов ва суд жараёнида кўрсатма бериши мумкинлиги тасдиқланган.
Гувоҳ Элмурод Тўхтамуродов ўз кўрсатмасида К.Акбаев марҳум И.Хайдаровни ҳақорат қилгани, нафсониятига тегадиган гаплар гапиргани, шунда И.Хайдаров ўрнидан туриб, К.Акбаевнинг юзига бир-икки маротаба урганида, К.Акбаев стол устида турган ёғоч дастакли ошхона пичоғини олиб, И.Хайдаровнинг ўнг кўкрак қисмига санчиб олганлигини ва қочиб кетганини тасдиқлади.
Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 56-моддасига кўра, судланувчининг спиртли ичимликлар истеъмол қилиб, маст ҳолда, қасддан одам ўлдиргани, яъни қасддан жиноят содир этганини жазони оғирлаштирувчи ҳолат, ЖКнинг 55-моддасига кўра, судланувчининг қилган ишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини жазони енгиллаштирувчи ҳолат деб топилди.
Суд, К.Акбаевга жазо тайинлашда унинг шахсини, қарамоғида ота-онаси ва бир нафар вояга етмаган фарзанди борлигини, шунингдек у томонидан ўта оғир жиноят, яъни қасддан одам ўлдириш жинояти содир этилганини, жабрланувчи, яъни марҳум И.Хайдаровнинг шахсини инобатга олиб, суд К.Акбаевгага нисбатан у айбланаётган Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 97-моддасида кўзда тутилган озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлашни лозим топди.
Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 454-457, 460, 463, 465-468, 471-473-моддаларига риоя қилиб суд Карим Акбаевга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топиб, унга 12 (ўн икки) йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазо умумий тартибли колонияларда ўтаттирилиши белгиланди.
Носоғлом ҳаёт тарзи бир инсоннинг ҳаётдан бевақт кетишига, бошқа бир инсоннинг умрини қамоқда ўтказишига, ота-оналарнинг қайғусига ҳамда фарзандларнинг тирик етим бўлиб отасиз ўсишига сабаб бўлди. Жўраларнинг бир неча лаҳзалик кайфу-сафоси қотиллик билан якунланди. Хулоса қилишни ўзларингизга ҳавола этамиз…

Давронжон Аҳмедов,
Ўзбекистон Республикаси Прокуратура органлари
тергов тармоқлари фаолияти устидан
назорат бошқармаси катта прокурори.

МАВЗУГА ОИД

ИККОВЛОНТИЛЛА ВА КУМУШНИ УЗОҚҚА ОЛИБ КЕТОЛМАДИ

admin

ГИЛАМГА ШИМДИРИЛГАН100,4 ГРАММ ОЛТИН ВА 28 ГРАММ КУМУШ…

admin

ЖИНОЯТЧИЛИК САБАБ «ҚИЗИЛ ҲУДУД»ГА КИРГАН МФЙЛАР

admin

БОЖХОНА ТЎЛОВЛАРИДАН ҚОЧДИ-Ю, ҚОНУНДАН ҚОЧОЛМАДИ

admin