Инсонда неъматлар бисёр бўлганда, нафсига қул банда ҳаром бўлган нарса ортидан қувиб ўз умрига зиён қилганини билмай қолар экан.
Бугунги саҳифамиз “қаҳрамонлари” — “Олмалиқ КМК” АЖ Мис бойитиш фабрикаси Мис ва молибден консентратини селекциялаш ва қуритиш цехининг 4 нафар ишчи-ходимлари ҳам ана шундайлар тоифасидан бўлиб чиқди. Чилангар Жамшид Маматов (исм-шарифлари ўзгартирилган) ўзи билан бирга бир цехда уста бўлиб ишловчи Шавкат Рисқулов, флотатор Холида Уразалиева ва электромонтёр Шерзод Абдухолиқов билан тил бириктириб, цехдан таркибида қимматбаҳо металл бўлган саноат қумларини яширин равишда талон-торож қилишга келишиб олишди. Тўртовлон жорий йил 6 февраль куни соат тахминан 04:00ларда цехдаги 7-сонли флотомашина охирги блоги двигатель ёнидаги тирқишни темир арра билан кесиб очиб, мазкур тирқиш орқали 7- ва 8-сонли флотомашина оралиғидаги таркибида қимматбаҳо металл бўлган саноат қумлари оқиб ўтувчи магистрал қувурга умумий узунлиги 192 сантиметр, эни 20 сантиметр бўлган палас матоси бўлагини таркибида қимматбаҳо металл бўлган саноат қумларини шимдириб олиб яширин равишда талон-торож қилиш мақсадида қўйишди.
Орадан 3 кун ўтиб, 9 февраль куни “Олмалиқ КМК” АЖ Мис бойитиш фабрикаси Мис ва молибден консентратини селекциялаш, қуритиш цехи 7-флотамашинасини таъмирлаш учун 99280-сонли ҳарбий қисм хизматчилари назоратида очиб кўрилганда 7-, 8-сонли флотамашиналар оралиғидаги таркибида қимматбаҳо металл бўлган саноат қумлари оқиб ўтувчи магистрал қувурдан Ш.Абдухолиқов, Ж.Маматов, Ш.Рисқулов ва Х.Ўразалиева томонидан қўйилган, таркибида 100,4 грамм олтин ва 28 грамм кумуш металлари шимдирилган, умумий нархи 70.964.817,4 сўмлик палас матоси бўлаги аниқланган. Судланувчиларнинг жиноий ҳаракатлари ўзларига боғлиқ бўлмаган ҳолда охирига етказилмай қолган.
Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 56-моддасига кўра, судланувчиларнинг айбини оғирлаштирувчи ҳолат деб суд уларни бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктирган ҳолда жиноят содир этганликлари, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 55-моддасига кўра, судланувчи Ж.Маматқулов, Ш.Рисдавлатов, Х.Уразбекова ва Ш.Абдуллаевнинг айбини енгиллаштирувчи ҳолат деб суд томонидан уларни биринчи марта жиноий жавобгарликка тортилаётганликлари, моддий зарар етказилмаганлиги, судланувчиларнинг барчаси содир этган жиноятларидан чин кўнгилдан пушаймонлиги инобатга олинди.
Суд Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 454-457, 460-463, 465-468, 472-473-моддаларига асосан Шерзод Абдухолиқов Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 25,169-моддаси 2-қисми “б,в” бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, унга 2 (икки) йил 6 (олти) ой муддатга иш ҳақининг 20% давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлади.
Жамшид Маматов Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 25,169-моддаси 2-қисми “б,в” бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, унга 3 (уч) йил муддатга иш ҳақининг 20% давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 62-моддасига кўра Ж.Маматов 2023 йил 13 февралдан 20 февралга қадар 7 кун қамоқда сақланган муддатининг ҳар бир куни уч кун ахлоқ тузатиш иши жазосига ҳисобланиб, тайинланган ахлоқ тузатиш иши жазосининг 21 куни чегирилиб, ўташ учун 2 (икки) йил 11 (ўн бир) ой 9 кун иш ҳақининг 20% давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда ахлоқ тузатиш ишлари жазоси қўлланилди.
Холида Уразалиева Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 25,169-моддаси 2-қисми “б,в” бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, унга 2 (икки) йил муддатга иш ҳақининг 20% давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда ахлоқ тузатиш ишлари жазосига торртилди.
Шавкат Рисқулов Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 25,169-моддаси 2-қисми “б,в” бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, унга ЖКнинг 45-моддаси қўлланилиб, 1 (бир) йил 6 (олти) ой мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди ҳамда 2 (икки) йил 6 (олти) ой муддатга иш ҳақининг 20% давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда ахлоқ тузатиш ишлари жазоси билан жазоланди.
Маъмуржон Туйчиев,
жиноят ишлари бўйича
шаҳар суди раиси.