1 декабрь – Бутунжаҳон орттирилган иммун танқислиги синдроми — ОИТСга қарши курашиш куни деб эълон қилинган. Касалликни даволагандан кўра, унинг олдини олган афзалроқдир. Афсуски, сўнгги пайтларда ушбу касалликнинг кўпроқ қайд этилганлиги тиббиётимизни ташвишга солмоқда.
ОИТС касаллигини 1980-1981 йилларда америкалик олим Роберт Голло ва француз олими Люк Монтаньелар бир-бирларидан бехабар ҳолда топишган. Ер юзида ушбу касаллик билан яшаётган одамлар сони 34 миллионни ташкил этади. Бир кунда тахминан 7 минг 400 нафар одам бу касалликни юқтириб олмоқда. Касаллик айниқса навқирон 20-49 ёшлилар ўртасида кўплаб қайд этилмоқда.
ОИВ — одам иммун танқислиги вируси бўлиб, инфекция фақат одамларда учрайдиган сурункали юқумли касалликдир.
ОИВ инфекцияси ҳар хил касалликлардан ҳимоя қилувчи иммун тизимини шикастлайди. Касаллик манбаи ОИВни юқтириб олган одамдир. Вирус бемор одам организмида бутун ҳаёти давомида сақланиб қолади.
ОИТС — орттирилган иммун танқислиги вируси бўлиб, ОИВ инфекциясининг охирги босқичи ҳисобланади.
Касаллик қандай юқади?
- Жинсий йўл билан; (пала-партиш жинсий алоқа орқали)
- Паренатал йўл билан; (қон орқали)
Вирус билан ифлосланган қон ва унинг компонентлари, биологик суюқликлар, ностерил тиббий асбоб-анжомлар, гиёҳвандлар умумий шприцлардан фойдаланганда. - Вертикал йўл билан; (Онадан болага)
Она қорнида плацента орқали, туғруқ жараёнида, туғруқдан кейин она сути орқали.
Касалликнинг қандай белгилари мавжуд?
ОИВ инфекцияси кўп йиллар давомида белгисиз кечади. Касаллик лаборатория текширувлари орқали аниқланади. Айрим беморларда касаллик юққанидан кейин 8-10 ҳафта ўтгач
- Камқувватлик
- Иштаҳанинг пасайиши
- Кўп терлаш
- Тана ҳароратининг кўтарилиши
- Йўтал кузатилади.
Касалликнинг авж олиш даврида бемор гепатит, сил ва нафас олиш йўллари тизимини зарарловчи турли касалликларга берилувчан бўлади. - Ўмров ости, қўлтиқ ости, чов соҳасидаги лимфа тугунларининг катталашуви;
- Ҳарорат кўтарилиши ва ич кетиш бир ойдан ортиқ кузатилиши мумкин.
- Терида тошмалар тошиши;
- Бўғимлар ва тўқималарда оғриқлар бўлиши кузатилади.
ОИВ юқмайди: - Йўталганда, аксирганда
- Ҳашаротлар чаққанда
- Қучоқлашганда, ўпишганда
- Бассейн ва умумий ҳожатхонадан фойдаланганда
- Қўл бериб сўрашганда, бирга овқатланганда, умумий идиш-товоқдан фойдаланганда.
ОИВнинг олдини олиш учун: - Шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш;
- Муолажалар олиш вақтида фақатгина зарарсизлантирилган ва бир маротаба ишлатиладиган шприцлардан фойдаланиш;
-Бетартиб жинсий алоқалардан сақланиш; - СОҒЛОМ ТУРМУШ ТАРЗИГА РИОЯ ҚИЛИШ лозим!
Раҳима Мавлянова,
шаҳар 2-Оилавий поликлиникаси шифокори.