Image default
Жиноят ва жазо

ВАЛЮТАФУРУШ ЖАЗОГА ТОРТИЛДИ

Қора бозорда валюта олди-сотдиси билан шуғулланиш қонунга зид ҳолат бўлиб, бу ҳақда қўлланилган чора-тадбирларга қарамай, яна валюта сотиш билан шуғулланаётган кимсаларнинг учраётгани ачинарли. Мақоламизнинг қуйидаги “қаҳрамони” ҳам ана шундай тавба қилмаган инсонлардан бири.

Атабек Эшметов муқаддам яъни, 2023 йил 3 февралда ЖКнинг 177-моддаси 1-қисми билан 10.500.000 сўм жарима жазосига тортилган бўлcада, ўзига тегишли хулоса чиқармасдан Чирчиқ шаҳар деҳқон бозори рўпарасидаги маиший техника савдо дўкони олдида қонунга хилоф равишда яна валюта сотиш фаолиятини давом эттирди.
Яъни, А.Эшметов 2023 йил 27 июль куни соат 14:10 ларда Чирчиқ деҳқон бозори автотуроргоҳига нотаниш фуқаро Дамас автомашинасида келиб тўхтаб, 3000 АҚШ доллари сотиб олмоқчи эканлигини билдирган. Мижоз топилганидан хурсанд бўлган Атабекнинг қувончи узоққа чўзилмади. У ҳар бир АҚШ долларини 11.680 сўмдан, жами 3 000 АҚШ долларини 35.040.000 сўмга сотаётган вақтда департамент ходимлари томонидан қўлга олинди.
Судланувчининг айби унинг ўз айбига тўлиқ иқрор бўлиб берган кўрсатмаларидан ташқари, гувоҳлар кўрсатмалари ва ишда мавжуд ҳужжатлар билан ўз тасдиғини топди.
Суд, судланувчи А.Эшметовнинг жиноий ҳаракатлари юридик квалификациясини муҳокама қилиб, дастлабки тергов органи томонидан хавфли рецидивист томонидан, валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда ўтказишда ифодаланган жиноий ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси ЖК 177-моддасининг 3-қисми “а” банди билан тўғри квалификация қилинган деб ҳисоблади.
Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 55-моддасига кўра, судланувчи А.Эшметовнинг айбини енгиллаштирувчи ҳолатлар деб, суд унинг шахсини, оилавий аҳволини, айбига тўлиқ иқрор ва чин дилдан пушаймон бўлганлигини, унча оғир бўлмаган жиноятни содир этганлигини, қарамоғида 3 нафар вояга етмаган фарзандлари борлиги, қарамоғида нафақага чиққан онаси ва 2-гуруҳ ногирони бўлган отаси борлигини, оилада боқувчи экани, яшаш жойидан ижобий тавсифланишини, маҳалла томонидан судланувчига нисбатан енгилроқ жазо тайинлаш ҳақида берилган илтимосномани, олинган ашёвий далилларни давлат эгалигига ўтказилишини инобатга олди.
Иш юзасидан ашёвий далил тариқасида олинган 3.000 АҚШ доллари, 170 АҚШ доллари ва 125.000 қозоқ тенгеси миқдоридаги пул маблағлари Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 211-моддаси тартибида давлат фойдасига мусодара қилинди.
А.Эшметов Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 177-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбли деб топилиб, унга 3 (уч) йил муддатга озодликдан чеклаш жазоси тайинланди.

Авазбек Тўйчиев,
шаҳар прокурори ёрдамчиси.

МАВЗУГА ОИД

ХОТИН-ҚИЗЛАР ЎРТАСИДА ЖИНОЯТ СОНИ ОРТДИ. БУНГА САБАБ НИМА?

admin

ЭКСКАВАТОР «ТИШЛАРИ»НИ ЎҒИРЛАГАН ТЎРТОВЛОН…

admin

60 МИНГ СЎМЛИКТЕМИР ЗАНЖИРНИ ЎҒИРЛАБ…

admin

МАҚСАД — НАТИЖАДОРЛИКНИ ОШИРИШ

admin