Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев раислигида ўтказиб келинаётган йиғилишларда Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш, шунингдек, маънавий-маърифий ишларни мувофиқлаштириш ҳамда соҳани янада ривожлантириш борасида устувор бўлган бир қатор вазифалар белгилаб берилган бўлиб, шаҳримизда ҳам бу борада бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг 12 октябрь куни шаҳар Маънавият ва маърифат Кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилиш шаҳар Кенгаши раиси, ҳоким Қобил Хамдамов ва республика ишчи гуруҳи вакиллари томонидан олиб борилди.
Йиғилиш кун тартибида шаҳарда ижтимоий маънавий муҳитни соғломлаштириш бўйича амалга оширилган ташкилий-амалий ишлар ҳамда Республика комиссияси томонидан шаҳарда маънавий-маърифий соҳада олиб борилган ўрганишлар таҳлили муҳокама қилинди.
Дастлаб йиғилиш аввалида шаҳар Маънавият ва маърифат Кенгаши раиси Қ.Хамдамов сўзга чиқиб, шаҳарда маънавий-маърифий соҳада жорий йилнинг 7 ойи давомида амалга оширилган ишлар ҳақида ахборот берди.
Жумладан, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, бу соҳада давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигини янада кучайтириш борасида шаҳардаги 64 та корхона ва ташкилотлар билан маънавий-маърифий соҳадаги ишларни мувофиқлаштиришга қаратилган икки томонлама “Йўл харита”лари ишлаб чиқилиб, ижрога йўналтирилди.
Ҳар ҳафтанинг муайян бир кунида барча корхона, ташкилотларда “Маърифат соатлари”ни ўтказиш йўлга қўйилди. Аҳоли ўртасида китобхонлик маданиятини янада юксалтириш мақсадида шаҳардаги маҳаллалар ҳудудида 5 та китоб дўкони ва кутубхоналар ташкил этилди.
Увайсий МФЙда “Маънавият маскани” ва «Ахборот кутубхона маркази» ташкил этилиб, фойдаланишга топширилди. Аҳоли ўртасида китобхонлик маданиятини юксалтириш, ёзувчи ва ўқувчилар ўртасидаги мулоқотни кучайтириш, оилавий китоб ўқиш анъаналарини тарғиб қилиш, ёшларни миллий адабиётга, она Ватанга юксак муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш мақсадида “Адабиётга эътибор –келажакка эътибор” шиори остида “Китоблар карвони” тадбирлари ташкил этилди.
Шунингдек, ёшлар ўртасида “Заковат” мусобақаси, “Қувноқлар ва зукколар”, “Зукко китобхон”, “Ёш китобхон”, “Ёш китобхон оила”, “Хорижий тиллар билимдони” ва “Ёш полиглот” , “Мунозара”, миллий халқ ўйинлари, “Онлайн китобхон” каби 60 дан ортиқ кўрик-танловлар, 70 та давра суҳбатлари, 20 та ижодий учрашувлар, 8 та семинарлар ташкил этилди. Тадбирларга жами 20 минг нафар ёшлар қамраб олиниб, шундан 350 нафар бандлиги таъминланмаган маҳалла ёшлари жалб этилди.
Шаҳарда ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш борасида 2023 йилнинг июн-июл ойларида маҳалла фаоллари ва зиёлилар билан ҳамкорликда “Жаҳолатга қарши — маърифат” шиори остида 28 та таълим муассасалари ҳамда 52 та маҳаллада тарғибот тадбирлари ташкил этилди. Аҳоли ўртасида миллий қадриятлар, маънавий-ахлоқий фазилатларни тарғиб қилиш бўйича ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларида кенг кўламли тарғибот ишлари амалга оширилди.
“Энг намунали туман ва шаҳар” танлови бўйича ўрганишлар натижаси тўғрисида Президент Администрацияси шўъба мудири А.Мавруповнинг маърузаси ҳам тингланди. Унда маънавий-маърифий соҳани ривожлантириш, бу борада шаҳарда эришилган ютуқлар билан бирга йўл қўйилган камчиликларга эътибор қаратилди. Бунда маҳаллаларда фаолият олиб бораётган ходимларнинг ислоҳатларни аҳоли, айниқса, ёшларга етказилишидаги камчиликлар, мактабгача таълим ташкилотлари ҳамда умумтаълим мактабларидаги маънавий-маърифий соҳага масъул раҳбар ва ходимларнинг ўзгаришларни аввало ўзларидан бошлаши кераклиги таъкидлаб ўтилди.
Республика ишчи гуруҳи томонидан ўрганишлар даврида аниқланган хато ва камчиликлар кенгаш аъзолари муҳокамасига тақдим этилди.
Шундан сўнг ушбу аниқланган муаммоларни қисқа муддатларда бартараф этиш юзасидан чора-тадбирлар белгилаб олиш бўйича шаҳар ҳокими Қ.Хамдамовнинг фикр-мулоҳазалари билдириб ўтилди.
С.Якупбекова,
шаҳар Маънавият ва маърифат
Кенгаши бўлинмаси раҳбари.