Image default
Ҳикоя

ҲУРМАТГА ЛОЙИҚ КЕЛИНОЙИ

Биз кўп қаватли уйларда яшаймиз. Доим ўқишдан келаётсам уйимиз ҳовлиси хотин-халажлар, болажонлар билан тўла бўлади. Мени кўрган болажонлар ширингина қилиб чучук тиллари билан «аччалому алайтум» дейишса хотин-халажларнинг олдидан ўзим «Ассалому алайкум» деб ўтиб кетаман. Орқамдан уларнинг гаплари эшитилади: «Эссизгина, шу қизларни ҳам онаси эрта ташлаб кетганда» деганларини эшитиб кўнглим ўксийди ва тез-тез юриб уйга кириб кетаман. Кунлар шу тарзда ўтади. Уйимиз ҳаёти шу инсонлар билан қизиқ, шуларнинг борига шукур дейман.
Бир куни битта қўшнимиз исмлари сир бўла қолсин, жуда ажойиб ичида кири йўқ опа эдилар. Ҳозир бизнинг домимиздан кўчиб кетишган ҳамма қизларни олдига тўплаб, бир нималарни гапириб бераётган эканлар. Менинг келаётганими кўриб, «Маржонахон, келинг, бошимдан ўтган бир қизиқ воқеани буларга айтаётувдим. Сиз ҳам эшитинг, сиз ахир озгина бўлсаям бир нималарни ёзиб турасиз. Зора, буни ҳам ёзсангиз газит-пазитга чиқиб қолса кимгадир ибрат бўлармиди», деб қолдилар. Ҳурматлари учун тўхтадим. Улар гапларини давом қилдилар. Ҳикоянинг қолган қисмини ўша опанинг тилидан ёзаман.

  • Шу десангиз мен поччангизга кўнгил қўйиб турмушга чиққанман. Ота-оналаримиз розилиги билан тўйимиз сентябр ойида бўлди. Биласизлар, куз фасли, буёғи қиш. Кунлар дарров кеч бўлади, тонглари ҳам тез отмайди, мен янги келинман. Келин бўлиб тушган маҳаллам руслашган, қўшниларимизнинг ҳаммаси бошқа миллат вакиллари, деярли руслар эди. Фақатгина биз ўзбеклар эдик ўша кўчада. Энди биласизлар, янги келинлар эрта тонгдан туриб ҳовлиларни, кўчаларни супир-сидир ишлари билан бошлашади. Бир куни денг, мен ҳам поччангларни уйғотиб «туринг, қараб туринг, кўчани супириб олай» дедим. Поччанглар эринибгина турдилар, кийиниб чиқдик. Менинг бошимда ироқи дўппи, оқ узууун рўмол, ҳозиргилар «сари» дейишади. Ўзим ҳам оппоқ кўйлакларни кийиб олганман. Ҳаммаёқ қоп-қоронғи, ер зўрға кўринади. Кўчага чиқиб энди супуришни бошлагандим, кўчанинг нариги томонидан ғийқ… ғийқ…ғийқ… деган овоз эшитила бошлади. Қарасам бир киши велосипедда келаяпти. Қўлимдаги супургини ерга қўйиб бошимдаги рўмолни икки учидан ушлаб ҳалиги одамга қарата эгилиб-эгилиб салом бердим. Ўзимча хурсандман, чунки шунча кўча супурган бўлсам, бирорта одам эрта тонгдан кўчада юрмаганди. Опа қотиб-қотиб куладилар: — Ҳа, энди мана биттаси бўлсаям ўтди-ю, ҳозир менинг саломимга раҳмат, келинжон, бахтли бўлинг, десалар керак, десам қаёқда, индамай ўтиб кетдилар. Шунда поччангларга «Товбааа, раҳмат ҳам демадилар-а» десам, «Э, буларга салом берма, булар билмайди унақа нарсаларни» десалар «Ё, товбаа» дедим. Эртаси куни эса яна шу нарса давом этди. Ҳалиги кўчанинг бошида кечаги овоз яна эшитилди. Бу сафар… ғийқ,… ғийқ,…ғийқ, деган овоз шунақа тезликда эшигимиз олдидан ўтдики, супургини ерга қўйишгаям улгурмай қолдим.
    Шу куни кечки пайт поччанглар роса қотиб-қотиб кулиб кўчадан кириб келдилар, ҳаммамиз ҳайрон поччанглар манга қараб «арвоҳ-арвоҳ» деб кулади. Ойижоним «Ҳа, нима бўлди? Арвоҳ чалдими?» десалар, «Йўқ, ойи, келинингиз арвоҳ экан» деб роса кулади. Кейин зўрға кулгидан тўхтаб воқеани айтиб бердилар.
  • Кеча кўчани супираётганимизда келинингиз кўчанинг бошида яшайдиган Виталикка эгилиб салом берганди. Виталик бўлса келинингизни арвоҳ деб ўйлаб, кундузи билан касал бўлиб чиқибди. Бугун ишдан келаётсам:
  • Икром эшикларингнинг олдида арвоҳ кўрдим, бир уйларингнинг олдини тозалаб ташанглар деди,- деса қотиб қолибман. Кейин эсимга тушдида:
  • Виталик у сенинг кеннойинг бўлади. Биз ўзбекларда шунақа урф-одат бор. Эрта тонгдан ҳовли супуради, ўтган-кетганга эгилиб салом беради, деб тушунтирдим дедилар.
    Қаранг, бу гапга ҳаммамиз кулдик. Шу-шу бўлди-ю ўша қўшнимиз доим эшигимизнинг олдидан ўтса русчалаб салом бериб ўтадиган бўлган.
  • Қизларжонлар, кўрдиларингми, ўша маҳаллага бориб мен ўзбекларнинг урф-одатларини бошқа миллат вакилларига ҳам ўргатдим. Ширин-ширин тандир нонларимдан улашдим. Ҳар доим қўшниларга нон олиб кирганимда рус кампирлари «Ооо, раҳмаат, кизимка» деб мени олқишларди.

Хазонрезги.

МАВЗУГА ОИД

УМРАМНИ АЛЛОҲГА СОТДИМ…

admin

«Алдоқчи»

admin

ДЎППИСИ ЙЎҚ ДУНЁ

admin

У…

admin