Учинчи фарзандим туғилгач, ишларим юришиб бойиб кетдим. Пул устига пул айланарди. Албатта, бундай бўлгач уйланиш истагига тушдим. Ёш бир қизга кичик тўй қилиб уйланиб олдим. Унинг номига уй олиб бердим. Биринчимдан иккинчимни қаттиқ сир сақладим. Сир бой бермасдим. Иккинчи аёлимнинг ёнига фақат кундузи борар эдим. Иккинчим олти йил ичида кетма-кет учта ўғил туғиб берди. Назаримда ҳаммаси теп-текис кетаётгандек эди.
Лекин… Лекин иккинчимнинг бир куни бирданига мазаси қочди. Чинқирганча букланиб ётиб олди. Шифокорга олиб бордим. Саратон… Ўпкада тўртинчи даражадаги саратон чиқди… Кўп аъзоларга ёйилиб кетибди ҳам. Карахт бўлиб қолдим. Ва таниш-билишларнинг маслаҳати билан Ҳиндистонга олиб кетдим. Уст-устига кимётерапия олишни бошладик. Лекин ичимдан умидсизлик келаверди, келаверди… «Тузалмаса керак! Кичкина касаллик эмас-ку». Аёлим кундан-кунга озиб, тугаб бораверди. Еттинчи кимётерапияни кўтаролмай, вафот этди. Ҳиндистондан қайтиб келдик. У энди йўқ…
Биринчи аёлим мендаги ўзгаришларни фарқ этган… Фарқ этмасинми, ахир касал боққан касал-ку… Икки ўртада сарсон бўлдим. Бир оёғим биринчимникида, иккинчи оёғим қайнонамнинг қўлида қолган болларимнинг ёнида… Ҳаммадан ҳам болаларимга қийин бўлди. Кўзлари киртайиб, онасини кутганча мўлтиллаб туришарди. Улар жуда кичик эди. 6 ёш, 4 ёш, 1 ёш… Жуда қийналиб кетдим. Ишларим ҳам ўлда-жўлда…
Анчадан бери ҳаёлимдан ўтиб юрган ишни амалга оширишга жазм қилдим. Биринчим мени тушунишига умид қилиб, унга бор ҳақиқатни айтдим. Ниятим, онасиз қолган болаларимни олиб келиш ва ҳамма болаларимни бир уйда катта қилиш эди. У мени эшитгач йиғлаб юборди… Ва тонггача йиғлаб чиқди. «Адаси, болаларни олиб келинг… Бечоралар қийналишмасин».
Кўкрагимга шамол тегди. Ўша куниёқ учиб бориб, болаларни олиб келдим. Аёлим уларни ювиб-тараб, меҳмон қилди. Ўзининг тўртта боласига, уч ўғилни ҳам қўшиб олди. Бор меҳрини бериб парвариш қилди. Уларни улғайтирди.
Аёлимни болаларни болалардан ажратганини бирон бир марта кўрмадим, ёки сезмадим. Болалар ҳам ҳеч шикоят қилганларини эслолмайман. Энг боши бўлган икки қиз фарзандимни узатдик. Иккинчимдан бўлган биринчи ўғлим ҳозирда коллежда ўқимоқда.
Кўп ўйлайман… Агар ўша пайтда аёлим жанжал чиқарганда нима бўлар эди? Болаларни қабул қилмаганда нима бўлар эди? У нафсига ёқмаган бўлса ҳам, фидокорлик қилди. Сабр қилди, бардош берди… Етти фарзандни, бир қилиб улғайтирди… Жаннат унга муборак бўлсин!
Зулфия Маҳмуд