Банкдан кредит олаётиб уни қайси усулда сўндириш ҳақида бош қотирганмисиз? Хўш, аннуитет ёки дифференсиал — қай бири фойдалироқ?
Аннуитет тўлов усули
Аннуитет усулда сиз кредитингиз учун ҳар ой бир хил суммада тўловларни амалга оширишингиз керак бўлади.
Бунда асосий қарз ва фоиз суммаси ҳар ойда ўзгарса ҳам, умумий тўлов миқдори ўзгаришсиз қолаверади.
Айтайлик, сиз банкдан бир йил муддатга 27 фоиз ставкасида 10 млн сўм кредит олдингиз. Бунда сизнинг ойлик тўловингиз тахминан 960,1 минг сўмдан бўлади.
Якунда эса банкка умумий 11 млн 522 минг сўм миқдорида кредит тўлаган бўласиз.
Дифференциал тўлов усули
Ушбу услубда сиз ҳар ойда кредит учун унинг суммасидан келиб чиқиб бўлинган миқдорларда тўловларни амалга оширасиз.
Бунда ҳар ой асосий қарз бўйича бир хил сумма тўлаб борилади, фоиз тўловлари эса кредит қолдиғи камайиб бориши билан бирга аста-секин камайиб боради. Яъни биринчи ойларда тўлов миқдори юқори бўлади ва ҳар ой камайиб боради.
Дейлик, сиз юқоридаги шартларда яна кредит олдингиз. Бу сафар кредитни дифференсиал усулда сўндириб бормоқчисиз.
Демак, сизнинг биринчи ойлик тўловингиз қарийб 1 млн 63 минг сўмни ташкил этади ва бу миқдор ҳар ойда камайиб, 12-ойга етганда деярли 853 минг сўмга тушади.
Шундай қилиб якунда сиз банкка тахминан 11 млн 467 минг сўм миқдорида кредит тўлаган бўласиз.
Қайси бири фойдали?
Солиштирув натижаларидан келиб чиқади-ки, дифференциал тўлов усули аннуитетга нисбатан қарийб 55 минг сўмга фойдалироқ бўлди. Яъни биринчи ҳолатда тўловлар миқдори бирмунча кўпроқ.
*ушбу ҳисоб-китоблар ахборот берувчи характерга эга ва сизни қизиқтирган банкнинг ҳисоб-китобларидан фарқ қилиши мумкин.