Билимли ва айни пайтда жуда яхши даромад эгаси бўлиш у қадар ҳам мушкул эмас. Йўқдан бор қила олишга эса ўзига хос иқтидорга, тафаккурга эга бўлганларгина қодир. Орамизда ана шундай инсонлар борлиги жамиятнинг ютуғидир.
Асли Бухоро вилоятидан бўлган Азиз Ибрагимов у ердаги нуфузли лицейни тамомлаб, Тошкент давлат Шарқшунослик университетининг жаҳон сиёсати ва тарихи факультетида бакалавр ва магистр даражаларини қўлга киритган. Ўртаҳол оилада вояга етган Азиз Ибрагимов бор бисоти — бир чамадон китоб билан пойтахтга кириб келади. У кучли билим ва иқтидор эгаси ҳар қандай шароитда ҳам молиявий эркинликка эришиш мумкинлигини исботлай олганлардан. Талабалик йилларининг илк даврлариданоқ Тошкентда жуда кўплаб абитуриентларни қисқа муддатларда тайёрлаб, уларни энг юқори ўринларда нуфузли ОТМнинг талабаси бўлишига ўз ҳиссасини қўшган. 18 ёшидаёқ ўқувчиларга тарих, она тили, адабиёт сабоқларини бериб, бир йил ичида жуда юқори натижа кўрсатган Азиз Ибрагимов Олмалиқ ва Ангрен шаҳарларидаги илк хусусий мактаблар асосчиси. Биргина Олмалиқ шаҳрида қаҳрамонимизнинг 6 та ўқув маркази, 3 та мактаб ҳамда 9 та ётоқхоналари бор. Жуда кучли хоҳиш ва ҳаловат, ўз эҳтиёжларидан воз кечиб, айнан таълимни ўзига хос тартибда юксалтиришни астойдил мақсад қилган тадбиркор “балки етар!” дегувчиларни ортда қолдирмоқда. Жамиятга фойдали инсон бўлиш лозимлигини доимо таъкидлайдиган бу устознинг 2030 йил учун тузилган режалари бугунги натижаларидан ҳам юксакроқ.
Тошкентга шиппак билан келганман…
Рўзғори ҳаминқадар, оддий бир оилада катта бўлганман. Отам новвой эди. Улар нон ёпсалар, мен сотардим. Онам оддий ҳамшира бўлиб ишлардилар. Топган пулимиз бир кунлик рўзғоримизга етарди, холос. Аммо ўқишимиз учун доим имкон яратиб беришган. Ўша пайтлар мактабни тамомлаб, собиқ турк лицейига ўқишга кирмоқчи бўлдим. Бунинг учун яхшигина пул керак эди. Эсимда, мактабимиз йўлида ўсиб ётган ўрик дарахти меваларини териб, қуритиб, данакларини ҳам саралаб сотганман. Ишонасизми, ўшани пулига қўй олиб, бир устознинг уйига, ўқишга киришга ёрдам беради, деб ташлаб келганмиз. Аммо лицейга ўз кучим билан биринчи ўринда кирганман. Қўй ҳам кетган…(ҳазил аралаш кулиб).
Она тили, адабиёт, тарих фанларидан жуда кучли устозлар таълимини олганман. Уларнинг “Бахт дангасага бегона”, деган сабоқлари қулоғимда доим жаранглайди.
2007 йил Тошкентга ўқишга кириш учун Бухородан шиппак билан келганман, ўшанда ҳатто тузукроқ пойабзалим ҳам бўлмаган. Мақсад — талаба бўлиш эди!
Бир йил ичида
Тошкентдан уй олдим
Ўқишга киргач, 2007 йилнинг ўзидаёқ баъзи устозларим ва танишларимнинг фарзандларига қўшимча дарс бердим. Бу йўналишдаги фаолиятим ҳам ўша пайтлардан бошланган. У пайтлар ҳақиқатан пулга эҳтиёж ниҳоятда катта бўлган. Ота-оналар ёш бўлганим боисми, қачон фарзандим талаба бўлса, шундагина пулини берамиз, дейишган. Стипендиямга кун кўриб, бор кучим билан ўқувчиларга бир йил дарс бердим. Охирги сонияларгача яхшигина асабийлашишлар бўлган. 17 ўқувчим талаба бўлди. 1000 доллардан берган ҳар бири. Ўзим озгина қарз олиб, Тошкентнинг энг яхши туманидан уй олдим. Биласизми, ўша вақтларда отам, болам пойтахтдан уй олиш бизга эмас, чиранма, деганлар. Мен эса ҳокисор ота-онамнинг ишончини оқлашга, менинг ҳам қўлимдан нимадир келишини исботлашга ҳаракат қилардим.
Ўқув марказларига эҳтиёж қолмайди
Талабалик йилларимдан бошлаган репетиторлик фаолиятим секин-аста кенгайиб борди. Собиқ Тўйтепа, ҳозирги Нурафшон шаҳрида, Ангрен шаҳрида ҳам дарс бердим. Шароит ва инфратузилма яхши бўлгани боис ҳам асосий фаолиятимизни Олмалиқда давом эттирганмиз. Бу ерга илк келганимда 9 та ўқувчим бўлган ва 7 таси олий ўқув юртига кирган. Уларнинг ортидан жуда кўпчилик ўқувчилар келишни бошлади. Биласизми, ҳозир университет ва институтлар шу даражада кўпайиб кетдики, энди талаба бўлиш ҳам осон бўлиб қолди. Аммо, билимли мутахассисларга талаб жуда юқори. Шу боис ҳам ўқув марказлари ўрнини секин-аста хусусий мактаблар эгаллай бошлади.
Нима учун “Бухоро мактаби”?
Бу номни бизга халқ берган десам ишонасизми? (кулади). Жуда қаттиққўллик ва ниҳоятда талабчанлик билан дарс берганим, натижа ҳам кўрсата олганим боис, ўқувчиларим Тошкент вилоятида кўпчиликни ташкил қилади. Ўша вақтларда ота-оналар телефон қилишса, Бухородан бўлганим сабабми, фарзандимизни Бухоро мактабида ўқитмоқчимиз, бухоролик устозда ўқитмоқчимиз, деб кўп айтишарди.
Илк мактабни Олмалиқда очган бўлсам, кўпчиликка таниш бўлган ном билан, Бухоро мактаби деб атадик. Кейинчалик Ангренда ҳам шу мактаб иш бошлади. Бугунги кунда 3 та Бухоро мактаби бўлса, ҳар бирида 1000 дан ошиқ ўқувчиларимиз бор. Ўқитувчиларга жуда қаттиқ талаб қўйганман. Шунга яраша ойликлар ҳам зўр (энг яхши ўқитувчилар 10 млн.дан ошиқ олишади). Бизни ўқувчиларимиз бошқа ўқувчилардан ҳам одоб, ҳам билим жиҳатдан фарқланиши лозим. Дангаса, ўзини ривожлантирмайдиган, келиб-кетиб юрадиган ходим билан ҳеч қачон ишламайман. Менга фақат натижа керак. Фарзанд тарбияси таълимидан ҳам муҳим бўлиши лозим.
Афсуски, бугун кўча-кўйда йигит-қизларни кузатар экансиз, тарбия оғир аҳволга келиб қолганига гувоҳ бўласиз. Шу боис, тарбия дарсларига урғу беришни бошладик. Оддий сўрашиш одобидан дарс ўтган пайтимиз, бола ўз онасидан, нима учун саломига алик олмаганини, бу биз учун суннат эканлигини айтганида, ота-она, булар диний таълим бераяпти, деб шикоят қилган. Ҳозирги сонияларда, фарзандингиз тарбиясига шу қадар бефарқмисиз, демак эртанги фожеаларга, кечиккан оҳ-воҳларга тайёр тураверинг. Ана ўшанда ҳам айб фақат ва фақат ўзингизда бўлади. Аммо биз ўз танлаган йўлимиздан ҳеч қачон қайтмаймиз. Мен устозларимдан тортиб моддий техник базам, мактабимни хор қилиб ташлашларига ҳеч қачон йўл қўймайман. Кучли таълим албатта яхши тарбия билан чамбарчас боғлиқ бўлиши лозим. Назаримда мактабимизнинг бугунги жозибаси ҳам шунда. Куни кеча шаҳар олимпиадаси бўлиб ўтди. Олмалиқдаги 23 та мактаб ва 1 та Бухоро мактаби иштирок этди. Биласизми натижа қандай? Вилоят босқичига йўлланма олган 99 нафар ўқувчидан 36 нафари биргина бизнинг мактабимиздан. Бу жуда яхши натижа биз учун.
Таълим таёқсиз бўлмайди
Ўтган йилда ижтимоий тармоқларда Бухоро мактаби ўқувчиларни уриши ҳақида турли фикрлар билдирилди. Вазият аслида қандай эканлигини билмай туриб, турли миш-мишлар тарқатувчилар доим учрайди. Ўз тажрибамдан айтаман, шахсан мен дарс берганимда хоҳиши йўқ болаларни ота-оналари қаттиққўллик билан ўқитишимни илтимос қилишарди. Эътибор беринг, хоҳиши бўлмаганларнигина уришга мажбур бўлганмиз. Бир йўлга солиб олганимиздан кейин эса, улар бошқалардан анча кучли бўлишган. Бу усул 100% натижа берган. Ўша пайтларда болалар анча чидамли эди. Бугун вазият ўзгарган, эндиликда туртишдан ҳам воз кечаяпмиз. Аммо биласизми нима, жуда кўп ўқувчилар ўқитувчини менсимай қўйган, ҳаттоки директорни туртишгача ҳам бормоқда. Устозидан, ота-онасидан қўрқмайдиган бола ҳеч нарсадан тап тортмайди.
Бизга шундай ўқувчилар келадики, билим 0 га тенг. Ундайларни устозларимиз кўпинча мени ёнимга жўнатишади. Яқинда, 11-синф боласидан, 9 га 6 ни қўшганда неча бўлади, деб сўраганимда жавоб бера олмади. Хўш, шундай бола билан қандай муомала қилиш керак? Баъзи ота-оналар ҳозир хам, Азизбек, ўқимаса уринг, деб келишади.
Бир устозим, таълим таёқсиз бўлмайди, деган эди. Аммо ҳозирги замон буни кўтармайди.
Илмлилар бойиши керак
Мен баҳо учун ўқиш ёки ҳамма нарсани зўр билиши керак деган фикрга мутлақо қаршиман. Болани ҳақиқий илм эгаси, тўғрироғи зиёли қилиб тарбиялаш лозим. Бундай инсон бир ишнинг бошини тутдими, уни ривожлантириб, янгилик қила олади. Зиёли фақат билимлигина бўлиб қолмай, тарбияси ҳам ҳавас қилса арзийдиган шахсдир. Бу жиҳатларни биз фарзандларимизга сингдира олсак, уларга қилган энг катта яхшилигимиз шу бўлади. Агар сиз фақат бугунги кунингизни ўтказиш, оилани боқиш ташвиши билангина юрган бўлсангиз, демак сиз бу жамият учун кераксиз одамсиз. Унутманг, ўзимизни ва шу орқалигина фарзандларимизни ислоҳ қилишга ҳеч қачон кеч эмас.
Нурсора Абдумалик қизи
ёзиб олди.