Image default
Жиноят ва жазо

РАШК4 НАФАР ФАРЗАНДНИ ЕТИМ ҚОЛДИРДИ

Оила — муқаддас, фарзандлар эса Яратганнинг бебаҳо неъматидир. Бу неъматнинг қадрига етиб, асраб-авайлаш, тўғри тарбия бериш учун ота-онанинг ўзлари шахсий намуна бўлиши шарт. Аммо, фарзандларга оила тилсимларидан сабоқ бериш нарёқда турсин, ҳатто ўзига тўғри йўл тополмаётган ота-оналар ҳам, афсуски, орамизда учраб туради. Бу кабиларга фарзанд увол, дейиш тўғри бўларди.

Пискент тумани “Мустақиллик” МФЙда Маҳмуд ва Мунисанинг (исм-фамилиялар ўзгартирилган) оила қурганларига 15 йил бўлиб, ўртада 3 ўғил ва бир қиз фарзандлари бор эди. Маҳмуд ОКМК АЖда ишчи, уйда қайнонаси билан бирга яшаганлиги боис, Муниса ҳам маҳалласидаги боғчада тарбиячи бўлиб ишларди. Оиланинг тўнғич фарзанди 13 ёш, кенжаси 5 ёшга кирганида уларнинг оиласида турли келишмовчиликлар чиқа бошлади. Ўртадаги келишмовчилик туфайли Маҳмуд доимий равишда Мунисага қўл кўтариб, ҳақоратлар, “аммангга ўхшаб фоҳишасан” дея таъна қилиб, тан-жароҳатлари ҳам етказа бошлади. Натижада 2022 йилнинг ёз ойида эр-хотин ажрашиш учун судгача бориш ҳолатига келди. Маҳмуднинг асоссиз рашки васвасага айланиш даражасига келдики, 2023 йилнинг 22 июль куни у маст ҳолатда соат 17:30ларда Олмалиқ шаҳри Навоий кўчасидаги уйда яшаб келаётган турмуш ўртоғи М.Нишоновани бегона эркаклардан рашк қилиб, Мунисанинг бўйин соҳасига 5 маротаба ошхона пичоғи билан тан жароҳати етказиб қасддан ўлдирди.
…Ҳаммаси Мунисанинг шифохонага ётишдан олдин уйида унутиб қолдирилган телефонидаги телеграм ижтимоий тармоғига нотаниш инсондан келган ёзувдан бошланди. Дастлаб ёзувни Маҳмуднинг онаси ва синглиси ўқиди ва телефон орқали Мунисанинг номидан нотаниш кимсага жавоб қайтарди. Шундан сўнг катта жанжал бошланиб, жанжал қудаларнинг даҳанаки тортишувига ҳам сабаб бўлди. Маҳмуд Мунисанинг талоғини берди. Бир неча кундан сўнг маҳалладаги имом домлалар “4 нафар фарзандларинг бор” дея Маҳмудни Муниса билан қайта никоҳлаб қўйишди. Мунисага “ҳимоя ордери” берилди. Аммо 15 кунлардан сўнг Маҳмуд Мунисага “ишламайсан” деган шарт қўйганидан сўнг ўртада яна келишмовчилик юзага келиб, Муниса 7 ёшли қизи ва 6 ёшли ўғлини олиб, эрининг уйдан чиқиб кетди. Муниса қишлоғидаги отасининг уйига ҳам сиғмаганидан кейин Олмалиқ шаҳридаги кўп қаватли уйлардаги хонадонни ижарага олиб яшай бошлади. Ажрим тўғрисида судга мурожаат қилинди ва белгиланган тартибга кўра суд томонидан уларга 6 ой муддат берилди. Судда Муниса эридан 3 хонали уй олиб бериш шарти билан расман ажрашишга рози бўлишини билдирди, аммо улар яшаган уй қайнонанинг номида бўлгани учун уйни бўлиб бўлмасди. Натижада МИБ орқали Муниса 2023 йилнинг 17 июль куни мажбурий тартибда қайнонаси, эри яшаётган уйга киритиб қўйилди. Муниса бу пайт автомактабда ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш учун ўқир, боғчада ҳам ишларди. Шу сабабли, тез-тез Олмалиқ шаҳрига келиб турарди. 22 июль куни ҳам Муниса Олмалиқдаги бозорда иши борлигини айтиб уйидан чиқиб кетганди. Маҳмуд аёлининг гапига ишонмай ишдан жавоб олиб, Муниса бироз муддат аввал ижарада яшаган хонадонга борди ва Мунисанинг бўғзига алам устида қайта-қайта пичоқ тортди…
Суд залида Маҳмуд Нодировга нисбатан суд ҳукми ўқилиб, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 97-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди ва М.Нодировга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 97-моддаси 1-қисми билан 11 (ўн бир) йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Хулоса шуки, ушбу оиладаги инқирозга учинчи шахслар, яъни қайнона ва қайинсингилнинг аралашуви ҳам сабаб бўлган. Илмсизлик, маънавиятсизлик, асоссий рашк, гумон бир оиланинг пароканда бўлишига, тўрт нафар вояга етмаган фарзанднинг “етим” деган тамғани олишига сабаб бўлди…

Рустам Сувонов,
шаҳар прокурори катта ёрдамчиси.

МАВЗУГА ОИД

ХАТО ҚИЛСАНГ, ХАРАЖАТИНГ КЎПАЯДИ

admin

СЕЛ ТОШҚИНЛАРИ НЕЧА КУН ДАВОМ ЭТАДИ?

admin

ТАВБАСИГА ТАЯНМАГАН ТОВЛАМАЧИ

admin

ҲАР ИККАЛА ЁШНИНГҲАМ ОРЗУЛАРИ БИР ОЛАМ ЭДИ, АММО…

admin