Саноат корхоналарида ёнғинлар аксарият ҳолларда технологик жиҳозлар, электр мосламалари, назорат–ўлчов ва ҳимоя ускуналарининг носозликларидан, хизмат кўрсатувчи ходимларнинг оловдан эҳтиётсизлик билан фойдаланганда ва олов ишларини олиб боришда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилмаслигидан келиб чиқади.
Саноат корхоналарида энг кенг тарқалган ёнғин манбалари қуйидагилар: – Қисқа туташувларда чиқадиган учқунлар (электр тармоқларини носоз мослаш ва йиғишда, электр симлар ва жиҳозларининг устки қопламаси эскирганда, емирилганда ва шикастланганда пайдо бўлади; – Электр тармоқлар, машина ва аппаратларнинг юкламаси ошириб юборилганда, кучли ўтиш қаршиликларда ҳосил бўладиган иссиқлик (юкламанинг ортиб кетиши энг кўп ҳолларда ток юкламаларида рухсат этилган меъёрдан узоқ вақт давомида ошириб юборилганда, қаттиқ қаршиликлар эса симлардаги боғланишларда, қисилган жойларда, тақсимловчи шиналарда, гуруҳ щитларида ва ҳ.к.) уланиш ёмонлигидан келиб чиқади; – Металларни бир-бирига ёки тош билан урганда ва шунга ўхшаш ҳолларда ҳосил бўладиган учқунлардан (масалан, вентилятор парракларини сиртқи қопламага урилиши, ўзга металл предметларнинг майдалаш жараёнида тегирмон тошларига тегишида).
Ёнғин келиб чиқишини технологик жиҳозлар, энергетик, транспорт ва санитар–техник мосламаларини лойиҳалаштириш ва ишлатишда муҳандис–техник чора–тадбирларни ўтказиш билан, шунингдек, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиб олдини олиш лозим. Ёнғин келиб чиқиши мумкин бўлган сабабларни ёнувчи муҳит ҳосил бўлиши, шунингдек ушбу муҳитни ёндира оладиган иссиқлик манбаси пайдо бўлишининг олдини олиб (буни иложи бор жойда) бартараф этиш мумкин. Саноат корхоналарида ёнғин келиб чиқиш сабабларининг олдини олиш учун Ёнғиндан хавфли маҳсулотларни ишлаб чиқариш жиҳозлари ва қувурларнинг мустаҳкам герметик ҳолатини таъминлаш, агарда маҳсулот атроф-муҳитга чиқиб кетиши аниқланганда носозликни дарҳол бартараф этиш зарур. Ёнғиндан хавфли суюқлик ва эритмаларнинг усти очиқ сиғимларда (пақир, очик ва шулар кабида) ташиш таъқиқланади. Хоналарни уларда портлашдан хавфли аралашмалар ҳосил бўлиш эҳтимолини йўққа чиқарувчи самарали вентилацион мосламалар билан таъминлаш ҳамда уларни қўллаш жараёнида вентиляциянинг меъёрий ҳолатда ишлашини таъминлаш лозим.
Муаттар Хамидова,
ОЁХТТЭБ инспектори.