Image default
Жамият

ҚИЗИҚИШ ВА ҲАЙРАТ НУҚТАСИ

“Олмалиқ кон-металлургия комбинатида қазиб олинаётган маъдан таркиби қанчалик бой, таркибида олтин кўпми кумушми?”
“Комбинат заҳираси яна қанча йилларга етади?”
“2030 йилга етиб комбинат таркибида дунёдаги энг катта кон бўлиши деган гаплар қанчалик ҳақиқатга яқин?”…

Айнан мана шу саволлар 17 ноябрь куни ташкил этилган пресс-турнинг барча журналистларни қизиқтирган ва ҳайратлантирган нуқтаси бўлди дейиш мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан Олмалиқ кон-металлургия комбинати билан ҳамкорликда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ахборот хизмати раҳбарлари ҳамда ОАВлари вакиллари учун ташкиллаштирилган пресс-тур пухта тузилган кун тартиби, қизиқарли маълумотлар, самимий суҳбатлар асносида бўлиб ўтди, дейиш мумкин. Анъанавий кофе-брейкдан сўнг пресс-тур иштирокчилари Ахборот хизмати фаолияти ҳамда гигант корхонанинг тарихий солномаси, бугунги куни акс этган музей билан танишдилар.

65 ЙИЛЛИК “ОТАХОН” КОНГА САЁҲАТ
Пресс-тур қатнашчиларининг навбатдаги манзили-дунёдаги энг йирик кон-Қалмоққир кони бўлди. 1959 йилда фойдаланишга топширилган мазкур кондан шу кунга қадар 1 215 368 000 метр куб тоғ жинси ташилган бўлиб, 1 428 745,3 минг тонна руда қазиб олингани яна бир муҳим статистика.
“Отахон” кон мақомидаги “Қалмоққир” кони 3 та каръер-Устки, Шарқий ва Марказий каръерларидан иборат. Биргина жорий йилнинг ўзида кондан 35 800 минг тонна руда қазиб олиниши режалаштирилган.

ОЛТИНЛАРГА БОЙ МАКОН:“Yoshlik-1”
“Қазиб олинаётган маъданлар таркибида олтин кўпми ёки мис?деган энг кўп берилган саволлар бу ерга келгач ўз жавобини топди, дейиш мумкин. SRK Consulting” компаниясининг хулосасига кўра, “Yoshlik-1” кони дунёдаги маъдан таркибида олтин ҳажми бўйича йирик кон дея тан олинган. Алоҳида таъкидлаш керакки, олтин ҳажми бўйича комбинат заҳиралари биринчи ўринни, мис конларидаги маъдан ўртача олтин таркиби бўйича иккинчи ўринни, маъдан ҳажми бўйича учинчи ўринни, таркибидаги мис ҳажми бўйича эса олтинчи ўринни эгаллайди.
Комбинатни ривожлантириш концепцияси доирасида “Yoshlik-1” конини ўзлаштириш ва 3-Мис бойитиш фабрикасини қуриш ишлари олиб борилаётгани гигант корхонанинг улкан лойиҳаларидан дарак беради, албатта. “Ёшлик-1” конини ўзлаштириш натижасида биринчи босқичда (2021-2025 йй.) 300 минг тонна, иккинчи босқичда (2024-2028 йй.) 400 минг тонна, учинчи босқичда (2026-2030 йй.) 500 минг тонна мис катоди ишлаб чиқарилади.
Ҳозирда “Ёшлик-1” конини ўзлаштириш ва 3-Мис бойитиш фабрикасини қуриш доирасида йилига 60 млн тонна маъданни қазиб олишга кон тўлиқ тайёрланди. Бунинг учун 170 млн куб метр бўш тоғ жинслари қазиб олинди. Натижада, ҳозирда кон узунлиги 3,7 км, ени 2,3 км ва чуқурлиги 90 метрга етган. Бошқа фабрикалардан фарқли ўлароқ, коннинг ўзида маъданларни биринчи майдалаш-юклаш қурилмаси барпо этилди. Узунлиги 4,2 км узунликдаги магистрал конвейерлар маъданни фабрика хом-ашё омборига ташишга тайёрланди. Ушбу конвейер линиясининг ўзига хос жиҳатларидан бири –ер рельефидан келиб чиққан ҳолда баландлиги 44 метр бўлган кўприк орқали ўтади. Конвейер линиясида маъданни ташиш тезлиги секундига 7 метрни ташкил этади. Конвейер тизимининг жорий этилиши маъданни ташиш ҳаражатларини камида 30 фоизга камайтиради.
Мега лойиҳа доирасида қурилаётган 3-Мисни бойитиш фабрикасининг қурилиш жараёни ҳам пресс-тур иштирокчиларида катта таассурот қолдиргани уларнинг юз кўзларидан билиниб турарди…

БАРДАВОМ МАНЗИЛЛАР
Маҳаллийлаштириш бўйича комбинатнинг энг етакчи жабҳаси бўлган Марказий таъмирлаш механика заводи, Ўзбекистондаги “номер один” пансионатлардан бири бўлган санаторий-профилакторий, пресс-тур иштирокчиларининг навбатдаги манзили бўлди. Иштирокчилар ОКМК спорт мажмуасида ҳам бўлишиб, гандболчи аёлларнинг қизғин ва жўшқин баҳсларига гувоҳ бўлдилар. Шундан сўнг комбинат спортчилари эришаётган ютуқлар ва зафарлар шодаси билан танишдилар.
Фараҳли ноябрнинг ложувард уфқи фонида тадбирга келган журналист-у блогерлар, таниқли оммавий ахборот воситалари вакиллари “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ниҳол экиш акциясини ҳам амалга оширдилар. ОКМК спорт мажмуаси ҳудудида “МАТБУОТ КОТИБЛАРИ БОҒИ” ташкил этилди.

ИНТИҲОДАГИ ЎЙЛАР…
Заъфарон куз — донишманд, серҳосил… У менга 2030 йилга бориб ҳозирда биринчи бўлган Чилидаги конларни ортда қолдириб катталиги бўйича дунёдаги энг катта конга айланиши кутилаётган “Қалмоққир”ни эсга солади. Экилган новдалар эса 38 минг кишилик меҳнат жамоасини жам қилган комбинатда фаолият юритаётган ҳар бир ишчининг умиди, фаровонликка интилиши рамзи деб билдим…

Дилафрўз Эгамбердиева.

МАВЗУГА ОИД

МАҚСАД: ТИРБАНДЛИКЛАРНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ

admin

МАҚСАДИМИЗ — МАЛАКАЛИ МУТАХАССИСЛАР ТАЙЁРЛАШ

admin

ВАТАН ҲИМОЯСИ – ОЛИЙ САОДАТ

admin

БУ МИЛЛАТНИНГ ОНАСИ БЎЛИШ ОСОН

admin