ОИВ инфекцияси башарият олдида турган долзарб муаммолардан бири ҳисобланади. Ҳозирда бу касаллик рўйхатга олинмаган биронта минтақа, мамлакат қолмади дейилса муболаға бўлмайди. Ушбу касаллик тарқалишининг олдини олиш бўйича 1987 йилда “Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)нинг ОИТСга қарши кураш масалалари бўйича глобал стратегияси” қабул қилинди. Халқаро БМТ ва ЮНАЙДС ташкилотининг мақсади: “ОИВ инфекцияси билан янги зарарланишлар сонини нолга тушириш”, “дискриминациянинг янги ҳолатлари сонини нолга тушириш” ва “ОИТС билан ўлимлар сонини нолга тушириш” бўлиб, ушбу мақсадларга эришиш учун “95-95-95” стратегияси, яъни ОИВ инфекцияли шахсларнинг 95%и ўз мақомини билиши, ОИВ инфекцияли шахсларнинг 95 фойизи вирусга қарши дори билан қамраб олиниши, олаётган беморларнинг 95 фойизида аниқланмас вирус юкламаси бўлиши натижасида — 2030 йилга бориб ОИВ инфекцияси эпидемиясига барҳам беришдир.
ОИТСнинг биринчи ҳолатлари қайд этилганидан бери қирқ йил вақт ўтди, аммо шу кунгача ОИВ инфекцияси бутун дунёда глобал таҳдидлигича қолмоқда.
2021-2026 йилларга мўлжалланган ОИТСга қарши глобал стратегия: Тенгсизликка чек қўйиш, ОИТСга барҳам бериш ва 2021 йилдаги ОИТС бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Олий даражадаги йиғилишида қабул қилинган ОИТС бўйича Сиёсий декларацияси ҳам алоҳида тенгсизлик муаммолариги қаратилган.
ЮНЭЙДСнинг берган маълумотларига кўра дунёда ОИВ инфекцияси бўйича эпидемик вазият барқарорлашган бўлиб, дунёда 2022 йилда 39 млн. ОИВ инфекцияси билан яшаётган шахслар ҳисобга олинган, ОИТС асоратларидан вафот этганлар – 630 минг нафарни ташкил этади, жорий йил эса 1,3 млн. шахс ОИВ инфекциясини юқтириб олган. Тошкент вилоятида 2022 йил якуни бўйича ОИВ инфекцияси билан яшаётганлар сони — 7223 нафар, 2023 йил 10 ойида юқтириб олганлар сони – 504 нафарни ташкил этмоқда.
Республика, шу жумладан вилоят ҳокимлиги ҳам бу мақсадларга эришиш учун халқаро ҳамда тегишли давлат ва нодавлат ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириб келмоқда.
Президентнинг 2023 йил 20 январдаги ПҚ -14-сонли Қарори ва 2022 йил 21 февралдаги Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида одам иммунитет танқислиги вируси инфекцияси тарқалишига қарши кураш бўйича ёшлар фаоллигида олиб бориладиган тизимли тарғибот тадбирлари концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги 84-сонли Қарори билан махсус Концепция қабул қилинди. Унинг асосий мақсади аҳоли ўртасида одам иммунитет танқислиги вируси инфекцияси тарқалишини камайтириш ва ушбу касаллик бўйича аҳолининг хабардорлигини ошириш ҳисобланади.
Мазкур Қарор ижросини таъминлаш юзасидан “1 декабрь — Бутунжахон ОИТСга қарши курашиш куни муносабати билан “Соғлом ҳаёт сари биргаликда” шиори остида алоқадор ташкилот ва идоралар раҳбарлари ўртасида чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.
Мазкур режа асосида вилоят, Соғлиқни сақлаш бошқармаси, Ички ишлар бош бошқармаси, ОИТСга қарши курашиш маркази, Ёшлар ишлари агентлиги, Мусулмонлар идораси вакиллиги ва бошқа алоқадор ташкилотлар билан ҳамкорликда “Соғлом ҳаёт сари биргаликда” шиори остида акция ўтказилиб, акция доирасида ёшлар ўртасида деворий газеталар танлови, ёшларнинг бу борадаги билимларини янада ошириш учун “Очиқ эшиклар куни”, давра суҳбатлари, кенг жамоатчилик ва ёшларнинг ОИВ “статуси”- ОИВ инфекцияси бўйича мақомини аниқлаш акциялари ўтказилиб, бу тадбирларда нуфузли ўринни эгаллаган ғолиблар фахрий ёрлиқлар ва бошқа қимматли совғалар билан тақдирланмоқда. Мазкур тадбирнинг асосий мақсади аҳоли орасида ОИВ инфекцияси эпидемиясини ҳаракатлантирувчи кучларни ўрганиш ва аҳоли ўртасида ОИВ инфекциясини эрта аниқлаш, ёшларнинг яна бир бор ўз билимларини синаб кўриши ва бугунги кунда барча халқларни ташвишга солаётган, кўпчиликнинг соғлиғига путур етказиб, каттаю-кичик ҳаётига хавф солаётган, халқ тилида СПИД деб аталувчи, ОИВ/ОИТС касаллигидан сақланишга чақиришдан иборатдир.
Аҳмаджон Айитбаев,
Тошкент вилояти ОИТСга қарши курашиш маркази санитария врачи.