Юртимизда 2022 йилнинг қиш мавсуми одатдагидан совуқ келиши натижасида давлатимиз томонидан биринчи навбатда аҳолига табиий газ етказиб бериш мақсадида тезкор чора-тадбирлар қабул қилинди. Яъни, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири томонидан 2022 йил ва жорий йилнинг куз-қиш мавсумига ижтимоий соҳа объектлари ва иқтисодиёт тармоқларини тайёрлаш ҳамда аҳолига ёқилғи-энергетика ресурсларини узлуксиз етказиб бериш мақсадида 2022 йил 15 ноябрда тасдиқланган “2022/2023 йиллар куз-қиш мавсумида истеъмолчиларни ёқилғи-энергетика ресурслари билан барқарор таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 264-сонли йиғилиш баёнининг 11-бандида, “Hududgazta’minot” АЖ ва унинг қуйи тизимлари 2022 йилнинг 20 ноябрь кунидан бошлаб куз-қиш мавсумида оҳак, цемент, асфальт-бетон ва ғишт ишлаб чиқарувчи корхоналарга табиий газ етказиб беришни тўхтатиши шартлиги қатъий белгиланди.
Аммо Олмалиқ шаҳрида фаолият юритган “Olmaliq g’ishtchisi” МЧЖга қарашли ихтисослаштирилган ғишт ишлаб чиқариш заводига табиий газ етказиб берилиши давом этган. Бу эса “Olmaliqshahargaz” газ таъминоти бўлими бошлиғи билан боғлиқ бўлиб чиқди.
С.Сайипов, 2021 йил 3 ноябрдан 2022 йил 9 декабрь кунига қадар “Hududgaz Toshkent” газ таъминоти филиали “Olmaliqshahargaz” газ таъминоти бўлими бошлиғи лавозимида ишларди. У лавозим йўриқномасига кўра, бўлимнинг ишлаб чиқариш ва молиявий-хўжалик фаолиятига ҳамда газ тармоқларидан хавфсиз фойдаланишга йўналтирилган ташкилий — техник тадбирларни жорий қилиш бўйича умумий раҳбарлик қилиш, таъминотчилар ва истеъмолчилар ўртасида табиий газ етказиб бериш бўйича шартномавий мажбуриятларнинг бажарилишини ташкил қилиш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари ҳамда юқори ташкилотларнинг буйруқлари ва кўрсатмаларини сўзсиз бажарилишини таъминлаш каби мажбурият ва ваколатларга эга бўлган.
Аммо С.Сайипов мансаб ваколатини суиистеъмол қилиб, “Olmaliq g’ishtchisi” МЧЖга қарашли ихтисослаштирилган ғишт ишлаб чиқариш заводини газ тармоғидан тўлиқ ўчирилишини таъминламаган. Яъни, корхона газ тармоғидан ўчирилмаган бўлса-да, шаҳар газ таъминоти бўлими улгуржи истеъмолчилар билан ишлаш хизмати бошлиғи билан тил бириктириб, 2022 йил 29 ноябрда корхонани газ тармоғидан тўлиқ ўчирилганлиги тўғрисида далолатнома расмийлаштирган ҳамда ушбу далолатномага корхона табиий газ тармоғидан тўлиқ узилганлиги ва тамғаланганлиги ҳақида сохта маълумотлар киритган. Гарчи корхона табиий газ тармоғидан узиб қўйилиши жараёнида истеъмолчи сифатида “Olmaliq g’ishtchisi” МЧЖ раҳбари А.Юсуф иштирок этмаган бўлсада, уни далолатномада иштирок этганлиги тўғрисида сохта маълумотлар киритилган.
Шундан сўнг, С.Сайипов содир этган жиноятини фош этилишини олдини олиш ва унга қонуний тус бериш мақсадида, гўёки “Olmaliq g’ishtchisi” МЧЖ 2022 йил 29 ноябрь куни “газ тармоғидан тўлиқ ўчирилиб, тамғаланган бўлсада, корхона томонидан ушбу тамға бузилиб, газ тармоғига ўзбошимчалик билан уланиб, 2022 йил 29 ноябрдан 2022 йил 9 декабрь кунига қадар жами 118.282 м3 ҳажмдаги қиймати 118,2 млн. сўмлик табиий газни ноқонуний истеъмол қилгани тўғрисида” қалбаки маълумот тузиб, тўпланган ҳужжатларни Олмалиқ шаҳар прокуратурасига тақдим этган. Жиноят тўғрисида била туриб ёлғон хабар бериш оқибатида “Olmaliq g’ishtchisi” МЧЖга нисбатан прокуратура томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 1852-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилишига ва жамият манфаатларига жиддий зиён етказилишига сабабчи бўлган.
Шунингдек, С.Сайипов сўроқ қилиниши жараёнида, тадбиркорга нисбатан “пломбага қасддан шикаст етказиб, тармоққа ўзбошимчалик билан уланиб, 2022 йил 29 ноябрь кунидан 9 декабрь кунига қадар бўлган вақт оралиғида жами 118.282 м3 ҳажмдаги қиймати 118 млн. 282 минг сўмлик табиий газни ноқонуний истеъмол қилиб келган” деб, ёлғон гувоҳлик берган.
Суд мажлисида судланувчи сифатида сўроқ қилинган С.Сайипов айбига тўлиқ иқрор бўлди.
Суд, судланувчи С.Сайиповга жазо тайинлашда, унинг айбига тўлиқ иқрорлик билдиргани, шахсини, оилавий ва моддий шароитини, иш бўйича моддий зарар мавжуд эмаслигини, жабрланувчининг унга нисбатан даъвоси йўқлигини Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 55-моддасига мувофиқ жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар деб, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 56-моддасида кўрсатилган жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар мавжуд эмас деб баҳолади.
Суд, судланувчи С.Сайиповга жазо тури ва миқдорини тайинлашда, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, унинг ҳаракатлари талқин этилаётган ЖКнинг 237-моддаси 1-қисми ва 238-моддаси 1-қисми санкциясида назарда тутилмаган ахлоқ тузатиш ишлари жазосини, шунингдек ЖКнинг 205-моддаси 1-қисми ва 209-моддаси 1-қисми санкциясида назарда тутилган муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлашни лозим деб топди.
Шунингдек, суд судланувчи С.Сайиповга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 45-моддасида назарда тутилган муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш тариқасидаги қўшимча жазо чорасини қўллаш масаласини муҳокама қилиб, жиноят содир этиш мақсади ва мотивини, иш бўйича зарар мавжуд эмаслигини, жиноят содир қилгандан кейинги хулқ-атворини, ҳозирги кунда лавозимидан озод қилинганлигини эътиборга олиб, унга нисбатан ЖКнинг 45-моддасини қўллаш мақсадга мувофиқ эмас деб ҳисоблади.
Бундан ташқари, суд иш бўйича ашёвий далиллар тақдирини муҳокама қилиб, С.Сайиповга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 59-моддасига асосан, тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан жиноятлар маж-муи бўйича узил-кесил ўташлик учун иш ҳақининг 10 (ўн) фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 (икки)йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлади.
Саидқосим Бурханов,
Ўзбекистон Республикаси
Бош прокуратураси
Ёқилғи-энергетика соҳасида қонунчилик ижроси устидан
назорат бошқармаси прокурори.