Инсон кун давомида қандай меҳнат билан шуғулланишига қараб тўғри овқатланиши лозим.
Кўп ҳолатларда сифатсиз озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш оқибатида инсонлар ўртасида ошқозон-ичак фаолиятининг ўткир бузилиш ёки овқатдан заҳарланиш ҳолатлари кўп учрамоқда. Тегишли мутахассислар истеъмолга яроқли ёки яроқсиз бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини тавсия қилиб, ўз хулосаларини беришган. Улар махсус лаборатория текширувларидан ўтказилиб, яроқли ҳисобланган тақдирда истеъмолга рухсат этилади. Ҳар қандай таомни ёки бирорта озиқ-овқат маҳсулотларини тайёрлаш учун, албатта шу фаолият билан шуғулланадиган корхона биринчи навбатда яроқли маҳсулотлардан фойдаланиши керак. Лекин ундан тайёрланган истеъмолга яроқли тайёр егулик таомларни нотўғри сақлаш, ташиш, қолаверса тайёрлаш жараёнида технологик талабларга риоя қилмаслик маҳсулотнинг сифатига жиддий зарар етказади. Озиқ-овқат маҳсулотларни тайёрлаш жараёнида иштирок этувчи ходимлар шахсий гигиена қоидаларига риоя этмасалар ёки соғломлиги тўғрисида гувоҳномага эга бўлмаган ходимлар овқат тайёрлаш жараёнида иштирок этсалар юқорида таъкидлаганимиздек ошқозон-ичак фаолиятининг ўткир бузилиши ёки овқатдан заҳарланиш ҳолатлари юзага келади.
Шундай ҳолатлардан бири куз мавсумида бозорларда помидор, бодринг, қалампир маҳсулотлар савдоси бирмунча кўпайганда, уй бекалари турли хил тузламаларни уй шароитида тайёрлайдилар. Баҳор мавсумида, ҳаттоки ёз ойларининг бошида ҳам аҳоли уй шароитида тайёрланган, консерваланган маҳсулотларини кўпроқ истеъмол қила бошлайди ва маҳсулотлардан турли хил заҳарланишлар, шу жумладан ботулизм қайд қилинишига сабаб бўлади. Санитария талабларига кўра уй шароитида тайёрланган консерва маҳсулотларини истеъмол қилмаслик керак, сабаби технологик жараён учун шароит етарли бўлмайди, яъни стерилизация талаби тўлиқ бажарилмайди.
Ўз хонадонингизда тайёрланган консерваланган маҳсулотларни истеъмол қилишдан олдин уларнинг ташқи кўринишига эътибор бериш лозим. Сифати бузилган консерваланган маҳсулотларда – банка ичидаги суюқликлар хиралашиб, маҳсулотлар тепага кўтарилади, банка қопқоғи шишиб кетади.
Бундай консерваланган маҳсулотларни истеъмол қилмасдан, ташлаб юборинг. “Ботулизм” касаллигига сабаб бўладиган консерва маҳсулотларида бундай ҳолатлар кузатилмаслиги ҳам мумкин, шунинг учун уй шароитида консерва маҳсулотларини тайёрламасликни ва истеъмол қилмасликни сўраймиз.
Охирги вақтларда деҳқон бозори пештахталарида, хусусий савдо дўконларида, ноқонуний кўча савдо жойларида, тўй маросимларда сифати кафолат ҳужжатлари бўлмаган, уй шароитида тайёрланган турли хил пишириқлар, “баклашка” лардаги сут маҳсулотлари, тузламалар сотилиши ва уларни фуқаролар томонидан истеъмол қилиш натижасида овқатдан заҳарланиш ҳолатлари қайд қилинмоқда. Бунга сабаб тайёрлаш жараёнида шахсий гигиена қоидаларига риоя қилинмасдан, санитария талабларига жавоб бермайдиган жойларда, маросимлар бошланишидан бир кун ва ундан ортиқ вақт олдин тайёрланиб, сақлаш шароитига амал қилмасдан сақланган маҳсулотларни истеъмол қилишдир.
Тошкент вилояти Санэпидбошқарманинг Олмалиқ шахар бўлими шаҳар аҳолисини қуйидаги санитария талабларига риоя қилишларини тавсия қиламиз:
- истеъмолчи сифатида сотувчидан маҳсулотнинг истеъмолга яроқлиги тўғрисидаги хужжат билан таништиришни, кейин эса харид қилаётган маҳсулот ёрлиғи бўйича ким томонидан ишлаб чиқарилгани, истеъмолга яроқлик муддатини текширишингиз шарт.
- маҳсулотнинг ташқи кўриниши бўйича айнан унга хос белгиларнинг ўзгарган ёки ўзгармаганлигига, айниган-айнимаганлигига. айниқса тез бузилувчи маҳсулотларнинг сифатига эътибор беришларингизни.
- марказий кўчаларнинг чоррахаларда, юриш йўлакларида, қуёш нури тик тушиб турган жойларда, санитария талабларига жавоб бермаган худудларда фуқаролар томонидан сотилаётган турли хил маҳсулотларни, айниқса бир марталик ишлатиладиган идишлардаги сут маҳсулотлари, тузламаларни сотиб олмасликни.
- маҳсулот истеъмолидан кейин соғлигингизда муаммо бўлганда уй шароитида даволанмасдан, зудлик билан шифокорга мурожаат қилишингизни.
Зеро, соғлиғингизни сақлаш ўз қўлингизда!
Феруза Ўрозбоева,
СЭО ва ЖССБ шаҳар бўлими ходими.