Жорий йилнинг 3 ноябрь куни 99280-сонли ҳарбий қисмда шаҳар умумтаълим мактабларидаги “Ватан таянчи” отрядлари аъзоларига кўкрак нишонларини топшириш ва ваъда бериш маросими ўтказилди. Унда 15 та отряд аъзолари ҳамда шаҳар нуронийлари, Қуролли Кучлар фахрийлари, Мудофаа вазирлиги қошидаги “Ватан таянчи” бошқарма вакиллари, Тошкент вилояти МИББ “Ватан таянчи” бўлими бошлиғи, подполковник А.Нуриллаев ва ҳарбий оркестр, шунингдек, ҳарбий қисм офицерлари қатнашдилар. Тадбир мобайнида ҳарбий қисмнинг шартнома асосида хизмат қилувчилари томонидан намойиш этилган қўл жанги, ўргатилган итлар билан чиқишлар тадбирга кўтаринки рух бахш этди. Бу каби тадбирлар ёшларнинг қалбида Ватанга садоқат, меҳр-муҳаббат уйғотиб, ёшларни ҳарбийлик касбига қизиқишини оширишга ҳисса қўшиши билан аҳамиятли.





Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги «Ватан таянчи» — болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракати давлат муассасаси Ўзбекистонда янги ташкилот бўлиб, бу ҳақда 2 март куни 150-сонли Президент қарори қабул қилинган.
Давлат умумтаълим мактабларида бошланғич ҳарбий таълим фани ўқитувчиси раҳбарлигида 20 нафар 10-11 синф ўқувчиларидан иборат «Ватан таянчи» отрядлари тузилади. Отрядга аъзо бўлиш ихтиёрий.
Ватан таянчининг асосий вазифалари
қуйидагилардан иборат:
Ёш авлодни ватан тақдирига дахлдорлик, маънавий-ахлоқий, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш;
эркин фикрлайдиган, мустаҳкам билимли, мустақил қарор қабул қила оладиган, мамлакат ва ўз оиласи фаравонлигини янада ривожлантириш орзусида бўлган ёшларни тарбиялаш;
ўқувчи ёшлар орасида ҳарбий-ватанпарварлик руҳини уйғотиш;
ўқувчиларни одоб-ахлоқ, ватанга садоқат, ўзига ишонч руҳида тарбиялаш;
умумтаълим мактаб ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш учун қулай шароит яратиш;
ўқувчиларни турли хавфли ғоялар ва «оммавий маданият» ниқоби остида кириб келаётган салбий таъсирлардан ҳимоя қилиш.
«Ватан таянчи» отряди аъзоларига бериладиган имтиёзлар
Ўқув йилидан мактабни аъло баҳолар билан тугатган, «Ватан таянчи» отрядларининг бир нафар фаол аъзосига Мудофаа вазирлиги томонидан олий ҳарбий таълм муассасига кириш учун имтиёзли тавсиянома берилади.
Ундан ташқари, «Ватан таянчи» тавсияномасига эга бўлган ўқувчилар олий ҳарбий таълим юртига киришда 5% қўшимча балл олиш ҳуқуқига эга бўлади.
Лобар Абдусатторова.