Image default
Жамият

КЎНГИЛЛАРГА СУРУР БАХШ ЭТГАН ФЕСТИВАЛЬ

Жорий йилнинг 15-16-сентябрь кунлари Тошкент вилояти Паркент туманида узум сайли ва халқаро виночилик фестивали ўтказилди. Мамлакатимизнинг туризм салоҳиятини намойиш этиш, қадимий узумчилик, виночилик тажрибаси,  боғдорчилик маҳсулотларининг ноёб турлари ва навларини кенг оммалаштиришга қаратилган фестиваль  доирасида  халқаро илмий-амалий конференция, бизнес-семинарлар, хорижий ва маҳаллий етакчи мутахассисларнинг маҳорат дарслари  ташкил этилди.  

Жумладан, “Туганмас хазина” ҳужжатли фильми премьераси, фольклор жамоалар ва эстрада санъаткорларининг чиқишлари, халқ урф-одатлари ва анъаналарини акс эттирувчи маданий дастурлар тадбир иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.  Паркент узумчилик тарихи бевосита паркентлик Тоживой Ризаев номи билан боғлиқ. Даромад келтирмайдиган, сувсиз ноқулай деб ҳисобланган ер майдонларига узум кўчатлари экилиб, ўтган йилларда тўпланган тажриба ва кузатишлар асосида яратилган агротехник қоидаларга таяниб парвариш қилинади. Бу эса ўз самарасини беради. 1980 йилларга келиб 200 гектар узумзор мўл ҳосил олина бошлайди. Сувсиз ерда етиштирилган узум ҳосилидан яхшигина даромад қилган боғбонлар энди ҳеч иккиланмасдан янги узумзорлар барпо этишга киришади. Фестивал доирасида ўтказилган ҳужжатли фильм премьераси мазкур Ўзбекистон қаҳрамони Тоживой Ризаевнинг порлоқ хотирасига бағишланди.

Хорижий давлатларнинг Ўзбекистондаги элчихоналари, нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари, Италиянинг виночилик уюшмаси раҳбари Леонардо Коммучи, Сербия республикасининг узумчилик йўналиши бўйича илғор тадбиркорларидан бири Саша Джоник, Россия Федерациясининг Калмик давлат университети ректори маслаҳатчиси Баатр Очиров маърузачи сифатида қатнашяпти. Корея, Сингапур, Белорусь, Грузия, Озарбайжон каби 30 дан ортиқ давлатларнинг виночилик соҳасида йирик ва етакчи ҳисобланган компаниялар вакиллари ҳам иштирок этишди.  

Жараёнда Ўзбекистоннинг барча вилоятларидан келган фермер хўжаликлари, мамлакатимиз вино заводлари, табиий ичимликлар, шарбатлар ва шарбат концентратлари ишлаб чиқариш корхоналари томонидан экспозициялар намойиш этилди.  

Фестивалнинг бизнес зонасида тақдимотлар, музокаралар ўтказилди. Хорижий ҳамкорлар билан шартномалар ва битимлар имзоланди. Бир қатор халқаро илмий-амалий конференциялар, бизнес-семинарлар, хорижий ва маҳаллий етакчи мутахассисларнинг маҳорат дарслари ташкил этилди.

Халқаро “Узум сайли”  ва вино фестивалининг якунида энг яхши иштирокчилар бир қатор номинациялар ва пул мукофотлари билан тақдирланди.  “Энг намунали стенд” Гран-при Жиззах вилоятига насиб этди.  “Ноёб узум навлари тўғрисидаги илмий ёндашуви учун”, “Узумчилик анъаналарини фаол тарғботи учун” каби 10 дан ортиқ номинациялар ҳамда  энг сифатли вино маҳсулоти ишлаб чиқарган, виночиликда инновацион технологияларни ўзлаштирган бир қатор корхоналар,  муносиб тақдирланди. Уларга қимматбаҳо совға ва пул мукофотлари топширилди.

Жумладан, Олмалиқ шаҳар ҳокимлиги томонидан безатилган кўргазмалар павильони “Энг намунали павильон” номинацияси бўйича 2-ўринга муносиб кўрилиб, тақдирланди.

Фестивал доирасида нафақат юртимиз, балки хорижга биргина вилоятимиз мисолида туризм салоҳиятини кенг намойиш этиш, миллий маҳсулотимиз брендини жаҳон бозорида муносиб ўринга эга бўлишини таъминлаш, қадимий узумчилик ва виночилик тажрибаси ҳамда боғдорчилик маҳсулотларининг ноёб тур ва навлари кенг оммалаштирилди.

Фольклор жамоалари ва эстрада санъаткорларининг чиқишлари ҳамда халқ урф-одатлари, анъаналарини акс эттирувчи маданий дастурлар, винолар дегустацияси ва ауционлар ўтказилди. Кўргазмаларни кўздан кечириш ва баҳолаш, шулар жумласидандир. Тадбирда 30 дан ортиқ давлатларнинг мазкур соҳадаги йирик ва етакчи компаниялари вакиллари иштирок этди.

Ўз мухбиримиз.

МАВЗУГА ОИД

ХАЛҚ ҚАБУЛХОНАСИ: 2023 ЙИЛ АҲОЛИНИНГ 71,4 ФОИЗ МУРОЖААТИ ҚАНОАТЛАНТИРИЛДИ

admin

ОБОД МАНЗИЛЛАРДА ХАЙР-БАРАКА БЎЛУР!

admin

МАҲАЛЛИЙ БЮДЖЕТДАН ҚАЙСИ СОҲАЛАРГА КЎПРОҚ МАБЛАҒ АЖРАТИЛИШИНИ БИЛАСИЗМИ?

admin

ҲАМШАҲРИМИЗНИНГ ҚАНЧАСИ БЕПУЛ ЙЎЛЛАНМА ОЛИШДИ?

admin