Image default
Таълим

ҒАЛВИР СУВДАН КЎТАРИЛДИ

Жорий йилнинг 25 август куни 20-ихтисослашган Давлат умумтаълим мактабида Устозлар миллий форуми бўлиб ўтди. Форумда 2022-2023 ўқув йилида шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бўлимида эришилган натаижалар хусусида бўлим бошлиғи Хусниддин Турғунбоевнинг ҳисоботи тақдим этилди.

Хабарингиз бор, таълим соҳасида амалга оширилаётган маъмурий ислоҳотлар доирасида шаҳарда 2 та ташкилот бирлаштирилиб, Олмалиқ шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бўлими қайта ташкил этилди.
Шу муносабат билан бугунги кунда Олмалиқ шаҳрида 20 та умумтаълим, 3та ихтисослаштирилган мактаб, 1 та махсус мактаб, 1 та мактаб-интернат ҳамда 1 та “Баркамол авлод” болалар мактаби фаолият олиб бормоқда.
Шунингдек, Олмалиқ шаҳрида жами 52 та мактабгача таълим ташкилоти фаолияти йўлга қўйилган, шундан, 19 та давлат, 14 та ташкилотга қарашли, 11 та хусусий, 8 та оилавий нодав- лат ташкилотлари мавжуд.
Шаҳарда 3-7 ёшдаги болалар 9944 нафарни ташкил қилиб, уларнинг 7523 нафари (75,7 %) мактабгача таълим билан қамраб олинган.
Шаҳар мактабларида жами ўқитувчилар сони 1478 нафар, шундан 1285 нафари олий маълумотли, 61 нафари ўрта махсус ва 132 нафари тугалланмаган олий маълумотга эга. Уларнинг 170 нафари олий тоифали, 350 нафари 1-тоифали, 359 нафари 2-тоифали ҳамда 599 нафари мутахассис. Барча турдаги Мактабгача таълим ташкилотларида жами 843 нафар педагог-тарбиячилар фаолият кўрсатади.
Шаҳримиз мактабларида сифатли таълим олиш шароитларини яхшилаш борасида муайян ишлар амалга оширилди. Хусусан, 2022 йил Инвестиция ва бошқа дастурлар доирасида 14,2 млрд. сўм маблағ ҳисобига 1 та реконструкция, 2 та янги қурилиш ишлари амалга оширилди. Натижада қўшимча 360 нафар ўқувчи ўрни яратилди, 9-умумтаълим мактабига 12х24 ўлчамдаги спорт зали қурилди.
Таълим ташкилотларида сифатли таълим бериш учун шароитларни яхшилаш ишлари чин маънода умумхалқ ҳаракатига айланди. Шу ўринда “Ташаббусли бюджет” маблағи ҳисобига 6 та мактаб 1,11 млрд сўмлик мебель жиҳозлари ва техник воситалар билан таъминланди.
2023 йилда Инвестиция дастури доирасида 37 млрд. сўм маблағ ҳисобига 1 та мактабда (16-мактаб) реконструкция ва янги қурилиш ишлари амалга оширилмоқда. Натижада қўшимча 660 нафар ўқувчи ўрни яратилди.
Жорий йилда “Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг биринчи мавсуми бўйича умумий 3 та умумтаълим мактабида (1-,5-,20) жорий таъмирлаш ишлари бажариши белгиланган.
Таъмирлаш учун 1 млрд 600 миллион сўм маблағ ажратилган. Ҳозирги кунда ушбу мактабларда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
“Коинот” МФЙ ҳудудида жойлашган 15-мактабга 50 млн сўм маблағга 2 та интерактив доска олинди.
Республика таълим таъминот корхонаси томонидан 2 та (4-, 20-сонли) умумтаълим мактабига 17 комплектдан жами 34 комплект 1 донаси 10 млн сўмдан бўлган жами 510 млн сўмлик компьютер жиҳозлари топширилди. Ушбу тадбирлар 2023 йил якунига қадар амалга оширилади.
Жорий йил сентябр ойида «2023/2025 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2022 йил 30 декабрдаги ПҚ–465-сон қарори асосида Ислом Каримов МФЙда 420 ўринли 14 та гуруҳдан иборат 4-сонли “Шодиёна” номли Давлат мактабгача таълим муассасаси, Абдулла Қаҳҳор МФЙда 420 ўринли 14 та гуруҳдан иборат 8-сонли “Ширинтой” номли давлат мактабгача таълим ташкилотлари очилиши режалаштирилган. Унга кўра йил якунига қадар болаларнинг мактабгача таълим ташкилотларига қамрови 75,7 фоиздан 85 фоизга етказилади.
Жорий йил давомида “Узлуксиз касбий таълим” электрон платформаси орқали 2 683 нафар фан ўқитувчилари ҳамда 42 нафар раҳбар ходимлар касбий малакаларини оширдилар. Директор вазифасини вақтинча бажараётган 2 нафар педагог Менежерлик ўқув курсларига жалб этилди. Мактаб директорлари ва педагогик жамоанинг салоҳиятидан келиб чиқиб ўқувчиларни билим ва кўникмаларини баҳолашнинг янги тартиби жорий қилинадиган 1 та мактаб танлаб олинди ва улар учун ихтисослаштирилган мактаблар билан ҳамкорликда семинар-тренинглар ташкил этилди.
Ўқувчиларни иккинчи хорижий тилга ўргатиш ва касб-ҳунарга йўналтириш бўйича 1 та таянч мактаби ташкил этилди. Маҳаллий ҳокимлик билан ҳамкорликда мазкур мактабни 2 та тил ва ахборот технологиялари йўналишида жиҳозлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг соврини учун “Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб” танлови биринчи босқичда ташкил этилиб, унда 11та мактабдан 55 нафар ўқувчи иштирок этишди. Шаҳар босқичида 5-умумтаьлим мактаби ғолибликни қўлга киритиб, вилоят босқичида иштирок этди ҳамда 1-ўринни эгаллади. Ғолиблар танловнинг Республика босқичида ҳам фаол иштирок этдилар.
Таълим муассасаларида ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, ўқувчи-ёшлар ўртасида ёт ғоялар ва зарарли одатларнинг олдини олиш, уларда мустақил фикрлаш кўникмаларини шакллантиришга қаратилган 40 дан ортиқ шаҳар миқёсидаги тадбирлар, ижодий учрашувлар, давра суҳбатлари ва семинар-тренинглар ўтказилди.
Мактабларнинг ички тартиби ва одоб-ахлоқ қоидаларига доимий амал қилмайдиган 115 нафар, мунтазам дарс қолдирувчи- 22 нафар ва 10 нафар жиноят содир этган ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари билан алоҳида ишлар олиб борилиб, қизиқишлари бўйича фан, спорт ва касб тўгаракларига жалб қилинди. Ушбу ўқувчилар билан умумтаълим мактабларига бириктирилган психолог-инспекторлар ҳамкорлигида профилактик тадбирлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, ёзги таътил даврида 7 та мактабда соғломлаштириш майдончалари фаолият кўрсатиб, уларга 1380 нафар ўқувчи қамраб олинди.
Таълим сифатини ошириш омиллари ва мавжуд муаммоларга индивидуал ёндашган ҳолда амалга оширилган тадбирлар сабабли муайян натижаларга эришилди. Хусусан, сўнгги бир йил давомида мактабларда фаолият кўрсатаётган 1478 нафар ўқитувчиларнинг 170 нафари олий тоифали, 350 нафари 1-тоифали, 359 нафари 2- тоифага эга бўлишди. Уларнинг 564 нафарининг амалдаги малака тоифаси бир поғонага кўтарилди.

2022 йилнинг 6 ойи давомида мактабларда фаолият кўрсатаётган тоифали педагогларнинг салмоғи 2022 йилнинг шу даврига нисбатан 38,8 фоиздан 59,6 фоизга ошишига эришилди. Хусусан, олий малака тоифали ўқитувчилар 7 фоиздан 11,5 фоизга, биринчи малака тоифалилар 16 фоиздан 23,6 фоизга, иккинчи малака тоифалилар 16 фоиздан 24,3 фоизга ошган бўлса, тоифасиз ўқитувчилар салмоғи 60 фоиздан 40,5 фоизга камайди.
Шу билан бирга Миллий ва халқаро тан олинган сертификатларга эга бўлган фан ўқитувчиларининг улуши 71,9 фоизга ошишига эришилди.
Ушбу ҳолатлар ўқувчи ва педагогларимизнинг билим даражаси ва интеллектуал салоҳиятини баҳолашга қаратилган танловларда ҳам ўз натижасини кўрсатди. Жумладан, дарс бераётган фани бўйича ўқитувчилар ўртасида ўтказилган икки босқичли танловда юқори натижага эришган 7 нафар педагогларимиз Вазир жамғармаси ҳисобидан ҳар ой 5,5 млн. сўмлик устама ҳақ олиш ҳуқуқига эга бўлишди.
Ўқувчилар ўртасида умумтаълим фанлари бўйича Республика фан олимпиадасининг вилоят босқичида 102 нафар ўқувчи иштирок этиб, шундан 14 нафар ўқувчи вилоят босқичида фахрли 1-,2-,3-ўринларни эгаллади. Фан олимпиадасининг Республика босқичида 2 нафар ўқувчи иштирок этди.
“Ал-Хоразмий” олимпиадасининг шаҳар босқичида 231 нафар ўқувчи иштирок этиб, шундан 14 нафар ўқувчи вилоят босқичида иштирок этиш имкониятини қўлга киритди. Чирчиқ Давлат педагогика университети томонидан табиий фанлар олимпиадасида 95 нафар ўқувчи иштирок этиб, 2 нафари вилоят босқичига чиқди. Шундан 7-умумталим мактабининг 11-синф ўқувчиси Комилжон Қодиров Чирчиқ Давлат Педагогика институтига грант асосида ўқишга қабул қилинди.
Жорий ўқув йилида мактабларнинг 9-синфини намунали хулқ ва аъло баҳоларга битирган 50 нафар ўқувчи имтиёзли шаҳодатномаларга эга бўлди. Шунингдек, 11-синфни битирган 23 нафар ўқувчи олтин медаль соҳиби бўлишди. Мактабларда таълим олган 108 нафар битирувчиларимиз муддатидан олдин талабаликка қабул қилинди.

Янги ўқув йилидан амалга ошириладиган вазифалар
Биз таълим сифатини ошириш ҳамда таълим муассасаларидаги маънавий-маърифий ишларни яхшилаш, мактаб битирувчиларини ватанпарварлик руҳида, рақобатбардош кадрлар этиб тайёрлашимиз зарур. Таълим тизимига ажратилаётган маблағлар таълим сифатини яхшилаш ва таълим олувчиларга етарли шароит яратиш мақсадида ишлатилмоқда.
Ўтган ўқув йилида амалга оширилган ишлар таҳлил этилиб, вилоят миқёсида мактаблар рейтинги бўйича юқори ўринларда бўлиш, битирувчиларнинг олийгоҳларга кириш улушини ошириш, ўқувчилар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш, ўқитувчилар салоҳиятини оширган ҳолда янги ўқув йилида амалга оширилиши лозим бўлган долзарб масалалар режалаштириб олинди.
Жумладан, янги ўқув йилидан бошлаб мактаб фаолияти ҳар душанба куни давлат мадҳиясини куйлаш ва байроқ кўтариш билан бошланади. Тасдиқланган график асосида юқори синфларда қисқа муддатли ахборот вақтлари ташкил этилиб, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ўқувчи-ёшларга яратилаётган шароит ва имкониятлар билан таништириб бориш йўлга қўйилади.
Бошланғич синфларда янги авлод дарсликлари асосида таълим берилади, 5-9-синфларда танқидий ва мустақил фикрлашга йўналтирилган билимлар шакллантирилади. Ўқув фанларининг амалий машғулотлар улуши 45 фоиздан 65 фоизгача оширилади. Бунда мавзулар аниқ муаммони ҳал қилиш орқали ўргатилади, амалиёт дарслари эса лойиҳани бажариш шаклида ўтказилади.
Мактабларнинг 10-11-синфларида 2 тил ва 1 та йўналишда касбга ўргатиш жорий этилиб, 1 та ахборот технологиялари йўналишида мактабларни жиҳозлаш ишлари амалга оширилади. Баҳолашнинг форматив ва сумматив усуллари жорий этилади. Бу борада шаҳарда ихтисослаштирилган мактабнинг баҳолаш тизими 20-мактабда жорий этилади. Барча мактабларда дарсдан ташқари таълим йўлга қўйилиб, спорт секциялари, фан ва қизиқиши бўйича тўгараклар фаолият кўрсатади. Шунингдек, ўқувчилар қизиқишлари бўйича Баркамол авлод болалар мактаблари тўгаракларига йўналтирилади.
2023 йил сентябрь ойидан бошлаб биринчи марта ишга қабул қилинган ўқитувчилар бир йил давомида стажёр-ўқитувчи сифатида фаолият юритади ва шу давр ичида сертификат олиши лозим бўлади.

МАВЗУГА ОИД

100 МИЛЛИОН + 250 МИЛЛИОН СЎМ МАБЛАҒ ҒОЛИБИ БЎЛГАН ЖАМОАНИНГ СИРИ НИМАДА?

admin

ИҚТИДОРЛИ ЎҚУВЧИЛАР РАҒБАТЛАНТИРИЛДИ

admin

ДАҲОГА ТАЪРИФ МУТАХАССИС ТИЛИДА

admin

ИПАК ЙЎЛИ ИННОВАЦИЯЛАР университети

admin