Жорий йилнинг 11 ноябрь куни ОКМК АЖ ҳомийлигида тўлиқ таъмирланган Олмалиқ шаҳар туманлараро перинатал марказининг тантанали очилиш маросими ўтказилди.
Марказнинг очилиш маросимида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Тошкент вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари, ОКМК раҳбарияти ва жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.
Тадбирда сўз олган шаҳар ҳокими Қобил Хамдамов ва ОКМК бошқаруви раиси Абдулла Хурсанов Президентимиз томонидан ижтимоий соҳани қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги ҳамда туғруқ комплекси эндиликда ҳудудий перинатал марказига айлантирилганини билдирди.
Тадбир давомида объектнинг таъмир ишларида иштирок этган бир гуруҳ қурувчилар қимматбаҳо совғалар билан тақдирланишди. Сўнг рамзий лента қирқилиб, перинатал марказнинг рамзий калити марказ директори Малика Умрзоқовага топширилиб, муассаса расман ўз фаолиятини бошлади.
Таъмир ишлари пудрат ташкилоти “СИМВОЛ СЕРВИС СТРОЙ“ МЧЖ томонидан амалга оширилиб, бинонинг барча бўлимлари замонавий қиёфага келтирилди.
Ушбу тиббий муассаса аввал 90 ўринга мўлжалланган бўлса, эндиликда 120 ўринга етказилди. Марказ тўлиқ рақамлаштирилган ҳолда фаолият юритиб, барча зарурий тиббий ускуналар билан жиҳозланди. Туғруқ комплекси биносида ҳомиладор аёллар учун зарур шарт-шароитларни яратиш, тиббий хизмат сифатини ошириш учун замонавий ахборот коммуникасия технологиялари жорий этилган бўлиб, тиббий муассаса тўлиқ рақамлаштирилган ҳолда фаолият олиб боради.
Марказнинг реанимация бўлими комбинат мутахассислари томонидан кислород етказиб бериш ускунаси билан жиҳозланди.
Мазкур обектнинг қурилиш ишларига 12,5 млрд сўм маблағ ажратилди.
Олмалиқ шаҳар туманлараро перинатал маркази нафақат шаҳримиз аҳлига, балки, Оҳангарон тумани ва шаҳри, Пискент тумани, Нурафшон ва Ангрен шаҳарлари аҳолисига ҳам хизмат кўрсатади.



















