20 ёшли А.Алиқулов (исм-шарифлари ўзгартирилган) тенгдош жиноий шериклари З.Дадаев ва Р.Қуролов билан олдиндан тил бириктириб, 2023 йил 8 июнь куни соат 12:00ларда Олмалиқ шаҳар У.Носир кўчасида жойлашган дала майдонида бўш ҳолатда ўтлаб юрган Ю.Амановга тегишли бозор баҳоси 7 миллион сўмлик бир бош қора молни ҳамда С.Сайдазимовга тегишли, бозор баҳоси 12 миллион сўмлик икки бош қора молларни қаровсиз қолдирилганлигидан фойдаланиб, ўғирлаб кетди.
Шундан сўнг, ушбу қора молларни сотиш мақсадида А.Алиқулов таниши Баҳром Раҳимов билан гаплашиб, Маъмур Абдуллаевга тегишли “GAZ 24” русумли автомашинани мазкур жойга чақириб, ушбу автомашинада ушбу қора молларни таниши Б.Раҳимовнинг уйига олиб борган вақтда, ҳайдовчи қора молларнинг жиноий йўл билан топилганлигидан хабар топиб, шаҳар ИИБ ходимларига хабар бериши боис, З.Дадаев ва унинг жиноий шериклари қўлга олинди.
Натижада уч бош қора мол холислар иштирокида эгаларига қайтарилишига эришилди.
Суд, судланувчилар А.Алиқулов, З.Дадаев ва Р.Қуроловнинг ҳаракатларини юридик квалификациясини муҳокама этиб, қуйидаги қарорга келди:
А.Алиқулов ва Р.Қуроловнинг ҳар бири Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 2-қисми “в” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда, 2 (икки) йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазолари қўлланилди.
З.Дадаев Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга ЖКнинг 57-моддаси қўлланилиб, 3 (уч) йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. З.Дадаевга нисбатан ЖКнинг 60, 61-моддаларига асосан тайинланган жазога, жиноят ишлари бўйича Олмалиқ шаҳар судининг 2022 йил 26 октябрь кунги ҳукмига кўра тайинланиб, ўталмай қолган жазо муддатини қисман қўшиш йўли билан узил-кесил ўтаттиришлик учун 3 (уч) йил 6 (олти) ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Маъмуржон Туйчиев,
Жиноят ишлари бўйича
шаҳар суди раиси.