Image default
Ҳикоя

ҲАЁТДАН ЗАВҚЛАНИШ ҲИССИ

Кейинги пайтларда одамлар ўртасида “гап” деган давомий тадбир чинакам расм-русумга айландики, шаҳардаги ошхонаю чойхоналар, ресторан ва ҳатто қаҳвахоналарда ҳафтанинг қайси куни бўлишидан қатъий назар гапжўраларни, айниқса аёллар жамоасини учратиш мумкин. Уларнинг суҳбатларини тинглаб кўпинча карахт бўлиб қоламан.
Ўта майда ва аҳамиятсиз суҳбатлар мобайнида ғийбатлару ҳасадгўйликлар ҳам урчиб туради… Кимдир оҳорли либосини, кимдир қимматбаҳо тақинчоғини кўз-кўз қилиш билан овора. Бу давомий тадбирларга авваллари ажабланган камина ҳам айни пайтда болалик ва ёшлик жўраларимга эшман. Ўйин-кулги ва завқу шавқ билан ўтадиган йиғинларга мойиллик атрофимдагиларда гарчи айрим моддий қийинчиликларни инобатга олмаганда, аввалгидан анчайин кучлироқ эканлигини фарқига бораяпман.
Тўғри, кундалик ҳаётда доимий равишда узлуксиз ишлайдиган одам бўла олиш ҳақиқатга зиддир. Шундай экан, инсоннинг кўплаб психологик эҳтиёжлари ҳам борлигини унутмаслигимиз керак. Чунки одамларнинг ўйин-кулги, саёҳат қилиш каби завқ ва қизиқишлари бўлиши табиий.
Ғарб маданияти, бошқача айтганда, модернизм одамларга ўйин-кулги ва завқни ҳаётнинг мақсади сифатида тақдим этди. Aйниқса, ХIХ аср бошларида илм-фан ва психология фалсафасида завқланиш биринчи ўринга қўйилди ва улуғланди. Инсоннинг ҳаётдаги мавжудлигидан мақсад фақат завқланишдир, деган тушунча ҳукм сурди. Бинобарин, бу фалсафадан таъсирланган кишилар “Мен завқ билан яшасам, бахтли бўламан, бўлмасам, бахтсиз бўламан” каби руҳий ҳолатга ўтишди.
Бундай шарт қўйиш натижасида одамлар завқ ва ўйин-кулгини бурч сифатида қабул қилишда хатога йўл қўйишди. Масалан, Aмерикада “ҳафта охири синдроми” деган нарса борлигини бир психологик асарда ўқигандим. Улар буни Викинг синдроми деб ҳам аташади. Aмерикада одамлар ҳафта давомида ишлайдилар ва дам олиш кунларида дам олишади. Aгар улар хурсанд бўлмаса, ўзларини жуда ёмон ҳис қилишади. Шу боис ушбу тушунча туфайли улар душанба кунини оғир бошлашади. Aфсуски, бу тушунча бутун дунёга Голливуд маданияти ва оммабоп маданият номи остида тарқала бошлади.
Менимча, бизда ҳам бугунги кунда ёшу қари орасида оммавий маданият шу тахлит кенг қулоч ёйди. Оддийгина туғилган кун маросимлари ёки бешик тўйининг дабдабаю асъасалар билан ўтказилишини айтмайсизми? Турли тадбирлар қаторида ўтказиладиган оддий гапу гаштаклар асосан маиший муаммоларга ўралашган қатламни баттар маишатга ғарқ қилмоқда.
Камдан-кам ҳолатда мушоиралар ёки мутолаа таассуротлари баён қилинишини ҳисобга олмасак, ўйин-кулги, бўм-бўш мақсадлар, дунёвий орзулар исканжасига тушиб қолган одамларнинг заволли умрларини кўрасиз бундай давраларда ва беихтиёр эсиз, деб юборасиз. Ўзи бу “гап” деб ном олган ғаройиб йиғинни ўйлаб топганлар ҳам ғирт бекорчилардир.
Яқинда қиз чиқардим, унинг янги рўзғорига керакли энг зарур ашёларни баҳоли қудрат сотиб олдим, аммо атрофимда “ақл ўргатувчилар” шунчалар кўпайдики, олганларимга яна беш баравар сепу суруқ қўшишим, йўқса, қудаларнинг олдида уялиб қолишимни бот-бот такрорлаганлар бўлди. Фикрим чалғиди ҳатто, аммо дарҳол эсимни йиғдим. Энг муҳими, тўй баҳона қарзга ботмадим. “Кредит балоси”га дуч келмадим. Қудалар ҳам зиёли эканликлари боис мени қўллашди, ортиқча талаб-истакларга биргаликда барҳам бердик. Ҳар ким ўз кўрпасига қараб оёқ узатгани маъқул. “Урф”га айланган сарполарни бўйим баравар қутиларга жойлаб, ижтимоий тармоқларда кўрсатиш психологиямга мутлақо ётдир. Меъёр чегарадан ошдими, таъбни хира қилади. Ахир, беш қўл баравар эмас-ку?! “Одамлар нима дейди” ёки “эл қатори” деган тескари тушунчалар билан яшаётган баъзи ватандошларимиз маданиятимиз ва урф-одатларимиз чегарасини аллақачон ошиб ўтдилар. Бу эса аввало, ўзларига зиён бўлди ва бўлмоқда.
Ақл-идрокли киши ўз ҳаёт тарзини бирмунча маданий шаклдаги тадбирларга бағишлайди. Жамият сифатида эътибор беришимиз керак бўлган нарса – маданиятимиз ва эътиқодимиз доирасида кўнгилочар одатларимизга эга бўлиш, Голливуд ва оммабоп маданият олиб келган завқ тузоқларига тушиб қолмаслик, чинакам завқланиш маданиятини яратишдир. Чунки инсон сифатида биз ҳам ўйин-кулгига, ҳордиқ чиқаришга, роҳатланишга муҳтожмиз. Бироқ бу ўйин-кулгилар ва завқлар қонуний доирада, гўзал қадриятларимизга мос тарзда бўлиши керак. Қонуний доирада бўлмаса, ҳар хил фитналар, кўнгилсизликлар келиб чиқаверади…
Афсуски, биз бошдан кечирган баъзи завқларнинг ўлчови борми ёки бу инсон ақли қабул қиладиган нарсами? Бугун тўйларимизда айримлар қуюшқондан чиқиб кетаяпти, на урфимизга, на мусиқий маданиятимизга мос келмайдиган рақсларни кўриб лол қоласиз. Қизиқ, баъзи нарсаларни онгимизда қабул қилиб, шунга яраша иш қиламизми?
Одамларни хурсанд қиладиган моддий лаззатлардан ташқари, мавҳум лаззатлар ҳам мавжуд. Бир таниш онахон “Мен шаҳардаги тунги ҳаётдан кўра фарзандим билан ўтказган вақтимни афзал кўраман”, дер эди. Шу боис бу аёл учун оналикнинг мавҳум завқи кўпгина моддий завқлардан устунроқ турарди. Шунга қарамай, бу тушунчани ўзлаштирган одамлар фарзандлари билан бўш вақтларини ўтказиш, таътилга чиқиш ва улар билан ҳаётни баҳам кўришни идеал завқ деб билишлари мумкин. Мен буни бугун кўплаб зиёли танишларимда кўраман ва қўллаб-қувватлайман.
Бир ёш она менга эрининг кечаси билан бильярдхона (аниқроғи, қиморхона)дан келмаслигини, болалари эса ота меҳрига зорлигини айтиб чуқур хўрсинди:
– Кундузи уйқудан бош кўтармаган эрим шом қорайиши билан яна ювиниб-тараниб ғойиб бўлади. Аввалига менга хиёнат қилаяпти, дея роса сиқилдим. Кейин билсам, қўшнимнинг ўғли иккови боши билан бильярдхонага шўнғиган экан. Бу даргоҳни ичи қиморхона бўлиб, нотавон эркакларимиз топган пулларини кўкка совуриб яшашади. Эрим ишламайди эмас, ишлайди, аммо топганини ўз кайфу сафосига сарфлайди. Бу йўлдан қайтаришга неча ойлаб уриндим, сўкиш ҳам эшитдим, калтак ҳам едим. Натижаси бўлмади…
Aфсуски, модернизм ўз идеалини ва қиморхоналарни завқ сифатида қабул қилишни, қимор ўйнашни ёқламоқда. Шу сабабдан идеал ва зарарсиз завқ, ўйин-кулгилар ўзимизнинг маданий тузилмамиз ичида, эътиқод тизимимиз билан уйғунликда, нафақат моддий лаззатлар, балки маънавий лаззатлар билан ҳам чегараланган бўлиши керак.
Гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш, ичиш, жинсий фантазиялар билан вақт ўтказиш – қисқа муддатли завқ ва ўйин-кулги соҳалари саналади. Бу жойлар ҳар доим ҳам одамларни хурсанд қилавермайди. Ҳатто заҳарли асалга ўхшаб таъмидан кейин ҳам ошқозон оғриғига сабаб бўлади. Шу сабабли инсон табиатига мос келадиган узоқ муддатли завқ ва кўнгилочар жойларни кашф қилиш муҳимдир. Энг катта завқ моддий эмас, балки маънавийдир. Масалан, хотиржамлик энг катта завқ ҳисобланади. Aгар инсон ички хотиржамликка эришмаган бўлса, у саройларда яшаса ҳам бахтли бўлолмайди. Ички хотиржамликка эришган одам зиндонда бўлса ҳам бахтли бўлиши мумкин.
Ироқ ишғоли пайтида баъзи америкалик аскарлар “Cоcа-Cоса” ичмагани учун тушкунликка тушиб қолишган экан. Чунки уларнинг онгида ҳаётдан завқланиш ҳақидаги тасаввур ва таърифлар фақат моддий нарсалар билан чегараланган. Шунинг учун улар ўзлари одат қилган элементни топа олмасалар, тушкунликка тушишлари мумкин. Шу боис моддий лаззатлардан ташқари маънавий завқларни идеаллаштириш учун ҳаракат қилиш керак. Aллақачон мавҳум лаззатларни тотиб, ички хотиржамликка эриша бошлаган одам вақтинчалик завқларнинг қанчалик содда эканлигини тушунади ва бунинг ўрнига доимий завқларни мақсад қилади.
Одамлар оддий нарсалардан хурсанд бўлишни, бир пиёла чой ёки мазали таомдан завқланишни ўрганиши керак. Жамият олдидаги ижтимоий масъулият ва одамларга ёрдам беришнинг завқини тотиб кўришнинг шукуҳи бошқача. Aгар одамлар бу лаззатларни татиб кўрганларида эди, шубҳасиз, улар ўйлаган нарсаларидан янада кўпроқ завқ олишларини ҳис қилишар эдилар.
Ҳаётдан завқланиш ҳисси ҳеч биримизни тарк этмасин. Яқинларимиздан айирмасин. Энг завқли ва унутилмас онларимизни фарзандларимиз ва яқинларимиз билан кечиришликни насиб этсин, дея дуодамиз.

Нигора ЖАЛОЛИДДИН ҚИЗИ.

МАВЗУГА ОИД

ЁМҒИР ЁҒМОҚДА

admin

Раҳбарликнинг 9 татамойили

admin

ТАҚДИР ТУШИ

admin

КИМ БИЛАН ГАПЛАШAЁТГАНИНГИЗНИ БИЛИНГ

admin