Яқинда давлатимиз раҳбари Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида режадан ташқари белгиланган манзилда бошқа капитал таъмирдан чиқарилганига бир йил бўлган умумтаълим мактабига ташриф буюрди. Бажарилган ишларни ювиб кетадиган ниҳоятда хунук ҳолатга гувоҳ бўлинди. Мактаб ҳалигача янги парталар билан жиҳозланмаган. Бунга ўрта бўғин раҳбарлари айбдорларлиги очиқ айтилди. Болалигимда мактабимиз биология фани ўқитувчиси бўларди. Дарс қилмай келсак ёки интизомга риоя қилмасак қулоғимиздан тортиб эсимизни киритиб қўярди. Шаҳар ижро ташкилотларининг масъулиятини ошириш учун ҳам қандайдир прогрессив усулларни қўллаш керакка ўхшаб қолаяпти.
Халқ депутатлари шаҳар Кенгаши томонидан шаҳардаги корхона, ташкилот ва муассасаларга юборилган сессия қарорларида берилган вазифаларнинг ижросига назар ташлаб шундай хулосага келиш мумкин.
Мана, жўжани санайдиган куз ҳам кириб келди, лекин топшириқлар ижроси “мёртвый” бўлиб турган баҳорда берилган топшириқлар ижросини кўриб чиқишдан бошласак. Март ойининг 2-санасида шаҳар Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўлими ва Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлимига Жиноят ишлари бўйича шаҳар суди билан ҳамкорликда очиқ суд мажлислари ва сайёр судларда маҳаллалардаги фуқароларнинг, айниқса, ёшларнинг иштирокини таъминлаш тавсия этилган. Шу талабга ҳануз мутасаддилар томонидан жавоб хати берилмаган. Бу каби ёндашув ёшларни ҳушёрликка чақириш билан бирга уларнинг ҳуқуқий билимлари бойишига ҳам хизмат қилган бўларди, афсус.
Худди шу санада сессия томонидан шаҳар прокуратураси, ички ишлар бўлими билан ҳамкорликда шаҳарда ҳар чоракда камида бир маротаба барча корхона, ташкилот ва идораларнинг мансабдор шахслари, масъул ходимлари иштирокида коррупцияга қарши муросасиз курашиш ва манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш бўйича давра суҳбатлари ва тарғибот йиғилишларини ўтказиш вазифаси топширилган. Ҳанузгача бу вазифа юзасидан жавоб хати берилмаган ва ижроси таъминланмаган. Бундан хулоса қилиш мумкинки, шаҳримизда коррупция йўқ. Ажойиб кўрсаткич.
Баҳорнинг учинчи кунида сессия шаҳар ҳокимлиги зиммасига безорилик ва талончилик жиноятларининг таҳлилидан келиб, ушбу турдаги энг кўп жиноятлар содир этилган Шароф Рашидов МФЙ ҳудуди “Олтин олма” хиёбони ва Алишер Навоий МФЙ ҳудуди “Ёшлар боғи”га кузатув камералари ҳамда тунги ёритич чироқларини ўрнатиш бўйича шаҳар ҳокимига таклиф киритиш ва масалани ижобий ҳал этиш чораларини кўриши учун ўн кунлик муддатни белгилаб берган. Бу талаб ижроси юзасидан жавоб хати берилмагани ишлар “ОК” эканидан дарак берадими ёки гап бу қулоқдан кириб, бунисидан чиқиб кетганини кўрсатадими?
Худди шу 3 март кунида сессия қарорига асосан, шаҳардаги барча корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари билан биргаликда ҳозирги давр талабларидан келиб чиқиб, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш ҳамда бошқа объектларда мавжуд кузатув камераларини хатловдан ўтказиш, эскиларининг ўрнига замонавий кузатув камераларига алмаштирилиши ҳамда объектларнинг ташқи ҳудудига ҳам кузатув камералари ўрнатилиши бўйича хатлов ўтказиш ва натижалари юзасидан Халқ депутатлари шаҳар Кенгашига ҳисобот киритиш топшириғи берилган. Хавфсиз шаҳар йўналишида қилинган эътиборга молик бу талаб ҳам туя гўштини еган кўринади. Ҳанузгача бажарилган ишларга доир жавоб ҳужжати шаҳар Кенгашига тақдим этилмаган.
Жорий йилнинг 10 мартида шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси ва электр таъминоти корхонаси зиммасига Муқимий маҳалласига 2021 йилда маҳалланинг Муқимий ва Муса Жалил кўчаларидаги яроқсиз симёғочларни алмаштириш учун олиб келинган жами 25 дона бетон устунлар бугунги кунга қадар ўрнатилмай кўча ёқасига ташлаб қўйилганлиги ҳолати бўйича муаммони бартараф этилишини таъминлаш ва нима сабабдан бундай ҳолатга йўл қўйилганлиги, масъулларнинг масъулиятсизлиги юзасидан кўрилган чоралар бўйича таҳлилий ҳисобот берилиши талаб қилинган. Ҳанузгача бу талаб ижроси таъминланмагани ёғин-сочин мавсуми бошланган шу кунларда “ғалвир сувдан кўтарилиб, кўза кунида синиши”га яққол мисол бўла олади.
Ҳозирча шу ерда бироз тўхтаймиз. “Қиш ғамини ёзда е” мақолига амал қилмаган ҳолда ёзда берилган топшириқларнинг тепса-тебранмас бўлиб туриши ҳолатларига газетамизнинг навбатдаги сонида тўхталамиз. Балки мутасадди раҳбарларимиз бир керишиб, стол устида таҳлам бўлиб ётган кирувчи ижро ҳужжатларини бир кўздан кечириб чиқиб, тезкор чораларни кўришга ўзларида журъат топишар. Халқимиз муносиб ҳаёт кечиришга ҳақли. У бугун фаровонликни ҳис қилиши керак. Ўз лавозим вазифасига лоқайд бўлган масъуллар билан ҳеч ким муроса қилишни айнан бугун истамайди.


Ҳасан Абдуллаев.