Бугунги кунда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини ҳар томонлама ҳимоя қилиш давлатимизнинг устувор вазифаларидан бирига айлангани рост. Бу бўйича Президентимиз томонидан муҳим қарор ва ҳужжатлар имзоланиб, уларнинг ижросини амалда кўриб келмоқдамиз. Республикамизнинг 28 та туман-шаҳарларида эксперимент сифатида ташкил қилинган «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази ҳам шулар жумласидандир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2023 йил 28 сентябрдаги “Аҳолига ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-319-сонли қарорига асосан, ижтимоий ҳимояни маҳалла даражасида ташкил этиш, ижтимоий хизмат ва ёрдамларни комплекс ёндашув асосида кўрсатиш, аҳолининг оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолишининг олдини олиш, аҳолининг кўмакка муҳтож қатлами ижтимоийлашувини таъминлаш мақсадида, жорий йил 15 октябрдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ижтимоий ходимлар гуруҳлари томонидан ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар кўрсатишнинг янги тизими йўлга қўйилди.
Туман (шаҳар)лардаги “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларидаги ижтимоий ходимлар гуруҳларининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари қуйидагилардан иборат:
- оғир аҳволга тушиб қолган ва оғир аҳволга тушиб қолиш хавфи юқори бўлган шахслар ва оилаларга бевосита маҳалла даражасида комплекс ёндашув асосида профессионал ижтимоий хизматлар кўрсатиш;
- ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолининг эҳтиёжлари ва мавжуд имкониятларини баҳолаш орқали уларга индивидуал тартибда ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар кўрсатиш режаларини (кейинги ўринларда — индивидуал ижтимоий хизматлар режаси) ишлаб чиқиш;
- индивидуал ижтимоий хизматлар режасига мувофиқ ижтимоий хизматлар ва ёрдамларнинг кўрсатилишини ташкил қилиш, шунингдек, зарур ҳолларда индивидуал ижтимоий хизматлар режасига тегишли тузатишлар киритиб бориш;
- ички ресурсларни, шу жумладан ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича кўнгиллиларни (қариндошлар, қўни-қўшнилар, волонтёрлар) ижтимоий хизмат ва ёрдамлар кўрсатишга жалб қилиш ҳамда уларнинг мазкур соҳадаги фаолиятини мувофиқлаштириш;
- аҳолига давлат томонидан кафолатланган ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар тўғрисида, шунингдек, аҳолининг мазкур хизматларни олишга бўлган ҳуқуқлари бўйича тушунтириш бериш.
Бунда, давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар кўрсатишда ижтимоий ходимларга ҳар томонлама кўмак бериш бўйича шахсан масъул ва жавобгар ҳисобланади.
2023 йил 15 октябрдан бошлаб талабгорларни ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ёки ёлғиз кекса ва ногиронлиги бўлган шахс деб эътироф этиш ёки бекор қилиш, шунингдек, ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар рўйхатига киритиш (ундан чиқариш) «Инсон» ижтимоий хизматлар марказларининг қарорига асосан амалга оширилади.
«Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари директорларига муайян яшаш жойига эга бўлмаган ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини Агентлик ҳузуридаги уй-жой фондига эга бўлган муассасаларга олти ой муддатгача вақтинча рўйхатдан ўтказиш ҳуқуқи берилади.
Агентлик ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари тазйиқ ва зўравонликка учраган хотин-қизлар ва болалар билан ишлаш бўйича ваколатли орган ҳисобланади.
Фарруҳ Тўрақулов,
Бош прокуратура бошқарма прокурори.