Image default
Жамият

КАСБ ТАҚДИРИНГГА АЙЛАНГАНИДА…

Ҳар доим ҳам эътироф этилмайдиган шундай касб борки, бугун жамият ҳар қачонгидан ҳам кўра кўпроқ унга эҳтиёж сезади.

Баъзида фарзандларнинг хархашасига дош бера олмаймиз, аммо улар ўнлаб кичкинтойларни нафақат тарбиялаш, балки дунёқарашини шакллантиришда камарбаста бўлишмоқда.
Ана шундай масъулият билан бир соҳада ва бир жойда 33 йиллик фаолият олиб бориш қанчалик осон? Агар сиз танловингизни ҳақиқатан сева олсангиз, мушкулликларда ҳам бахт топиш мумкин.
Қаҳрамонимиз Гулжамол Раҳмонова ана шундай саодатга эришганлар сафида.

Машҳурликка даъво қилмайман…
Боғчага илк келганим аниқ эсимда. 1990 йил. 19 ёшли қиз эдим. 33-сонли мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси, устозим Нина Пашкина қўлида тарбиячи ёрдамчиси сифатида ишлаганман. 1998 йил Ангрен Педагогика коллежига тарбиячилик йўналишида ўқишга кирдим. Таълимдан сўнг худди шу боғчада яна фаолиятимни олиб бордим. Дастлабки келганимдаги қўрқувларимни енгишга йиллар керак бўлди. Бошқа бир инсоннинг фарзандини тарбия қилар экансиз, бунда ҳар томонлама жавобгарлик ҳисси бўлади, албатта. Қандай таърифлашни билмайман-у, аммо ҳар бир болага она фарзандига бериши мумкин бўлган меҳрни кўрсатишга ҳаракат қиламан. Ишимиз жуда кўпчилик ўйлаганидек осон эмас. Кўплаб соҳа вакиллари ўз меҳнат маҳсулини кўриши учун оз вақт кифоя қилиши мумкин. Аммо таълим-тарбия жараёнида йиллар керак бўлади. Мураббий сифатида битта боланинг ҳарф таниши ҳам мен учун кашфиёт. Машҳурликка, эътирофга даъво қилмайман, аниқ натижа, меҳнат маҳсулимни кўришнинг ўзиёқ ҳақиқий саодат.

Муаммоларим ўзимники…
Сизнинг ҳар қандай кайфиятингиз болага ўз таъсирини ўтказади. Қандай руҳият билан кичкинтойни қаршиласангиз ҳудди шундай муносабатга тайёр тураверинг. Муаммолар боғча дарвозасининг олдида тугаши лозим. Улар фақат меники бўлиши керак. Болалардаги беғуборликни кўра олиш лозим. Мен эса бунга муваффақ бўлган тарбиячи эканимдан хурсандман.

Завқлана олиш ҳам санъат
Кўпчилик касбининг қийинчиликлари ҳақида айтар экан, ўзини мажбурлаб фаолият кўрсатишларини эшитиб қоламан. Менда эса ҳеч қандай мажбурият йўқ. Агар касбингиз сизга завқ бағишласа, уни қаршилаш чинакам байрамдек бўлади. Ана шу руҳиятни мен жажжи одамчалардан оламан. Шу боисми ўтган йили асосий ишимдан ташқари мўъжаз ўқув маркази очишга ҳам муваффақ бўлдим. Марказим ёрдамида ҳам болажонларга илк билимларни сингдирмоқдамиз. Улар менинг мўъжизаларим, олимларим, буюкларим.
52 ёшга кирган бўлсам-да, шижоатимга сабабчи ҳам ана шу кичкинтойлар. Эҳтимол, жамият учун у қадар ҳам кўзга кўринадиган иш қилмаётгандирман, аммо болажонларимнинг нурли ҳаётида из қолдираётганимдан бахтиёрман.

Нурсора Ғайратова.

МАВЗУГА ОИД

“ТАШАББУСЛИ БЮДЖЕТ” ҒОЛИБЛАРИ УЧУН МАБЛАҒ ҚАЧОН АЖРАТИЛАДИ?

admin

“АММОФОС-МАКСАМ” АЖДА САЙЁР СЕМИНАР

admin

“АММОФОС-МАКСАМ” АЖ БОШҚАРУВ РАИСИ АКОБИР ТУРСУНОВНИНГ КИМЁГАРЛАР КУНИ МУНОСАБАТИ
БИЛАН СОҲА ИШЧИ-ХОДИМЛАРИГА ЙЎЛЛАГАН
БАЙРАМ ТАБРИГИ

admin

ОШИРИЛАЁТГАН НАРХЛАР АҲОЛИ УЧУН ҚАЙ ДАРАЖАДА МАҚБУЛ?

admin