Image default
Жамият

ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН – ЯШИЛ МАКОНДА БИРГА ЯШАЙЛИК!

Олмалиқ шаҳри маҳалла фаоллари, нуронийлар, зиёлилар,

хотин-қизлар ва ёшлар вакилларининг шаҳар аҳлига

МУРОЖААТИ

Азиз ватандошлар!

Қадрли шаҳримиз аҳли!

Олмалиқ шаҳри — Аллоҳ таолонинг назари тушган замин. Бу ердаги табиий бойликлар – бизнинг келажагимиз. Бу замiнда она табиатимизнинг тўрт фаслнинг жамолини кўриш мумкин.

Оҳангарон водийси, жумладан Олмалиқ минтақаси инсоният сивилизацияси ўчоқларидан биридир. Ибтидоий замондан бошлаб бу ерларда инсон табиат ва борлиқни ўзлаштириб, ўзи ҳам мукаммаллашиб борган. Бу фикрни Қурама тизма тоғларидан топилган ибтидоий манзилгоҳлар, улардан топилган меҳнат қууроллари исботлаб турибди. Бу минтақа яшовчи аҳоли чорвачилик, деҳқончилик ва ҳунармандчилик билан шуғулланиб келган. Азалдан бу ерларда маъданлардан олтин, кумууш, мис олинганлиги аҳоли турмуш даражасининг ошишига, минтақанинг дунёга машҳур бўлишига олиб келган.

Яратган мана шу фусункор ва серқуёш юртимизга нимаики ато қилган бўлса, қандай бойликлар, қандай неъматлар билан сийлаган бўлса, уларнинг ҳамма-ҳаммаси Олмалиқ шаҳрида ҳам мужассамдир.

Она диёримизда ҳар тонг саховатли бобоқуёш айнан кўҳна ва азим Қурама тизма тоғлари ортидан бош кўтариб, шаҳримиз узра нур сочади. Айнан шунинг учун ҳам бу заминга хос танти ва меҳнаткаш, юксак маърифатли одамларнинг эзгу ташаббус ва интилишлари, бой ҳаётий тажриба ва юксак тафаккури азалдан бутун мамлакатимизнинг барча нуқталари узра нурдек таралиб, кўпчиликка ўрнак ва намуна бўлиб келади.

Юртимизнинг кўп тармоқли экотизимлари, хилма-хил табобат ва набобат дунёси, сархил ва шифобахш мевазор боғлари барчанинг ҳавасини ўзига тортади. Бугун мамлакатимизнинг жаннатмакон боғу токзорларида етиштирилган узуму гилослар, ноку олмалар, анжиру шафтолилар ўзига хос брендга айланиб, нафақат юртимиз, балки хориж бозорларини ҳам тўлдираётгани барчамизга фахру ифтихор бағишлайди. 

Ота-боболаримиздан мерос бўлиб келаётган ана шу боғдорчилик анъаналарини асраб-авайлаб, келажак наслларга бунданда бой ва ранг-баранг ҳолида етказиш барчамизнинг муқаддас инсоний бурчимиздир.

Қадрли дўстлар!

Хабарингиз бор, кейинги йилларда шҳаримиз мамлакатимизнинг энг йирик металлургия марказларидан бирига айланиб бормоқда. Шаҳримизга келувчи аҳоли оқимининг мунтазам кўпайиб бораётгани, қурилиш ва бунёдкорлик ишлари ҳажми ортаётгани, ҳудудимизда жойлашган ишлаб чиқариш завод ва фабрикаларнинг ортиқ бориши, ишчи кучига ҳам талабнинг кўпайиши ва автомобиллар қатнов суръати кескин ошаётгани она табиатимизни заҳарли газ ва моддалардан ҳар қачонгидан кўпроқ муҳофаза қилишимиз лозимлигини тақозо этмоқда.

Минг афсуски, бугун сувдан, тупроқдан нотўғри фойдаланиш, экологик жиҳатдан зарарли технологияларни қўллаш оқибатида сайёрамизда иқлим ўзгариб, биохилма-хиллик йўқолиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Бугун статистик маълумотларга кўра, ер юзидаги 8 миллиарддан ортиқ инсониятнинг ҳаёти хавф остида қолмоқда. Техника ва технологияларнинг ривожланиши натижасида ҳар куни қанчадан қанча заҳарли моддалар атмосферани ифлослантириб, ҳавони заҳарламоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев яқинда БМТ минбаридан инсоният ҳаётига таҳдид солаётган  учта инқироз – иқлим ўзгариши, биохилма-хиллик йўқолиши ва атроф-муҳит ифлосланишини бартараф этишга доир муҳим ташаббусларни илгари сурди.

Давлатимиз раҳбари жорий йил 11 октябрда ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам мазкур масала бўйича бир қатор муҳим таклифлар билдириб, олдимизда турган устувор вазифаларни белгилаб берди.

Жумладан, 25 октябрдан 1 декабрга қадар юртимизда “кузги дарахт экиш мавсуми” эълон қилинди.

Президентимизнинг ана шу ташаббусларидан руҳ олиб, барчангизни, бутун эл-юртимизни “Янги Ўзбекистон – яшил маконда бирга яшайлик!” деган олижаноб ғояни қўллаб-қувватлашга чақирамиз!

Зотан,  доно халқимизда “Яхшидан боғ қолади” деган пурмаъно гап бор. Муқаддас динимиз ҳам бизни яратувчанликка, боғу роғлар барпо этиб, инсонларга ризқ улашишга буюради. 

Оилада фарзанд дунёга келганида унга атаб кўчат экиш, ҳашар йўли билан боғлар яратиш, иморатлар атрофини кўкаламзорлаштиришдек эзгу ва олижаноб одатларимиз бор.

Биз ана шу хайрли анъаналаримизга содиқ қолиб, ҳар бир хонадон томонидан 20 туп кўчат экиш ва ўстириш ташаббусини илгари сурамиз.

Шунингдек, ҳар бир фуқаронинг тўй ва бошқа яхши кунларида ниҳол экишни анъанага айлантирсак, нима дейсизлар?! Бу ғоят савобли тадбир эмасми?

Қадрли маҳалла фаоллари, кўчабоши ва уйбошилар!

Айни вақтда, айрим маҳаллаларда, кўча ва гузарларда бўш турган, дарахт экилмаган жойлар ҳам кўп. Эндиги вазифамиз ушбу жойларни боғ-роғларга айлантиришда маҳалла аҳлининг ҳамжиҳатлигини кучайтириш, ҳудуд ободлиги ва аҳоли фаровонлигига хизмат қиладиган лойиҳаларни кенгайтиришдан иборатдир. Бунинг учун ҳар бир маҳаллада “маҳалла боғлари”ни яратишимиз, яшил ҳудудларни кўпайтиришимиз, шахсий намуна сифатида дастлаб ўз хонадонимиз ва кўчамизни обод қилишимиз, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасига ўз ҳиссамизни қўшишимиз зарур.

Экилган ҳар бир ниҳолни парваришлаш ва сақлашда маҳалла фаоллари, бошқарув-сервис компаниялари жонбозлик кўрсатиши лозим. Бунинг учун “маҳалла еттилиги”, кўчабоши ва уйбошилар ҳамда хонадон эгаларини масъул сифатида бириктириш мақсадга мувофиқдир.

Муҳтарам нуронийлар!

Сизларнинг ҳаётий тажрибангиз, дуо ва тилакларингиз халқимиз учун ҳамиша катта таянч ва суянч бўлиб келмоқда.

Шаҳримиздаги 18 мингдан ортиқ нуронийлардан маҳаллаларда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга оширишда, аҳоли томонидан кўчатларни намунали экишни ташкиллаштиришда янада фаоллик ва ташаббус кутиб қоламиз. Сизларнинг шахсий намунангиз, панду насиҳат, тавсия ва кўрсатмаларингиз барчамиз учун муҳимдир.

Нуронийларимизнинг ҳар бири 1 тупдан кўчат экса, 18 мингдан зиёд янги дарахт пайдо бўлади. Ёки ҳар бири ўз ёнига 10 нафар ёшни жалб қилса, бу рақам 10 баробарга ошади.

Ҳурматли шаҳримиз аҳолиси!

Ерга меҳр бериш, унинг ҳар бир қаричидан унумли фойдаланиш, кўчат экиб, боғ яратишда сизларнинг улушингиз катта.

Бу савобли ишларни давом эттириш учун ҳар бир хонадон эгаси ўз томорқасига, маҳалла гузари ва кўчасига 10 тупдан кўчат экса, шаҳримиз бўйлаб ўртача 365 ming дарахт бунёд бўлади.

Қадрли зиёлилар, фан, адабиёт, санъат намояндалари ва  спортчилар!

Жонажон Ватанимиз тараққиётига ҳисса қўшадиган ташаббусларни қўллаб-қувватлашда сизларнинг фаол иштирокингиз муҳимдир.

Сиз каби эл таниган ижод аҳлига, зиёлилар ҳамда спорт юлдузларига юртимиз ёшлари ўзгача ҳавас билан қарайди.

Шундай экан, юртимизда амалга оширилаётган кузги дарахт экиш мавсумида сизлардан янги-янги ташаббуслар, амалий ҳаракатлар ҳамда шахсий намуна кутиб қоламиз!

Мўътабар оналар, азиз опа-сингиллар!

Хонадонимиз, маҳалламиз файзу таровати сиз билан гўзалдир! Зеро, табиат ҳам она каби муқаддасдир! Она ва табиат тушунчалари бир-бирига ҳамоҳангдир. Онани қандай эъзозласак, табиатни ҳам шундай қадрлашни фарзандларимиз онгу шуурига чуқур сингдирайлик!

Токи, зурриёдларимиз ота-боболаримиз сингари боғу бўстонлар яратувчиси, она табиат ҳимоячиси бўлсин! Шундагина табиатни асл ҳолидек сақлаб, уни келажак авлодга безавол етказишга эришамиз.

Айни вақтда, “Оналар – яшил макон учун” ғоясининг анъанага айланиб бораётгани, маҳаллаларда “Оналар боғи” ташкил этилаётгани қувонарлидир. Бу ишларда 52 та маҳалладаги “Оқила аёллар” ҳаракатининг ҳам муносиб ўрни бор. Галдаги вазифамиз – ушбу хайрли тадбирларни халқимиз орасида кенг ёйишдан иборат.

Азиз ёшлар!

Сизлар Янги Ўзбекистоннинг бунёдкор кучисиз! Халқимиз кўзлаётган юксак марраларга эришишда ақл-заковатингиз, ғайрат-шижоатингиз, она Ватанга бўлган садоқатингиз беқиёсдир.

Она заминимизга меҳр беринг! Нурли келажак учун бугундан бошлаб ўз хонадонингиз, кўчангиз, маҳаллангизда ўз ниҳолингизни экинг, ҳудудда “Ёшлар боғи”ни ташкил этишда ташаббус кўрсатинг!

Асло унутманг, сиз Ўзбекистон фарзандисиз, сизнинг ҳиссангиз
– бу ота-онангиз, маҳаллангиз ва бутун халқимизнинг фаровонлиги учун хизмат қилади.

Қадрли юртдошлар!

Дарахт экиш ва уни парваришлашни мажбурият эмас, қадрият сифатида қабул қилайлик!

Ҳар биримиз келажак авлод олдидаги бурчимизни чуқур ҳис қилган ҳолда, “Яшил макон” лойиҳасини умумхалқ миллий ҳаракатига айлантирайлик!

Токи, биздан фарзандларимизга обод, яшилликка бурканган гўзал Ватан мерос қолсин!

МАВЗУГА ОИД

КОРРУПЦИЯ РИВОЖЛАНИШИМИЗГА ТЎСИҚ

admin

БАЙРАМГА 31,442 МЛРД. СЎМЛИК ОБЪЕКТ ТУҲФА ЭТИЛДИ

admin

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови

admin

15 нафар ота-она маъмурий жаримага тортилди

admin