Image default
Суд амалиётидан

ОТА БЎЛИШ ОТАЛИК ҚИЛИШ ДЕГАНИМАС!

Алижон 2009 йил апрел ойида Дилафруз билан қонуний никоҳдан ўтиб оила қурди. Турмушлари давомида икки нафар, яъни 2010 йилда туғилган Давронбек ва 2012 йил 7 декабрда туғилган Беҳзод исмли фарзандлари туғилди. Аммо оиладаги турли жанжаллар сабабли, Дилафруз тез-тез кетиб қолар, охир-оқибатда улар ажрашди ҳамда Д.Суюнбоева эри Алижон Суюнбаевни алиментга берди.

Гарчи ажрашган бўлсада 39 ёшли Алижон 2 нафар вояга етмаган фарзанднинг отаси. Илгари ҳам жиноят ишлари бўйича Олмалиқ шаҳар суди томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 122-моддаси 1-қисми билан 1 йил 6 ой муддатга ойлик иш ҳақининг 15% давлат даромади ҳисобига ундириш шарти билан ахлоқ тузатиш иши жазосига судланган.
Фуқаролик ишлари бўйича Оҳангарон туманлараро судининг 2011 йил 17 февралдаги ижро варақасига асосан, ундирувчи Д.Суюнбаеванинг фойдасига бир нафар вояга етмаган фарзанди, яъни 2010 йил 22 сентябрда туғилган Диёрбек Тойиров ҳамда фуқаролик ишлари бўйича Оҳангарон туманлараро судининг 2013 йил 4 июлдаги ижро варақасига асосан ва ундирувчи Д.Суюнбаеванинг фойдасига бир нафар вояга етмаган фарзанди, яъни 2012 йил 7 декабрда туғилган Беҳзод Суюнбаевнинг вояга етгунига қадар моддий таъминоти учун ҳар ойдаги иш ҳақи ва бошқа даромадларининг иккидан бир қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган. Аммо Алижон мазкур алимент пулларини 2019 йил июнь ойидан 2022 йил сентябрь ойига қадар тўламаганлиги сабабли, жиноят ишлари бўйича Олмалиқ шаҳар суди томонидан 2022 йил 11 ноябрда Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 474-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топилиб, унга 15 (ўн беш) сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланганлигидан ўзига тегишли хулоса чиқармади. Яъни, моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган фарзандларини моддий жиҳатдан таъминлаш учун ижро варақага асосан ундирилиши лозим бўлган 87.578.196 (саксон етти миллион беш юз етмиш минг саккиз юз бир юз тўқсон олти) сўм пул маблағларини жами бўлиб икки ойдан ортиқ, яъни, 2023 йил июнь ойига қадар 8 ой муддат мобайнида тўлашдан қасддан бўйин товлаб келган.
Суд мажлисида судланувчи А.Суюнбаев айбига қисман иқрор бўлиб, айбловда кўрсатилган 87.578.196 сўм алимент қарздорлиги борлиги ҳақида ҳисоб-китобдан норози эканлиги, келгусида ишлаб алиментдан бўлган қарздорлигини бартараф қилиши, бироқ ҳозирда мазкур алимент пулларини тўлаш имконияти мавжуд эмаслигини баён қилиб, оилавий шароити оғирлигини, қилмишидан пушаймонлигини инобатга олган ҳолда қонуний енгиллик беришни сўради.
Суд, судланувчи А.Суюнбаевнинг моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган шахсни моддий таъминлашдан икки ойдан ортиқ бўлган муддат ичида, шундай ҳаракати учун маъмурий чора қўлланилганидан сўнг қасддан бўйин товлашда ифодаланган жиноий ҳаракати суриштирув органи томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 122-моддаси 1-қисми билан тўғри квалификация қилинган деб ҳисоблайди.
Суд, судланувчи А.Суюнбаевга нисбатан жазо тайинлашда, унинг айбига қисман иқрор бўлиб, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, оилавий ва моддий шароитини, шахсини Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 55-моддасига асосан жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар деб, жиноятни ғараз ва паст ниятларда содир этганлигини Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 56-моддасига асосан жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар деб баҳолайди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 77-моддасида ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунга қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамғўрлик қилишга мажбур эканлиги белгиланган.
Суд, юқоридаги Олий суди Пленумининг раҳбарий тушунтиришлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 55,56-моддалари талабларига риоя қилиб, судланувчи Б.Артиковга жазо тури ва меъёрини тайинлашда, уни шахсини, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 77-моддасида белгиланган мажбуриятини қасддан бажармаганлигини инобатга олиб, уни хулқини жамиятдан ажратган ҳолда қайта тарбия қилиш мақсадга мувофиқ бўлади деб ҳисоблайди.
Бундан ташқари, суд айбловга қўйилган моддий зарар миқдори ва уни ундириш масаласини муҳокама қилиб, гарчи айбловда А.Суюнбаев 87.578.196 сўм алимент пулларни тўламаганлиги қайд этилган бўлса-да, судланувчи А.Суюнбаев жабрланувчи Д.Суюнбаевага бўлиб-бўлиб 1.200.000 (бир миллион икки юз минг) сўмни қўлига берганлигини боис, судланувчи А.Суюнбаевдан жабрланувчи Д.Суюнбаеванинг фойдасига 86.378.196 (саксон олти миллион уч юз етмиш саккиз минг бир юз тўқсон олти) сўм алимент пулларини ундиришни белгилашни лозим деб топади.
Юқоридагиларга ҳамда Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 454-457, 460-463, 465-468, 472-473-моддаларига асосан суд А.Суюнбаевга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 122-моддаси 1-қисмида кўзда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топиб, унга 8 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Маъмуржон Тўйчиев,
жиноят ишлари бўйича
шаҳар суди раиси.

МАВЗУГА ОИД

ФИРИБГАРЛАРГА ҲАРОМ ЛУҚМА БУЮРМАДИ

admin

ЖИСМОНИЙ ШАХСЛАР ҲАМ БАНКРОТ ДЕБ ТОПИЛИШИ МУМКИН

admin

ШАРТНОМА НОТАРИАЛ ТАРТИБДА ТАСДИҚЛАНМАСА…

admin

РЕФЕРЕНДУМ 30 АПРЕЛДА БЎЛИБ ЎТАДИ. РЕФЕРЕНДУМ ЎЗИ НИМА?

admin