Сўнгги йилларда совуқ “кутилмаган” ташрифи билан бизни синовлардан ўтказмоқда. Буни табиатнинг инжиқликлари билан боғлаш тўғри бўлмаган бўларди. Йиллар давомида урчиб борган кўзбўямачилик, расмиятчилик, барчани тақдир ҳукмига қўйилиши энергетика тизимимиздаги муаммоларни юзага чиқариб қўя қолди.
Энергетика инқирози авваллари чекка ҳудудларни исканжага олишига лоқайд қараб келинган бўлса, Тошкент шаҳри, вилоятлар марказлари ва йирик шаҳарлардаги танглик мазкур йўналишдаги ҳолатга холисона баҳо бериш, муаммолар ечими учун мақсадли лойиҳалар, тадбирлар ниҳоятда зарурлигини кўрсатди. Газетамизнинг аввалги сонларида ушбу йўналишда шаҳар электр тармоқлари корхонасидаги ҳолат билан яқиндан сизни таништирган бўлсак, бу гал Тошкент вилояти «Ҳудудгаз Тошкент» ГТФ «Олмалиқшаҳаргаз» газ таъминоти бўлими томонидан иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ва кўп квартирали уй-жой фондини 2022/2023 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлаш мақсадида олиб борилган ишлар билан яқиндан таништириш мақсадида «Олмалиқшаҳаргаз» газ таъминоти бўлими бошлиғи Жамшид АБДУГАППАРОВнинг фикрларини ҳукмингизга ҳавола қиламиз.
- Иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ва кўп квартирали уй-жой фондини 2022/2023 йиллар куз-қиш даврида барқарор фаолият юритишини таъминлаш йўлида олиб борилган ишларга тўхталишдан олдин истеъмолчиларимиз ва газ таъминоти тармоқларимиз ва газ узатиш иншоотларимиз ҳақида қисқа маълумотларни бериб ўтишим зарур бўлади. «Олмалиқшаҳаргаз» газ таъминоти бўлими бугунги кунда 36 008 нафар аҳоли истеъмолчилари ҳамда 413 нафар улгуржи истеъмолчига хизмат кўрсатиб келаётган бўлса, шу истеъмолчиларимиздан 24 566 нафардан зиёди кўп қавватли уйларда, 11 442 нафари ҳовли уйларда истиқомат қилиб келади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 сентябрдаги «Табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш» лойиҳасини амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ 4840-сонли қарорига асосан Олмалиқ шаҳрида лойиҳани амалга ошириш ишлари олиб борилди. Жумладан, 36 008 та аҳоли хонадонларига (11 442 дона ҳовли уй, 24 566 дона кўп қаватли хонадон) замонавий электрон газ ҳисоблагичлар ўрнатилиши белгиланган бўлиб, 2023 йил 20 ноябрь ҳолатига кўра, шаҳар бўйича жами 34 616 дона (режага нисбатан 98%) (шундан: 11187 дона ҳовли уй, 23429 дона кўп қаватли уй) ҳисобдон ўрнатилди. Режага кўра яна ишлар якунига қадар 1392 та аҳоли хонадонларига электрон ҳисобдон ўрнатилиши лозим. Истеъмолчиларга юборилаётган ҳар бир куб газнинг ҳисоби юритилиши ва белгиланган тартибларда ҳисоб-китоблар олиб борилиши фаолиятимизда ниҳоятда муҳим аҳамият касб этади. Қишнинг изғиринли кунларида аҳолини етарли босимдаги табий газ билан таъминлаш йил давомида олиб борган ишларимиз асосини ташкил қилди, десам янглишмаган бўламан.
2023-2024 йиллар куз-қиш мавсумида истеъмолчиларни табиий газ билан таъминловчи турли диаметрли жами 88,8 км узунликдаги юқори ва ўрта босимли газ қувурларини босим остида зичликка ва мустаҳкамликка синаш ишлари ва 129 та, юқори, ўрта босимли газ тақсимлаш қурилмаларини жорий таъмирлаш режага киритилган. Амалда жами 88,8 км узунликдаги юқори, ўрта босимли газ қувурларини босим остида зичликка ва мустаҳкамликка синов ишлари бажарилди. Жами 129 дона юқори, ўрта босимли газ тақсимлаш қурилмалари жорий таъмирланишига муваффақ бўлинди. Газ қувурларини коррозияга учрашининг олдини олиш мақсадида 9,4 км газ қувурларини бўёқлаш режага киритилган ҳолда бу ишлар ҳам тўлиқ бажарилишига эришдик. Режага кўра, жами 17,8 км ер ости газ қувурларини ҳолатини асбоблар ёрдамида синов текшириш киритилган. Амалда жами 17,8 км ер ости газ қувурларида асбобли текширувлар олиб борилди. Ишлаб чиқилган режаларимиздан ташқари куз-қиш мавсумида аҳоли истеъмолчиларига бир маромда табиий газ етказиб бериш мақсадида «Чамбил» МФЙдаги Жалойир қишлоғида шу ҳудудда яшовчи аҳоли истеъмолчилари ёрдамида ҳашар йўли билан юқори босимли, 450 метр д-57 мм бўлган газ қувурини д-76 мм бўлган газ қувурига алмаштирилишига эришдик ҳамда 6/1 даҳасидан жами 650 метр д-76 мм бўлган газ қувури тортилиб улаш учун тайёрлаб қуйилди.
Бундан ташқари «Ўзбекистон» ва «Гултепа» МФЙларида 2 босқичли тизимга ўтган маҳаллалардан демонтаж қилинган газ қувурлари олиб келиниб, 135 метр д-76 мм бўлган газ қувури, 715 метр узунликдаги д-57 мм бўлган газ қувурини тортиш ишлари олиб айни кунларда давом эттирилаяпти. Шаҳримиз таркибига янгитдан қўшилган «Бўстон» ва «Ҳилол» МФЙ ҳудудлари газ таъминотини яхшилаш мақсадида «Бўстон» маҳалласидан 280 метр газ қувури демонтаж қилиниб, тортиш учун тайёрлаб қўйилди. Мен юқорида санаб ўтилган тадбир-режаларимиздан ташқари аҳоли томонидан ишлатилиб келинаётган газли иситиш қозонлари ва уларнинг қисмларини, замонавий тежамкор қурилмаларга алмаштириш, дудбуронлар ҳолатларини текшириш ҳамда газ қурилмалари хавфсизлигини таъминлаш борасида ҳам назоратчиларимиз ва навбатчи бригадаларимиз томонидан мақсадли ишлар мунтазам равишда олиб борилиши йўлга қўйилган. Имкониятдан фойдаланиб аҳоли истиқомат қиладиган ҳудудлардаги газ иншоотлари ва қурилмаларида қайд этилган носозликлар ҳақида бизнинг диспетчерлик хизматимизнинг 104 ва 70-614-27-16, 70-615-02-81 телефон рақамлари орқали дарҳол хабар беришларини истеъмолчиларимиздан сўраб қолган бўлар эдим. Баҳамжиҳат қилинган барча ҳаракатлар аҳолини ис газидан заҳарланиш, газ узатиш манбаларидаги авариялардан муҳофаза қилишига хизмат қилиши шубҳасиз. «Олмалиқшаҳаргаз» газ таъминоти бўлими бор куч ва техник имкониятларини куз-қиш мавсумида истеъмолчилар, ижтимоий муассасаларни талабга мувофиқ табиий газ билан таъминлашга йўналтирган.
Ҳеч биримиз турли фавқулодда ҳолатлардан кафолатли муҳофазаланмаганмиз. Биринчи навбатда газ ва вентиляция каналларининг созлигини кўздан кечириб чиқиш, газ ускуналари, тўрт паракли газ жиҳозлари, сув иситиш қозонлари ҳолатини талабга мувофиқ эканлигига ишонч ҳосил қилинг. Иситиш мавсумида газ қурилмаларидаги носозликлар катта ҳажмдаги газ истеъмолини келтириб чиқаради. Ўз вақтида соҳа мутахассислари иштирокида ўтказилган техник хизмат кўрсатишлар қўшимча чиқим харажатлардан ва кўнгилсиз ҳолатлардан муҳофаза қилишини унутманг.
![](https://olmaliqhayoti.uz/wp-content/uploads/2023/11/photo_2023-09-18_15-02-29.jpg)
![](https://olmaliqhayoti.uz/wp-content/uploads/2023/11/photo_2023-10-31_09-09-06.jpg)
![](https://olmaliqhayoti.uz/wp-content/uploads/2023/11/photo_2023-11-01_11-19-15-1.jpg)
![](https://olmaliqhayoti.uz/wp-content/uploads/2023/11/photo_2023-11-20_11-18-38.jpg)
Ҳасан Абдуллаев,
ёзиб олди.