Корхоналарда халқаро стандарт талабларига мувофиқ сифат тизимларининг жорий этилиши рақобат муҳитида корхоналар ютуғининг кафолати ҳисобланади. Бундан ташқари сифат тизимларини жорий этган корхоналарга солиқ, божхона, маҳсулотларни экспорт жараёнлари ва банк хизматлари бўйича ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг имкониятларини янада кенгайтириш мақсадида қатор имтиёз ва қулайликлар берилган.
Шу жумладан, солиқ солинадиган база янги технологик ускуналар сотиб олишда, сифатни бошқариш тизимларини жорий этиш ва маҳсулотни халқаро стандартлар талабларига мувофиқ сертификатлаштиришда камайтирилади. Сифатни бошқариш тизимларини жорий этаётган микрофирма ва кичик ташкилотларга ягона солиқ тўловларини камайтириш тартиби қўлланилади, синов лабораторияларига эга бўлган корхоналар белгиланган тартибда лабораторияда текшириш ва тест синовидан ўтказишда фойдаланиладиган технология жиҳозлари, шунингдек, бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмларни четдан келтиришда, агар уларни етказиб бериш технология жиҳозлари етказиб бериш учун тузилган контракт шартларида назарда тутилган бўлса, божхона тўловларидан, шу жумладан қўшилган қиймат солиғидан озод қилиш тартиби қўлланилади. Давлат эҳтиёжлари учун маҳсулотлар харид қилиш юзасидан тендер савдолари ўтказишда бошқа тенг шарт-шароитларда устунлик сифатни бошқаришнинг сертификатлаштирилган тизимига эга бўлган мамлакатимиз маҳсулот етказиб берувчиларига берилади.
Бу борада “Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази” Давлат муассасаси Олмалиқ филиали томонидан корхоналарга амалий ва методик ёрдам кўрсатиб келинмоқда. Жумладан, маҳсулотларни экспорт қилишга кўмаклашиш бюроси ва менежмент тизимларини сертификатлаштириш идораси томонидан аккредитация доирасига асосан ISO 9001 “Сифат менежмент тизимлари”, ISO 22000 “Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигининг менежмент тизимлари”, ISO 50001 “Энергетик менежмент тизимлари” ва ҳоказо халқаро стандартларни жорий қилган корхоналар сертификатлаштирилмоқда. Бу эса корхона ва ташкилотларнинг экспорт салоҳиятини оширишда, рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришда халқаро тендерларда қатнашишда кенг имкониятлар эшигини очиб беради.
Бир сўз билан айтганда, замонавий истеъмолчи талабини ҳар томонлама қондириш, уларга сифатли, соғлиқ учун хавфсиз бўлган маҳсулотлар ва хизматларни тақдим этиш бугунги куннинг долзарб масаласи бўлиб келмоқда. Бу эса мамлакатимиз корхона ва ташкилотларида сифатни бошқариш тизимларини фаол жорий этиш ва шу орқали иш унумдорлигини таъминлашни тақозо этади.
Д.Собитов,
“Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази” Давлат муассасаси
Олмалиқ филиали мутахассиси.