Image default
Саломатлик

ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ, ЯҚИН АТРОФИНГИЗДА ГРИПП

Мана, ўлкамизга куз мавсуми кириб келди. Болаларимиз боғча, мактабга ҳам чиқишди.
Куз мавсумида совуқлар тушиб  аҳоли орасида грипп, шамоллаш яъни ЎРВИ (ўткир респиратор вирусли инфекция), аллергия,  гепатит А, менингит касалликлари пайдо бўлади.
Аҳоли орасида кўп учрайдиган касалликлардан бири бу — гриппдир. Бугунги маълумот шу ҳақда.
«Грипп» вируси нафас йуллари оқали инсон танасига кириб, эпидемияга сабаб бўладиган юқумли касалликдир.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, грипп ҳар йили дунё аҳолисининг 5 фоизини қамраб олади.Гриппни вируслар кўзғатади, уларнинг A, Ap А2, В, С турлари маълум.
Илк бор  гриппнинг тавсифини 1403 йилда француз олими Этьеном Паскье берган. Кейинчалик 1983 йилда Смит и Ландау гриппнинг А типини кашф этишган.
Вируслар вақти-вақти билан антиген тузилишини ўзгартириб туради. Жумладан, А турининг ўзида антиген хусусиятига қараб A (Н1N1), А (Н1N2) антигенли вируслар фарқ қилинади.
Ўзбекистонда, асосан, А, айрим ҳолларда, В тури учрайди. Грипп вируслари жуда беқарор, хона шароитида бир неча соатдан сўнг юқиш эҳтимоли йўқолади, қуёш нури таъсирида тез нобуд бўлади.
Паст ҳароратда, айниқса, ҳаво ҳарорати 0° дан паст бўлганда вирус узоқ сақланади. Шу сабабли грипп касаллиги совуқ мавсумда кўпроқ кузатилади.
Дезинфекцияловчи воситалар (хлорамин, хлорли оҳак эритмалари, формалин, кислота ва ишқорлар) таъсирида вируслар тез нобуд бўлади.
Гриппнинг клиник белгилари:
Инкубацион давр 6-7 кун.
Грипп кескин бошланади:
Бир неча соат ичида беморда иситма, йўтал (одатда қуруқ), бош оғриғи, мушаклар ва бўғимларда оғриқ, заифлик, томоқ яллиғланиши ва бурун оқиши кузатилади.
Ушбу аломатларнинг баъзилари мавжуд бўлмаслиги мумкин, аммо юқори иситма ва кескин бошланиш касалликнинг классик белгиларидир.
Аксарият одамлар бир ҳафта ичида даволанмасдан тузалиб кетишади. Аммо хавф гуруҳи остидаги грипп жиддий оқибатларга ва ўлимга олиб келиши мумкин.
Хавф гуруҳларига қуйидаги киради:
•  икки ёшгача бўлган болалар;
•  65 ёшдан катта қариялар;
•  ҳомиладор аёллар;
•  ҳар қандай ёшдаги сурункали юрак, ўпка, буйрак, жигар, қон касалликлари,   шунингдек қандли диабетдан азият чекувчилар;
•  иммунитети пасайган беморлар (масалан, ОИВ билан касалланганлар).
Профилактика:
Гриппнинг олдини олишнинг бир неча йўли мавжуд: 
1.️ Касал одамлар билан алоқа қилишдан сақланинг;
2️. Агар ўзингизни ёмон ҳис қилсангиз, ишга борманг; 
3.️ Бетоблик тугаб, касалликнинг ҳар қандай аломати йўқолгандан кейин камида бир кун уйда қолинг;
4.️ Агар касал бўлсангиз, иложи борича бошқа одамлар билан алоқа қилишдан сақланинг;
5️. Аксириш ва йўталаётганда оғзингиз ва бурнингизни албатта рўмолча  ёки (бир марта ишлатиладиган қоғоз) билан ёпинг;
6️. Қўлларингизни иложи борича тез-тез совун билан ювинг.
Агар бунинг имкони бўлмаса, антисептик геллардан (санитария воситаларидан) фойдаланинг. 
Кўз, бурун ва оғзингизга тегманг, айниқса жамоат жойларига борганда.
Профилактиканинг энг самарали усули вакцинациядир!

Д.Зиябидинова,
2-Оилавий поликлиника
умумий амалиёт шифокори.

МАВЗУГА ОИД

ЛЕЙШМАНИОЗ қандай касаллик?

admin

ШИЗОФРЕНИЯ НИМА?

admin

КУЙДИРГИ НИМАСИ БИЛАН ХАВФЛИ?

admin

УЙИНГИЗДА ИТ, МУШУК БОРМИ? Унда буни албатта ўқинг

admin